Ассалому алайкум. Аёл она бўлгач, ширин ҳиссиётлар оғушида қолади. Зурриёдини авайлаб кўтаради. Меҳр билан боқади. Жажжи инсоннинг илк кунлариданоқ ўзига мос бўлган озуқани етарлича олиши Худонинг режаси эди. Жажжи чақалоқ мириқиб етарлича сут ичади. Бироқ кўп ҳолларда қайноналарнинг ёки оналарнинг келини ёки қизи боласини эмиза олмаётганидан шикоят қилганларини эшитиб қоламиз. Улар шундай ҳолатларда «Сути қочибди», деган сўзни ишлатишади. Аслида фарзанд кўрган аёлнинг кўкрагидан сут келмаслиги ёки сути қочишига нима сабаб бўлади?
Мутахассис шифокорларнинг таъкидлашича, сут безлари фаолияти сусайиши кўкракда сут бўлмаслигига олиб келади. Бирламчи гипогалактия кам учрасада, болани эмизишда муаммоларни келтириб чиқаради.
Иккиламчи гипокалактия кўпроқ учрайди. Бунда она кўкрагида дастлаб етарлича сут бўлади, лекин аста-секин сут ҳосил бўлиш жараётни сусаяди. Кўпинча чақалоқларнинг эҳтиёжини қондира олмайдиган даражада оз сут ажралади. Гипогалактиянинг бирламчи тури аёл фарзанд кўрган илк ўн кун ичида кўкракда сут етишмаслиги туфайли юзага чиқади. Иккиламчи тури эса туғруқдан кейин гўдакни эмизиш зарур блган даврда сут камайиши билан ифодаланади. Аёл организмида нейрогормонал бузилишлар, ички аъзоларда айрим касалликлар бўлиши, шунингдек сут безларининг етарлича ривожланмаганлиги сут қочишининг бирламчи турига сабаб бўлади. Иккиламчи турдаги сут қочишига қуйидаги ҳолатлар сабаб бўлади. Жисмониий чарчоқ ва асаб зўриқиши, маститга чалиниш, сут безлари учининг ёрилиши, юқумли касалликлар ва бошқалар.
Бундан ташқари болани эмизиш тартибининг бузилиши, яъни эмизишлар орасидаги танаффуснинг узоқлиги кўкракда сут ҳосил бўлишининг камайишига олиб келади. Туғруқдан сўнг кўкракда сут бўлмаслиги ёки сутнинг жуда кам келиши жиддий муаммо. Бунинг олдини олиш учун ўша дамда эмас, анча эртароқ бошлаш керак. Масалан, қиз болага оилада бўлажак она деб қараш ва унинг тўлақонли овқатланишига аҳамият бериш керак. Болаликда оғир ва юқумли касалликлар билан кўп оғриган, спорт машқлари билан етарлича шуғулланмаган қизларда ҳам сут безларининг ривожланмай қолиш ҳоллари рўй беради. Қиз бола турмушга чиқиб бўйида бўлгач, ўзини оналикка ҳар жиҳатдан тайёрлаши шарт. У тўғри овқатланиши, тозаликка риоя қилиши, пахта ва ипдан тайёрланган кийимлар кийиши, кўкракни қисмайдиган сийнабанд тақиши лозим. Шунинг баробарида кўкрак безларини бармоқ учи билан енгил уқалаб турса ҳам бўлади.
Ҳар бир аёл учун 21-35 ёшлар фарзанд кўриш даври ҳисобланади. Мана шу йилларда у она бўлишни режалаштирса, албатта, кўкрак безларини ҳам парваришлаш зарур. Агар сут безлари кичкина бўлиб, учи етилмай қолса, албатта шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда махсус уқалаш машқларини ўтказиши лозим. Шунингдек, ҳомиладорлик ва эмизикли даврида аёл стрессларга йўл қўймаслиги, қаттиқ қўрқиш, ҳаяжонланиш, хавотир ва қайғулардан ўзини асраши зарур. Аёлни шундай ҳолатлардан асраб авайлаш унинг турмуш ўртоғига, қайнонасига ва онасига берилган катта масъулиятдир. Бола ҳар томондан соғлом туғилиб ўсиши нафақат онага, унинг атрофидаги оила аъзоларига ҳам бирдек тегишлидир. Аёл соғлиғи, муаммолари ва ечими ҳақида бизнинг www.najot.com сайтимиз сизга етарлича маълумот бера олади.