3:41

Ажрашиш ҳақида

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Ҳар бир инсон бахтли бўлишни истайди, аммо афсуски истакнинг ўзи етарли эмас. Бахтли бўлиш учун эр ҳам хотин ҳам баравар ҳаракат қилиши лозим. Беш қўл баробар эмас, шундай экан ҳаётимизда турли ҳолатдаги оилаларни кўрамиз. Баъзи оилаларда аёл нодон ва худбин бўлса, бошқа оилаларда эр ароқхўр, золим ва худбин. Шу сабаб кўп оилалар бузилиб кетган, бошқалари бузилиш арафасида турибди. Эрни ҳам хотинни ҳам яратган Худованд ажрашиш масаласида нима дейди? Бу ҳақида Муқаддас Каломда нима ёзилган? Келинг, Чиқиш китобига бир назар ташлайлик: “Бирор одам ўз қизини чўриликка сотса, у қиз, эркаклар сингари, олти йил тугамагунча озод бўлмайди. Агар қиз бирортасига сотилса–ю, ўша одам унга уйланишни ният қилган бўлса, аммо у қизни ёқтирмай қолса, қиз отасига қайтариб сотилсин. Хўжайин қизни бегоналарга сотиши мумкин эмас.

Акс ҳолда, келишувни бекор қилишга олиб келган бўларди. Хўжайин қизни сотиб олганда, ўртада келишув бўлган. Борди–ю, қизни ўғлига чўри қилиб сотиб олиб берган бўлса, унга қизидай муомала қилсин. Агар хўжайин чўрига уйланиб, сўнгра бошқа хотинга уйланган бўлса, чўрини озиқ–овқат ёки кийим–кечакдан, ё хотини сифатида у билан ётишдан маҳрум қилмасин. Агар ўша одам ана шу учта йўлни чўрига қилмаса, чўри қарз бўлмасдан, пул тўламай кетаверсин.” Бу парчада оддий никоҳ эмас, қул билан бўлган никоҳ ҳақида ёзилган. Маълумки, қуллар озод одамлардан кўра камроқ ҳуқуққа эга бўлган. Шунга қарамай, Худованд ҳамма одамлар ҳақида қайғуради. Бу текстга кўра, қул-хотин озод бўлиш ва турмушидан ажрашиш ҳуқуқига эга бўлган. Агар қул-хотин озиқ-овқат, кийим-кечак ва эри билан бирга яшаш ҳуқуқига эга бўлган бўлса, озод хотиннинг ҳам буларнинг ҳаммасига ҳақи бор.

Агар хотин шундай ҳуқуққа эга бўлса, унда эр ҳам табиийки шундай ҳуқуққа эга. Худо берган қонунда шундай ёзилган, “Агар бирор киши уйланса–ю кейинчалик хотинидан бирорта уятли қилиқ топиб, уни ёқтирмай қолса, унинг қўлига талоқ хати ёзиб бериб, уйидан чиқариб юбориши мумкин. Қонунлар китобининг бу парчасида ажрашиш ва унинг оқибатлари ҳақида айтилган. Худо инсонларга ажрашишга изн берган бўлса ҳам, У буни ёқлайди дегани эмас. “Хотинидан нафратланиб, ундан ажрашган эркак ўз ҳимояси остида бўлган хотинига шафқатсизлик қилган бўлади”, — дейди Исроил халқининг Худоси — Эгамиз. “Шу боис ҳушёр бўлинглар, хиёнат қилманглар”, — дейди Сарвари Олам.” Худованд оилани ажрашиши учун эмас, бир-бирларини севиб, ҳурмат қилиб Худога улуғворлик келтиришлари учун яратади. Бу муносабатни Худованд Масиҳнинг жамоати билан муносабатига таққослайди.

“Эй, хотинлар, сиз Раббимиз Исога қандай бўйсунсангиз, эрларингизга ҳам шундай бўйсунинглар. Масиҳ имонлилар жамоатининг боши бўлгани каби, эр ҳам хотиннинг бошидир. Масиҳ Ўз танаси бўлган жамоатнинг Нажоткоридир. Жамоат Масиҳга қандай тобе бўлса, хотинлар ҳам ҳар жиҳатдан ўз эрларига шундай тобе бўлишлари керак. Эй, эрлар, Масиҳ жамоатни яхши кўриб, Ўзини жамоат учун фидо қилганидай, сизлар ҳам хотинларингизни шундай яхши кўринглар. Масиҳ жамоатни сув ва Худонинг каломи орқали поклаб, муқаддас қилиш ниятида Ўзини фидо қилди. Жамоатни Ўз ҳузурига келтирганда, жамоат ҳар қандай ғубор, ажин ва доғдан ҳоли бўлиб, улуғвор, муқаддас ва бенуқсон бўлиши учун Масиҳ шундай қилди.” Худо ажрашишга рухсат беради, аммо буни ёқламайди. Бундай ишимиз Уни мамнун қилмайди. Шундай экан, фақат Уни мамнун қиладиган ишларни қилишга бел боғлайлик.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top