3:32

Воизлик 114

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азиз мухлисларимиз билан радио орқали бўлсада учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Микрофон олдида мен Ғолиббек. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, келинг, эшитиришимиз бошида бир саволни ўртага ташласак.

Бизнинг яъни масиҳийларнинг душмани ким?

Биз ким бўлишимиздан қатъиназар, яшашимиз ва тирикчилик учун қандай йўсин пул топаётганимиздан қатъиназар, ҳаммамизни фақат бир нарса ҳаётимиз давомидаги кураш бирлаштиради. Ҳар бир киши умри давомида баъзи муаммоларга дуч келиши аниқ. Масалан, моддий қийинчиликлар, ишсизлик, шахсий адоватлар, турли шикастланишлар, айниқса ҳозирги кунда кўпайиб бораётган турли хасталикларга дуч келамиз.

Барибир барчамизнинг ҳаётимиз вақти келиб ўз поёнига етади. Чунки ҳеч биримиз бу дунёда абадий қололмаймиз. Ҳазрати Аюбнинг дўсти Элифаз айтганидек, «Бироқ инсон юқорига интилаётган учқун каби азоб-уқубатда туғилади». Аюб китоби 5 боб 7 оят. Ҳар биримиз кўп маротаба эшитган бўлсак керак, инсон юқорида санаб ўтган қийинчиликларга дуч келганида, албата, кимнидир айбдор деб билади.

Кўпинча эса Худованд мени севмайди, У мени ёки оиламни ташлаб қўйди деб нолиймиз. Аслида ҳам шундайми? Муқаддас Руҳ бизга бошқа бир нарсани бундай кўнгилсизликларни келтириб чиқарадиган ҳалокатли манбаани эътиборга олиш кераклигини айтади. Ҳаворий Павлус бу ёвузлик булоғини самовий оламнинг «ҳокимлари» ва «ҳокимиятлари» деб атайди.

Шунингдек у биз Қодир Худога ёки бошқа одамларга қарши эмас, балки «самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга» қарши курашишимиз керак, деб таъкидлайди Эфесликларга мактубининг 6 боби 11 ҳамда 12 оятларида. Албатта, бу борада инсоннинг ҳам ўзига яраша айби ва айбига яраша жавобгарлиги бор. Павлус бизнинг энг катта душманимиз одамлар эмаслигини аниқ кўрсатиб ўтган. Гуноҳ ва шайтон ― ҳақиқий душманимиздир.

Биз мана шу кучли рақибларга қаршилик кўрсатишни истасак, улар билан ўзларининг майдонида самовий оламда, жангга яроқли қурол-аслаҳалар билан жанг қилишимиз зарур бўлади деб ёзади Эфесликларга мактубининг 6 боби 12 ҳамда 14 оятларида. Ҳозирги замон одамларини бу нарсага ишонтириш жуда қийин, албатта. Чунки, одамлар онггидаги инсоний ва дунёвий фикрлаш илоҳий бошқарув ҳақидаги тушунчаларни қабул қила олмайди ва уни қадимдан қолган хурофот, деб ҳисоблайди.

Муқаддас Ёзувлар Худонинг муқаддас Каломи бу дунёда ҳукм сураётган ёвузлик ҳақида жуда аниқ қилиб гапиради. Шундай экан, ҳурматли радио тингловчилар, доимо сергак бўлайлик.Токи шайтон бизни ғафлат бостириб ўз ниятини амалга оширмасин. Демак бизнинг бу дунёдаги душманимиздан доимо эҳтиёт бўлишимиз зарур. Яна радио орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top