3:08

Воизлик 116

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Азизлар, бугунги эишттиришимиз орқали сизлар билан Худованднинг каломи асосида бўлишмоқчимиз.

Ҳурматли биродарлар, ҳозирги замонда имонли биродарлиримизнинг Худованддан ўз ибодатлари орқали қиладиган илтижолари жуда кўпдир. Масалан, ҳозирги кунда дунёда инсонлар орасида бир-бирига меҳр-оқибат етишмайди. Шунинг учун ҳам Худованддан инсонларнинг бир-бирига меҳрли бўлишларини сўрашимиз зарур.

Дунё ва унда яшаётган инсонлар биз масиҳийларга қанчалик шавқатсиз бўлса ҳам ҳаракат қилайлик уларни севишга. Шундагина Раббимиз Исо Масиҳ сиз билан бизга буюрган амрларини бажарган бўламиз. Раббимиз Ўз амрларидан бирида душманларимизни севишимизни айтади. Тўғри, бу анчайин мушкул. Лекин Худованд шуни истайди.

Худованднинг истагини бажариш эса биз масиҳийларнинг энг асосий вазифасидир. Худованд айтганидай қилишга ўрганайлик. Балки кимдир устимиздан кулар, балки айрим муаммоларга дуч келармиз. Лекин шахсан мен ишонаман, вақти-соати келиб Худованднинг ҳақиқати юзага чиқади.

Шунда юрагимиздан тўғри қилганимизни ҳис эта оламиз. Юрагимизга тинчликни ва хурсандчиликни ато этган Муқаддас Руҳга миннатдор бўламиз. Дунё кимгадир шафқатсиз бўлиб турган бир пайтда, унга нисбатан яхши муносабатда бўлиш анча мушкул. Агар бу фикримизни бошқачароқ айтадиган бўлсак, сизга ёмонлик қилган инсонга нисбатан яхшилик қилиш анча мушкул.

Лекин Раббимиз Римликларга мактубида ёмонликни яхшилик билан енгиш мумкинлигини айтади. Шундай пайтларда Раббимиз Исо Масиҳнинг бошдан кечирган ҳаётини кўз олдингизга келтиринг. Халқ ва Олий Руҳонийлар Раббимиз билан қанчалик қўпол муносабатда бўлишган. Лекин Исо Масиҳ уларнинг ҳеч бирини жазоламади.

Аксинча, доимо уларга Осмон Шоҳлиги ҳақида гапириб, улар ҳам Худованд билан бирга жаннатда бўлишлари мумкинлигини билдирар эди. Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳаёти доимо ҳар биримиз учун намуна бўлмоғи керак. Ҳар бир қаршилик кўрсатувчи доимо Худованднинг кўз ўнгида бўлади. Керак бўлса, Худованд шундай инсонлар билан Ўзи жанг қила олади.

Шу пайтгача Отамиз Худованд бирон жангда мағлуб бўлмаган, бундан кейин ҳам шундай бўлишига шахсан мен ишона оламан. Азиз радио тингловчилар, Раббимиз Исо Масиҳ ҳаётда бўладиган қийинчиликлар ҳақида ҳар биримизни огоҳлантирган эди. Шу билан бирга келажакдаги абадий ҳаёт ҳақида ҳам ҳар биримизга ажойиб мукофотлар бўлиши ҳақида ҳам ваъда беради Раббимиз Исо Масиҳ. Азиз мухлислар, эшиттиришимизни айнан шу жойда якунлаб, сизларга сабр-тоқат тилаб хайрлашамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top