Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан мен Ғолиббек эфир орқали учрашиб турганимдан бағоят миннатдорман. Ўйлаймизки, биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз сиз азиз радио тингловчилар учун манзур бўляпти. Бу бўлимда биз фаришталарнинг Ҳазрати Исога қиладиган хизмати ёки муносабати ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Раббимиз Исо Масиҳнинг биз инсонларга кўрсатган ажойиб хизмати, яъни хочдаги кўрган азоби, албатта, тахсинга сазовордир. Биз ҳам ва фаришталар ҳам Раббимизга қанчалик хизмат қилсак камлик қилади. Фаришталар Раббимиз Исонинг туғилишидан аввалги даврдан бошлаб, то Унинг Иккинчи келишигача бўлган муҳим хизматни бажарадилар.
Бу ҳам ўз навбатида, Унинг Қодир Худо эканлигини тасдиқлайди. Шунинг учун фаришталар Худонинг тахтини ўраб туриш билан бир қаторда, Раббимиз Исо Масиҳга ҳам хизмат қиладилар. Ҳазрати Исонинг туғилиши, қайта тирилиши ва самога кўтарилишига боғлиқ воқеаларда фаришталар муҳим роль ўйнаганлар. Уларнинг қилган ишлари қуйидагилардан иборат бўлган:
Фаришталар Яҳё пайғамбарнинг туғилиши ҳақида унинг отаси Закариёга олдиндан башорат қилиб айтганлар. Луқо китоби 1 боб 11 оятдан то 38 оятгача бўлган жойда айнан шу ҳақида гапириб ўтилган. Яҳё пайғамбарнинг Раббимиз Исо билан қандай боғлиқли жойи борлиги бизга маълум. Шундай бўлсада яна бир бор сиз азиз тингловчиларга эслатиб ўтсак.
Яҳё пайғамбар Ҳазрати Исонинг холаваччаси бўлиб, Исодан олти ой аввал туғилган эди. Фаришталар Ҳазрати Исонинг туғилиши ҳақида башорат қилган эдилар. Луқо китоби 1 боб 26 ҳамда 38 оятлар. Жаброил фаришта Марямга кўринади ва Марямнинг ўғли «Худойи Таолонинг Ўғли» деб ном олиб, отаси Довуднинг тахтида абадий ҳукмронлик қилишини унга тушунтириб беради.
Фаришталар Ҳазрати Исони гўдаклик пайтларидан бошлаб ҳимоя қилганлар. Бу ҳақида Матто Хушхабар китобининг 2 боби 13 оятида ёзилган. Фаришта Ҳироднинг ёвуз ниятидан хабар бериб, Юсуфни огоҳлантиради ва Ҳирод ўлгунга қадар, Мисрга қочиш кераклигини айтади. Хавф-хатар ўтиб, Исроилга қайтиш пайти келганда ҳам, фаришта Юсуфга хабар беради.
Фаришталар Раббимиз ҳақида кўп маротаба кўплаб инсонларни ҳам ажойиб тарзда огоҳлантириб хизмат қилишган эди. Айнан шу ҳақида Муқаддас китобда қайси жойларда ёзилганлиги ҳақида сиз азизларга бироз эслатиб ўтсак. Нажоткор туғилишидан олдин фаришталар Марямга уйланиши кераклигини айтиб, Юсуфга маслаҳат берадилар (Матто 1 боб 20 оят). Фаришталар Нажоткорнинг туғилганлиги ҳақида одамларга айтиб, жар соладилар (Луқо 2 боб 8 оятдан то 15 оятгача бўлган жой). Фаришталар Раббимиз Исонинг бўш қолган қабри оғзидаги тошни ағдариб ташлайдилар (Матто 28 боб 2 оят). Шу ажойиб оятлар билан бугунги эшитиришимизга якун ясаб, сизлар билан хайрлашамиз. Омон бўлинглар.