Болаларнинг ўсишига ёрдам 233

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз радио тингловчиларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан беҳад хурсандмиз. Азиз ота-оналар, ҳар биримиз ўз фарзандларимизни доимо бизга қулоқ солишини ва ҳар доимо айтганларимизни бажаришини истаймиз. Шу нарсаларнинг амалга ошиши учун болани ёшлигидан ўргатиб боришимиз керак. Акс ҳолда ушбу орзуларимиз орзулигича қолиб кетаверади. Болалар кўпинча шундай сaвол билан ўзларини қийнашади: Нима учун мен доимо ота-онамга ёки ўзимдан катталарга қулоқ солишим керак? Энг катта сабаб шундаки, болаларни ўз ота-онасига қулоқ солишларини Худованд истайди.

Азиз биродарлар, менга қанчалик қийин бўлмасин, барибир бор гапни рўй-рост айтишимга тўғри келади. Ахир бизда бир гап бор: “Дўст ачитиб гапиради, душман кулдириб” дeйишади доно халқимиз. Мен сиз, азизларга, дўст сифатида гапирмоқчиман. Ҳар биримиз гувоҳ бўлганмиз, бола ҳали жуда ёш бўлган пайтида, ота-она уларни хаддан ташқари эркалаб юборамиз. Ҳатто бирор-бир дўстимизни кўрганимизда: шу амакингни бир сўкиб қўй, деб болани мажбурлаймиз. Нима учундир ота-она болани келажаги ҳақида ўйламасдан шундай ишларга қўл урамиз. Аслида бизда болага тарбия бериш, уни ёшлигидан ўз ота-онасига қулоқ солишни ўргатиш унчалик муҳим эмасдек кўринади.

Гўёки бола ҳеч қачон чарчамайдиган, доимо қимирлаб турадиган робот машинадек туюлади. Шунинг учун ҳам болага доимо: уни қил, буни олиб бер, хуллас шунга ўхшаш ишлар билан банд қилиб қўямиз. Болани ишлаши, нимагадир ўрганиши албатта яхши. Лекин бу тарбия бериш эмас. Тарбия бериш, менимча, шу айтганлариизни қандай қилишни ўргатиб, ўзимиз эринмай кўрсатишимизда. Энг муҳими, қилган ишларимизни охир оқибати нима билан якун топишини уларга билдиришимиздадир. Худованд айтадики, ота она бу болалар учун ҳимоячидир. Ҳимоячи деганимизда нафақат жисмоний ҳимоячи, балки маънавий ҳам.

Бу дегани, болани ташқаридан бўладиган ҳар хил оқим ва бузуқликлардан ҳам ҳимоялаш дегани. Болани ёшлик пайтларидан яхшилик ва ёмонликни фарқлайдиган қилиб тарбиялашимиз керак. Бола ота онанинг мажбурий кўрсатмалари асосида эмас, балки Худованднинг хоҳиши бўйича яшашни ўрганиши керак. Агарда бола Худога қулоқ солишни ўрганса, демак, ўз ота онасига ҳам қулоқ солишни билади. Нима бўлганида ҳам бола тарбиясида ота онанинг роли жуда муҳим. Болани онгини ёшлигидан нима билан тўлдирсак, ва унинг онгига қандай уруғ эксак, келажакда шунга яраша ҳосил оламиз. Азиз биродарлар, шунинг билан эшиттиришимиз ўз поёнига етиб қолди. Сизлар билан хайрлашиб, сиз азизларга ўзимизнинг электрон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top