3:27

Воизлик 121

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлисларимиз.Яна сиз азизлар билан радио қаршисида учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Хонадонингизга тинчлик бўлсин. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Одам Ато Билан Момо Ҳаво Худованд айтганидек қилмадилар. Улар шунинг учун Адан боғидан қувиб чиқарилди. Итоатсизлик учун дунёга улар орқали гуноҳ кириб келди.

Дунё гуноҳга тўлиб тошаётган бир пайтда, гуноҳкор одамлар ичида яккаю ягона одам бор эди. Унинг исми Нуҳ эди. Кўпчилигимизга бу исм Нуҳ пайғамбар деган ном билан яхши танишдир. Худованд унинг оиласига шафқат қилишга қарор қилди. Бу оила ҳалок бўлмасдан қутқарилиши учун Худованд Нуҳга кема ясашни буюрди. Бу кема бир юз йигирма йил давомида ясалди. Шу вақт мобайнида Нуҳ одамларга гуноҳ учун яқинлашиб келаётган жазо — тўфон ҳақида гапирар эди.

У қурилишда унга ёрдам берганларга ҳам, шунчаки, иш қандай кетаётганига қизиқиб келганларга ҳам мурожаат қиларди. Бироқ одамлардан бирортаси ҳам Нуҳга ишонмади. Одамлар Нуҳни ақлдан озган чол деб мазах қилдилар ҳамда Нуҳ ўз оиласи ва жониворлари билан кемага кираётганда эса унинг устидан кулдилар. Нуҳнинг кетидан Худованднинг Ўзи эшикни ёпиши билан осмон қора булутлар билан қопланди ва Худованднинг ҳукми бошланди.

Фаришталар бир юз йигирма йил аввал ваҳима билан бир-бирига етказаётган сир аён бўлди. Ғам-ташвишсиз яшаётган одамзод насли Тангри оғзидан “Ўзим яратган одамзодни ер юзидан қириб ташлайман” деган ҳукмини эшитди. Калтабинлик билан роҳат-фароғат вақтини қўлдан бой берган имонсиз халқни шунчаки жазо эмас, балки ер юзидан бутунлай йўқ қилиниши кутилмоқда эди.

Ахир, одамзоднинг узоқ вақтгача Худовандга нисбатан қилган итоатсизлиги ҳеч қачон жазосиз қолмайди, агарда одамзод тавба қилмаса. Ҳа, қилинган гуноҳлар учун Худованд томонидан бериладиган жазо куни келди ва бир юз йигирма йиллик роҳат-фароғат вақтидан сўнг атиги бир юз тўқсон кун ичида бутун инсоният йўқ қилиндики, гўёки улар ҳеч қачон ер юзида бўлмагандек эди.

Эй гуноҳкор инсон, сен олтмиш йил, балки бироз кўпроқ Худованднинг марҳаматини синашинг мумкин. Бироқ шуни ёдингда тутгинки, сени ер юзидан сен ҳақингда, ҳатто, хотира ҳам қолмайдиган қилиб ўчириб ташлаш учун Худованд ғазабининг уч куни ва, ҳаттоки уч дақиқаси ҳам етарлидир. Шундай экан, бугун барча гуноҳлар учун тавба қиладиган кун келди. Ҳа, балки кимдир худди Нуҳ давридаги одамлар каби бу гапларга ишонмаслиги мумкин.

Нуҳ давридаги одамлар ҳам Нуҳнинг огоҳлантиришига ишонмадилар. Шунинг учун ҳам уларнинг бари сувга ғарқ бўлишди. Бугунги айтилаётган ушбу гапларга кимдир ишонқирамай қараши мумкин. Лекин Раббимиз Исо Масиҳ ер юзига иккинчи бор қайтиб келганида кеч бўлади. Чунки Раббимиз Исо Ўзига ишонган инсонларни Осмон Шоҳлигига олиб кетиш учун келади. Худованд Ўз ҳақиқатини барчага аён этсин деб сиз, азиз тингловчилар билан хайрлашамиз. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top