3:24

Воизлик 127

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сизлар учун тайёрлаган эшиттиришларимиздан бири. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Азизлар, бугунги эшиттиришимиз орқали биз Худованднинг каломидан сизлар билан бўлишмоқчимиз. Ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Инсон ўз ҳаёти давомида турли хил муаммоларга дуч келади.

Шу жумладан масиҳийлар ҳам. Муаммолар турли бўлиши мумкин. Шулардан кўпи жиддий муаммолар, деб айтишимиз мумкин. Масалан: шахсий муаммолар, ишхонада, оилавий, яқин кишиларимиз билан, соғлигимиз, иқтисодий муаммолардир. Азизлар, биз бундай рўйхатни кўплаб келтиришимиз мумкин. Биз бугун юқорида келтириб ўтган муаммолар орасида сиз ўзингизга тегишли бўлган муаммога аллақачон дуч келганингизга шахсан менда шубҳа йўқдир.

Балки сиз, қандай қилиб шу муаммодан чиқиш йўлларини қидираётгандирсиз. Масалан кимдадир соғлиги туфайли ишхонада муаммо бўлаётган бўлиши мумкин, қайсики ишини бир марромда давом эттириши учун. Яна бошқа бир ишчи унга ёрдам қўлини чўзиш учун ўзида ҳеч вақт тополмаётгандир. Шундай муаммоларнинг масиҳийлар ҳаётида учраб туриши табий ҳолдир.

Агар кимдир менда ҳеч қачон муаммо бўлмаган, деб ўйлаётган бўлса, мен ишонтириб айтишим мумкин: тайёр туринг, сизда ҳам қачонлардир шунга ўхшаш муаммолар пайдо бўлади. Азизлар, муаммоларнинг келиб чиқишига нималар сабаб бўлиши мумкин? Қайсидир муаммолар ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкин. Бошқаси эса кимнингдир ҳаракатларининг оқибатида содир бўлиши ҳам мумкин.

Энг дахшатлиси, шайтон бизда шу муаммоларни келиб чиқишига сабабчи бўлиши ҳам мумкин экан. Юқорида сизга берган саволимизга жавоб борми? Ўйлашимча, ҳа, жавоб ҳар доим бор. Шуни доимо ёдда тутинг, азизлар. Ҳар қандай муаммоларга биз Худованддан жавоб олишга ва Ундан ёрдам олишга ўрганишимиз керак. Кўпинча эса биз инсонлардан ёрдам кутишга ўрганиб қолганмиз.

Балки қайсидир маънода инсонлар орқали ҳам муаммоларимизга ечим топилар. Лекин қўлимиздаги Муқаддас Китобда ҳамма саволларимизга жавоб бор. Шу жавобларни биз, Масиҳга эргашувчилар, ҳаётимизга қўллашга ўрганишимиз зарур. Одатда муаммолар пайдо бўлганида, инсон ўз ҳаракатлари билан тез ҳал қилишга уринади. Ҳеч ким ҳаётида муаммолар бўлишини хоҳламаса керак, албатта, шунинг учун ҳам Худованд билан бўлган ҳақиқий муносабатимиз жуда муҳим ўрин эгаллайди.

Азиз мухлислар, Ҳаворий Павлус 2 Коринфликларга мактубининг 12 боби 8 оятида Худованддан муаммоларни ҳал қилишини сўраб, ибодат қилганини кўришимиз мумкин. Бу билан айтмоқчимизки, ҳар қандай муаммоларнинг ечими Худованддадир. Барча муаммоларингизни ва ўзингиздаги қувончларингизни Отамиз Худовандга топширишга ўрганинг. Шу билан, азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз поёнига етди. Келгуси эшиттиришларимиз орқали яна учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top