3:26

Воизлик 129

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Азизлар, яна сизлар билан радиомиз орқали дийдор учрашиб турганимиздан бениҳоят миннатдормиз. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Азизлар, кўпчилик инсонлар нимадандир қўрқиб яшайди. Масалан: кимдир жаҳли тез бўлгани учун бошқаларни хафа қилишдан чўчиса, яна кимдир келажакда ёлғиз қолиб кетмасмиканман, деб ҳам қўрқиши мумкин.

Лекин бундай қўрқувдан бир амаллаб қутилиш мумкин. Ҳеч иккиланмасдан айтишимиз мумкинки, дунёда кўпчилик инсонлар қўрқадиган ягона қўрқув мавжуд. Бу Худованддан қўрқишдир. Йўқ, азизлар, У биз инсонларни ёмон кўрмайди. Аксинча У бизларни шунчалик севадики, аслида биз Унинг севгисига лойиқ эмасмиз.

Лекин кўпчилик инсонлар ўзларининг содир этган ишларини ўйлаб, умри поёнига етганда Худованднинг олдида бўлолмасам керак, деб қўрқади. Аслида ҳеч кимдан қўрқмайдиган инсонларни жасур деб айтамиз. Лекин аслида Худованддан чин юракдан қўрқадиганлар энг жасур инсонлар десак бўлади. Чунки улар Худовандга қарши билмай бирон ножўя иш қилишдан қўрқадилар.

Бу эса Отамизга бўлган бюук севгидир. Аслида Худованд шунчалик инсонларга нисбатан меҳрибонки, У Ўзининг ягона Ўғли Раббимиз Исо Масиҳни биз учун қурбонликка бағишлади. Худованддан қўрқиш инсонни тарбиялайди. Шунингдек Худовандга бўлган ҳурматимиз янада ошиб боради. Шунинг учун ҳам Худованддан қўрқмайдиганлар ҳам энди қўрқиб, шу йўл орқали Унга бўлган ҳурматини оширсин.

1 Юҳанно мактубининг 4 боби 18 оятида шундай ёзилган: “Севгида қурқув йўқ, аксинча, комил севги қўрқувни қувиб чиқаради. Қўрқоқ кишида севги камолотга етмаган, чунки қўрқув жазо тушунчаси билан боғлиқдир”. Қўрқоқ бўлишни истамасанг, яхшилаб ўйлаб кўр, юрагингда севги борми, қайсики қўрқувни хайдаб чиқара оладиган? Агар ҳа, юрагимда севги бор деб айта оладиган инсон бўлса, яна бир бор юрагингизни текшириб кўришни маслаҳат берган бўлардик. Балки сизнинг ўрнингизга юракдаги мағрурлик ҳа, деб жавоб бераётгандир. Азиз радио тингловчи биродар, шунинг учун ҳам бугунги суҳбатимиз бошида айтиб ўтган эдик, биз инсонлар аслида Унинг севгисига лойиқ эмасмиз деб.

Нима учун инсон оиласига ёки ўз яқинларига, балки турмуш ўртоғига ажойиб севгини кўрсата олади-ю, Худовандга унчалик эмас? Саволимизга ўзимиз жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Балки инсон Худованднинг ўз кўзи билан кўрмагани учундир. Лекин асосий ва аниқ жавоб мавжуд: инсон гуноҳкор, айнан Худовандга қарши гуноҳ қилгани учун ҳам шайтон, биз инсонларни, Худовандга камроқ эътибор қилишимизни истаяпти. Ҳурматли радио тингловчи, шайтон ёлғончи иблис эканлигини барчамиз яхши биламиз. Унинг ёлғонига ишониб қолмаслик учун юрагингиздаги севгини Худовандга қаратинг. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top