3:39

Қазғоқ

MP3

Ассалому алайкум хурматли радио тингловчи дўстлар. Сизларга анчадан бери соғлиғимизга фойдали бўлган маслахатларни намойиш этиб келмоқдамиз. Бугун мен сизга жонимизга тегиб кетган қазғоқ хақида гапириб бераман, аниқроғи ундан қандай қутилиш ҳақида сўз юритамиз. Эркакдир, аёлдир бош қазғоғидан фориғ бўлишни истайди, ундан қутулиш чораларини излайди. Бош қазғоғи алоҳида касаллик саналмайди. У тери ва соч толаларининг ҳаддан ташқари ёғ босиши туфайли пайдо бўлади. Теримизда мавжуд бўлган кўз илғамас (микроскопик) замбуруғлар тери ёғига жуда ўч бўлишади. Бу ёғ бор жойда улар жуда тез кўпаяди. Замбуруғларнинг кўпайиши оқибатида қазғоқлар пайдо бўла бошлайди.

Қазғоқнинг пайдо бўлиш механизми жуда оддий — тери ёғи қанча кўп бўлса, қазғоқлар ҳам шунча кўп бўлади. Бунинг олдини олишнинг назарий жиҳатдан икки йўли мавжуд: ё ёғ ишлаб чиқарилишини ёки замбуруғлар сонини камайтириш керак.

Биринчи йўл анча радикал ҳисобланса-да, амалда уни қўллаш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Теридаги ёғ эркаклар гармони — андрогенларнинг таъсиридан пайдо бўлади. Уларнинг миқдорини камайтириш мумкин. Бироқ бунинг натижасида эндокрин тизимида қазғоқдан кўра хавфлироқ ўзгариш содир бўлади. Бу йўл билан қазғоқдан қутулиб, эркаклик қувватидан маҳрум бўлиш ҳеч гап эмас.

Замбуруғларни камайтириш осонроқ. Бунинг учун қатор фаол моддалардан фойдаланиш мумкин. Лекин вақт ўтиши билан теридаги ёғнинг таъсирида бошда “оқ момиқлар” яна пайдо бўла бошлайди. Бошини қазғоқ босган одамлар буни жуда яхши билишади: шампун аввалига ёрдам беради, лекин кейинчалик “оқ момиқ” яна ўзини кўрсата бошлайди.

Қазғоқдан буткул қутулиб бўлмайди. Аммо вақт-бевақт уни “қайчилаб” туриш мумкин ва зарур. Уни даволашнинг моҳияти ҳам шундан иборат. Мутахассислар даво жараёнини икки босқичга ажратадилар. Биринчи босқичда қазғоққа қарши шампун ва бошқа воситалардан фойдаланилади. Иккинчи босқичда замбуруғлар миқдорини назорат қилиш билан кифояланилади. Шу мақсадда ҳафтасига 1-2, баъзан эса ундан камроқ муддатда бош шампун билан ювилади. Косметик шампунлардан мунтазам суратда фойдаланиш яхши самара беради.

Дерматологлар таркибида руҳ пиритионати, сулфид селена ва клотирмазол мавжуд бўлган воситаларни кўпроқ тавсия этадилар. Бу қўшилмаларни кенг оммалашган барча қазғоққа қарши воситаларда учратиш мумкин. Масалан, клотирмазол “Низорал” дори-шампун таркибига, руҳ пиритонат “Хед энд шолдерс”, “Пантин про-ви”, “Фридерм цинк” ва бошқа шампунлар таркибига киритилган. “Скин-кап” шампуни ва гели таркибида руҳ притионати кўпроқ миқдорда учрайди. Шу боис, ушбу препаратлар дори сифатида тасдиқдан ўтказилган. Сулфид селена “Сулсен” шампуни ва “Сулсен” совуни таркибида мавжуд.

Қазғоққа бепарво бўлмаслик керак. Гап бу ерда фақат эстетик мулоҳазалардагина эмас. Биринчидан, қазғоқнинг кўпайиб бориши натижасида бошнинг сочли қисмида яллиғланиш пайдо бўлиши мумкин. Бундай шароитда косметик шампунлар кучсизлик қилади. Сезиларли натижага эришиш учун шампун, гел, эритма шаклидаги дорилардан фойдаланилади. Қазғоқни бевосита шифокор даволамоғи лозим. Бундан ташқари, қазғоқдан соч тўкилиши ҳам мумкин. Башарти сочдан айрилишни истамасангиз қазғоққа, тери ва сочингизнинг ёғ босимига қарши фаол курашмоқни маслаҳат бераман. Хайир, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top