3:56

Тошкент дарвозалари 1 қисм

MP3

Ассалому алайкум хурматли радио мухлислар. Сизлар билан яна радио орқали учрашиб турганимдан жуда хурсандман. Сиз учун таёрланган дастурларимиз ёқяпти деган умиддаман. Сиз гўзал пойтахтимиз Тошкент хақида нимани биласиз? Бугун мен сизларга пойтахтимизнинг дарвозалари хақида гапириб бераман. Қадим Турон заминда милоддан аввал IV асрдаёқ шаҳарлар атрофи деворлар билан ўраб олинган. Бу даврда шаҳарлар девори одам базўр кўтара оладиган катта-катта хом ғиштдан урилиб, ўз даврида душманнинг ҳар қандай ҳужумига бардош бера оладиган даражада мустаҳкам бўлган. Девор икки қатор урилиб, орасида торгина йўлак қолдирилган. Ташқи деворда душманга қарши ўқ отиш учун 2 мингтагача остин-устин икки қатор туйниклар қўйилган. Ўлканинг бошқа йирик шаҳарлари сингари Тошкент ҳам қадим замонладаёқ девор билан ўраб олинган. Шаҳар ривожланиб кенгайгани сайин мудофаа девори ҳам мустаҳкам ва улуғвор тарзда қайтадан қурилар эди. Жумладан, Х асрда шаҳар ҳудуди кенгайиши натижасида янги мудофаа девори олиниб, карвон йўллари шаҳар мудофаа деворига рўпара келган жойларида шаҳарга кириш ва чиқиш ҳамда уни ташқи душман ҳужумидан мудофаа қилиш мақсадида дарвозалар барпо этила бошланган. Бу даврда шаҳар Бинкат деб юритилиб, араб географларининг маълумотларига қараганда, унинг еттита дарвозаси бўлган. Дарвозалар сони, вақт ўтиши билан ўзгариб турган. Маълумотларга қараганда, Амир Темур даврида Тошкент беш дарвозали девор билан ўралиб, қайси улус ва уруғ қўшинлари томонидан қўриқланишига кўра, дарвозаларга ўшаларнинг номи берилган. XVIII асрда шаҳар мудофаа деворининг баландлиги салкам 8 метр, тепа қисмининг кенглиги 2 метрча бўлган. Девор айланасининг узунлиги 18,2 километр, шаҳарнинг умумий майдони эса 26,4 квадрат километрни ташкил қилган. XIX асрда Тошкент янгидан қалин пахса девор билан ўраб олинади. Баландлиги 10 метрдан зиёд бўлган бу деворнинг муайян масофа оралиқдаги қисмларига соқчилар учун миноралар барпо қилинган. Деворнинг энлик тепасида замбараклар олиб юрилар ва ўрнатилар эди. Мудофаа деворларининг қолдиқлари нисбатан яқин вақтларгача Самарқанд дарвоза ва Хуршид кўчаларида, 40-йилларнинг охирларида Чиғатой дарвозасидаги 111-мактабнинг орқа томонида сақланиб қолган эди. Кейинчалик улар ҳам бузилиб кетди. Тошкент дарвозаларининг барчаси олис юртларга ва шаҳар ташқарисидаги дала мавзеларига элтадиган катта йўллар устида барпо этилган. Дарвозаларнинг ўзи қаттиқ ёғочдан – тоғ арчасидан ясалиб, сирт томони нақшинкор безатилган. Ҳар бир дарвозада бир жуфт ҳалқа ҳамда калит бўлган. Дарвозабонлар шаҳар дарвозасини мунтазам қўриқлаб туришган. Улар дарвозани саҳарда очиб, шомда ёпишган. Шундан кейин дарвозаларни очишга ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмаган. Зарур ҳоллардагина шаҳар ҳокимининг фармойишига кўра, дарвозани очишга рухсат этилган. Барча дарвозаларнинг устида қоровулхона барпо этилган. Тошкент шаҳрининг узоқ ўтмишидан шоҳидлик берувчи мудофаа девори ва ҳашаматли, бетакрор дарвозаларининг таназзули подшоҳ Россиясининг босқини билан боғлиқ. Шаҳар 1865 йил 16 июнда кечқурун таслим бўлди. Эртаси эрталаб Тошкент қозикалони Ҳакимхўжа шаҳар ўн икки рамзий олтин калитини подшоҳ ҳукуматига тобелик белгиси сифатида духоба тўшалган патнис устига қўйиб генерал Черняевга топширди. Гўзал пойтахтимиз тарихи хақидаги хикоямизни кейинги сафар давом эттирамиз. Бизни тинглаб бораятганингиз учун рахмат. Хайр, саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top