Руҳда якдил, самовий оила аъзолари. Бугун суҳбатимиз давомида сизларга Худо билан муносабатларни ривожлантириш ҳақида имкон қадар сиз учун фойдали маълумотларни беришга харакат қиламиз. Худо азалдан инсон зотини Ўзи билан муносабатда бўлиши учун яратган. Унинг энг олий мақсади ҳам шу эди. аммо сизга яхши маълумки инсон гуноҳ қилиб ўз хоҳиши билан Худонинг жамолини кўришдан ва У билан яқин муносабатда бўлишдан маҳрум бўлди. Демак Худо билан муносабатнинг бузилишига гуноҳ сабабчи бўлар экан. Сизнинг айни дамда Худо билан муносабатингиз қандай? Бу ҳақида ўйлаб кўрдингизми? Худованд Исо Масиҳ орқали гуноҳларимизни ювиб бизни Ўзи билан муносабатда бўлишга даъват қилган экан, биз бу инъомнинг, иноятнинг қадрига етишимиз керак. Бу бизнинг тақдиримиз. Дунёда жуда кўпчилик тақдир деган нарсага ишонади. Ҳар бир кишининг тақдирини Худо белгилайди, тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди, деб ўйлашади. Бу гаплар қисман тўғри. Масиҳий бўлиш бу – бизнинг тақдиримиз. Бу бизнинг ҳаётимиз. Биз ўз ҳаётимизни ўзимиз барбод қилишимиз ёки уни гуллаб яшнашига сабабчи бўлишимиз мумкин. Бу фақат бизнинг Худо билан муносабатимизга боғлиқ. МАсиҳий бўлгач энди гуноҳ қилмайман, деб ўйлаймиз, аммо ҳаворий ПАвлус айтганидай биз истамаганимизни қиламиз. Мен ўзим истамаган нарсани қилаяпман, деб гуноҳга таслим бўлиш бу Худовандимизни хафа қилишдир. Чунки у бизнинг табиатимизни билади.
Шунинг учун ҳам Исо Масиҳни бизнинг ўрнимизга қурбон қилди. У бизга куч беришгa, доимо биз билан бирга бўлишга ваъда берган. У ўз ваъдасида туради. Фақат биз гуноҳга қарши курашишга ҳаракат қилсак бас. Бизнинг бутун ҳаётимиз гуноҳли танамиз билан жанг қилиш билан ўтади. Аммо бу жангда биз доимо енгишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Жангда енгишимиз учун Худо бизга ҳамма нарсани муҳайё қилган. Биз фақат ўша нарсаларни ишлата билсак бас. Ҳар доим шайтоннинг ҳийлаларига, васвасаларига қарши туриш учун Эфесликлар 6 боб 14-17 оятларда айтилганидай қилишимиз керак. “Белингизни ҳақиқат камари билан боғланг, кўксингизга солиҳлик совутини тақинглар. Тинчлик хушхабарини ёйиш учун оёғингизга илдамлик пойабзалини кийинглар. Бунинг устига имон қалқонини қўлга олинглар, у билан ёвуз шайтоннинг қиздирилган ҳамма ўқларини ўчира оласизлар. Шунингдек нажот дубулғасини кийинглар. Худо каломи бўлган Руҳнинг қиличини кўтаринглар.” Бу нарсани доимо ёдингизда тутсангиз доимо гуноҳга қарши тура оласиз. Шайтон сизни васвасага солганида Худованднинг хақиқатини ёдга олинг. Доимо солиҳ бўлишга интилинг. Худовандга бўлган имонингиз сиз учун қалқон бўлади. Имоним кам деб ўйласангиз Худодан имонингизни кўпайтиришини сўраб илтижо қилинг. энг асосийси руҳий жангда Худонинг каломларини ишлатишни унутманг. Агарда сиз мана шуларга амал қилсангиз, Худо билан муносабатни ривожлантиришга биринчи қадамни қўйган бўласиз. Кейинги суҳбатимизда Худо билан муносабатни ривожлантириш ҳақида яна суҳбатлашамиз.