MP3

Қадрли тингловчилар, бугун сизлар билан ибодат ҳақида суҳбатлашамиз. Ибодат ўзи нима? Ибодат – Исо Масиҳ билан мулоқот қилиш, раббимиз ва нажоткоримиз Масиҳ орқали барча қонуний ва керакли нарсаларда ўз ҳоҳишимизни Худога қурбон қилишдир. Ибодат – Масиҳ номи ва Муқаддас Рух қудрати билан Ота Худога топинишдир. Ибодат тўрт қисмдан иборат: топиниш, эътироф, шукрона ва илтижо. Топиниш – инсон қалбининг Худога олқиши ва топиниши. Эътироф – барча гуноҳларни тан олиб, тавба қилиш. Шукрона – барча нарсалар учун Худога шукр айтиш. Илтижо – илтимос қилиш, ёлвориш ва тоат-ибодат қилиш. Бизнинг ибодатларимиз Муқаддас Рух қудрати орқали, Исо Масиҳнинг номидан Худога қаратилади.

Энди ибодатни қаерда, қачон, қандай ва нималар учун қилиш ҳақида тўҳталиб ўтсак. Ибодатни ҳар жойда қилиш мумкин. 1 Тимотий 2:8 да шундай ёзилган. “Шундай қилиб, ҳар ерда эркаклар ибодат қилишини истайман”. Яширин жойда ҳам қилиш мумкин. Матто 6:6 да “Сен эса ибодат қилаётганингда ўз ҳужрангга кир ва эшикни беркитиб, яширин бўлган Отангга ибодат қил”, деб ёзилган. Бундан ташқари, жамоатда, йиғилишларда ибодат қилиш мумкин. Оилавий ибодат кичик гуруҳлар билан қилинади. Жамоат ибодати эса кўпчилик олдида қилинади.

Ибодат ҳар доим қилиниш керак. Ўзингизга куннинг қулай пайтини белгилаб олиб, мунтазам равишда ибодат қилишингиз мумкин. Лекин одатда кўпчилик эрталаб ва кечқурун ибодат қиладилар. Чунки бу вақт деярли ҳамма одамлар учун қулай бўлган вақтдир. Эрталаб уйқудан уйғонгандан кейин маълум вақт ибодат қилиб, Худо билан алоқада бўлиш мумкин. Кейин кундалик ишларга кетса бўлади. Кечқурун эса ишдан кейин ётишдан олдин ҳам бир муддат ибодат қилиш мумкин.

Ибодат ўзи қандай қилинади? Биз ўз ибодатларимизда Муқаддас Рух томонидан бошқариламиз. Римликлар китобида шундай ёзилган: “Чунки биз қандай ибодат қилиш кераклигини билмаймиз. Лекин Иложий Рух Ўзи ифода қилиб бўлмас оҳ-нолалар билан биз учун Худо олдида шафоат қилади. Юракларни синовчи Худо эса Рухнинг фикри нимада эканини билади. Чунки Рух Худо иродасига кўра Худо азизлари учун шафоат қилади”. Биз Худонинг мавжудлигига ишонч билан ибодат қилишимиз керак. Чунки Каломда “Ишонмасдан эса Худонинг розилигини топмоқнинг иложи йўқ. Ким Худога яқинлашмоқчи бўлса, Унинг борлигига ишонмоғи лозим”, деб ёзилган. Худо имон билан илтижо қилганларни мукофотлашига ишониш ҳамда ибодатда қатъий бўлиш керак. Камтарлик билан ибодат қилиш керак. Қилган гуноҳларларимиз учун тавба қилишга тайёр бўлишимиз керак.

Ибодат қилишнинг ҳам ўзига яраша шартлари бор. Келинг шу шартларнинг айримларини кўриб чиқамиз. 1. Биз Худонинг иродасига кўра ибодат қилишимиз керак. Исо Масиҳ ҳам Худога “Мен истагандек эмас, Сен истагандек бўлсин”, деб ибодат қилган. 2. Худо бизнинг ибодатларимизни эшитиб, жавоб беришидан олдин, биз бошқаларни кечиришимиз керак. 3. Ишонч билан ибодат қилиш керак. 4. Худонинг амрларига риоя қилишимиз керак. 5. Масиҳ билан доимо алоқада бўлишимиз керак. 6 Муқаддас Рух илҳоми билан ибодат қилишимиз ва ниҳоят Исо Масиҳ номидан ибодат қилишимиз керак. Лекин айрим нарсалар ибодат қилишга тўсқинлик қилади. Булар ишончсизлик, кечирмаслик, нопоклик ҳамда ёмон ният билан сўраш. Худо эса ибодатларимизга уч хил жавоб бериши мумкин: Ҳа, Йўқ, ёки Кут. Ишаё китобида Худованд шундай деган: “Шундай бўладики, улар Мени чақирмасидан олдин Мен жавоб бераман“. 2 Коринфликларга мактубида ёзилишича, Павлус соғлиги учун ибодат қилган, лекин Худо “йўқ“, деб жавоб берган. Худо бизга нималар кераклигини ўзимиздан ҳам яхшироқ билишига ишонинг ва Унинг жавобини ҳурсандчилик билан қабул қилинг. Чунки Худованд сизга нима кераклигини билади. Унинг сизнинг ҳаётингиз учун иродаси фақат сизнинг фойдангиз учун. У сизнинг ҳаётингизни бошидан оҳиригача кўриб туради. Унга ишонинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top