Раббимиз Исо Масиҳ нима дегани ёдингиздами? “Сизлар Мени эмас Мен сизларни танладим.Бориб ҳосил беринглар ва ҳосилингиз боқий бўлсин, деб сизларни танладим. Шундай қилиб, Менинг номимдан Отадан нимаики сўрасангизлар, У сизларга беради.” Биз дастлаб имонга келганимизда бу оятларни ўқиб, нима сўрасам, қандай орзуим бўлса Худо менга беради, деб ўйлаганмиз. Ҳа, баъзида бизлар ҳали имонда ёш бўлганимиз учун, оятларнинг ҳақиқий маъносини ҳали тўлиқ тушунмаганимиз учун Худо инсоний хоҳишларга кўра сўраган нарсаларимизни ҳам берган. У бизнинг ибодатларимизга жавоб берганида хурсандчиликдан ўзимизни қўярга жой тополмаганмиз ва Худодан миннатдор бўлиб, Унинг бизнинг ибодатларимизни эшитишига, бизнинг мухтоликларимизга бефарқ эмаслигига ишонганмиз. Аммо ҳозир нима сўрасак ҳам Худонинг иродасига кўра сўрашни ўрганяпмиз. Биз сўраган нарса Худонинг иродасига тўғри келмаса, Ундай нарсаларни ололмаймиз. Исо нимаики деганда Унинг иродасига кўра сўралган ҳар бир нарсани Худо беришини назарда тутган. Контекстга қарасангиз бир икки оят юқорида, бориб ҳосил беринглар ва ҳосилингиз боқий бўлсин деб, сизларни танладим, деб ёзилган. Демак биз ҳосил бериш учун Худодан нимаики сўрасак, У бизнинг ибодатларимизга жавоб беради. Ҳосил бериш деганда нимани тушунамиз? Ҳосилнинг ўзи нима? Ҳар бир имонлида бу саволга етарлича жавоб бор. Биз имонга келгач, янги инсон бўлдик, Худода янги ижод бўлган инсоннинг эса сифатлари ҳам аввалгисига ўхшамаган бўлиши лозим. Агар биз йўл қўйсак, Худо Ўзининг Муқаддас Руҳи орқали бизда янги инсонни яратади. Бу эса Муқаддас Руҳ орқали етиштирилган ҳосилдир. Галатияликлар 5 боб 22 оятда: «Илоҳий Руҳнинг самараси эса – муҳаббат, севинч, ҳотиржамлик, сабр-тоқат, лутфкорлик, ҳайриҳоҳлик, садоқат, мулойимлик ва ибодир. ” бу сифатлар эса бизнинг янги табиатимизда етиштирилган ҳосил кабидир. Имонга келгач бошқаларни ҳам имонга келтиришга ҳаракат қиламиз. Муқаддас Каломда ёзилганидай, “Биз Худодан қўрқиш нималигини билганимиздан сўнг бошқаларни ҳам Унга ишонтирмоққа тиришамиз.” Шунинг учун ҳосил бериш учун доимо ибодатда бўлиш кераклигини унутманг. «Худовандим, мени ўзгартир, мени ўзинг хоҳлаганингдай ўзгартиргин. Мен Сенга ҳосил беришни хоҳлайман. Мени Ўғлинг Исо Масиҳга ўхшатиб ўзгартир. Мен янги инсон бўлиб, Сенинг нурингни кўрсатишни, бу қоронғуликка, ёвузликка тўла дунёда Сенинг улуғворлигингни кўрсатадиган ва СЕнинг Руҳингни олиб юрадиган идиш бўлишни хоҳлайман. Мени Муқаддас Руҳингга тўлдиргин. МЕни шундай марҳаматлагинки СЕн ҳақингда билиш учун одамларнинг ўзлари менинг олдимга келишсин. Мен Сенинг энг яхши ва энг фойдали идишинг бўлай. Сенга ҳосил келтириш учун нима қилишим керак бўлса, менга ўргат. Қандай қийинчиликларга чидаш керак бўлса, менга куч ва сабр-тоқат бергин. Қаерга борсам, мен билан бирга бўлгин. Доимо Сенинг ҳузурингни ҳис қилиб юрай. Ўз хочимни кўтариб, ҳосил бериш учун мени тайёрлагин. Раббим Исо номи билан сўрайман. Омин!”