3:07

Оёқларни массаж қилиш 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум. Бугун ҳам оёқларни массаж қилиш ҳақида суҳбатлашамиз. Кечки пайт қилинадиган массаж эса оёқларнинг чарчоғини олади. Аввал душ ёки ванна қабул қилинг ёҳуд оёғингизни тоғорачадаги илиқ сувга солиб ўтиришингиз ҳам мумкин. Ванна ёки тоғорачадаги сувга турли гиёҳлар дамламаси ёҳуд денгиз тузларидан қўшиш мумкин.Оёғингизни тоғорачадаги сувга солган ҳолда ўтириб бўшашинг, сокин мусиқа қўйишингиз ҳам мумкин. Аввалига сонларингизни юмшоқ силанг. Олдин ички сўнг ташқи томонидан бир неча бор шапатилаб қўйинг. Бундан кейин тизза остидаги букилмага қўлингизни қўйиб, сал силкитинг. Бунда мушакларда титроқ югуради. Шу тариқа улар бўшашиб, дам олади.

Оёқнинг пастки соҳасидан юқорига қараб массаж қилиш кераклигига аҳамият беринг. Бу оёқдаги қон айланишини яхшилаб, уни тўпланиб қолиб, шишлар пайдо бўлишининг олдини олади. Қўллар эса юқоридан пастга қараб ҳаракатланади. Энди сонларга қайтинг. Кафтларингиз билан секин сонларнинг ташқи томонини силаб чиқинг. Агар томирларингиз варикоз кенгайган бўлса, иссиқ ванна қабул қилманг. Бундан ташқари, тиззадан пастки қилмини қаттиқ босиб, уқаламанг, оҳиста силаб қўйиш билан чекланинг. Товонлар массажига ўтинг. Бу массаж оёқни буткул бўшаштириб, чарчоғини тарқатади. Бир оёғингизни иккинчисининг тиззасига қўйинг. Бунда тиззага момиқ сочиқ ташланг ва шу сочиққа иккинчи оёғингизни тўпиғини қўйинг.

Тўпиқ тиззада бўлиб, товон бўшашган ҳолда ҳеч қаерга тегмасдан туриши лозим. Массаж аста силашдан бошланади. Сўнг бармоқлар билан товонни уриб-уриб қўйинг. Бармоқларни сал ботириб товоннинг у бошидан бу бошигача юргизиб чиқинг. Товонда биологик фаол нуқталар кўп бўлгани учун уни қаттиқ босиб уқаламаган маъқул. Товонни массажга тайёрлаб олгач, оёқ бармоқларидан уқалашни бошланг. Ҳар бир бармоқни қўлингиз билан сиқиб чиқинг, уқаланг. Оёқ бармоқларини бўш қўйган ҳолда, қўлингиз билан букиб, сўнг очинг. Ҳар бирини биттадан ушлаб, ўнгга, чапга қайилтиринг. Аввалига ҳар бирини алоҳида, кейин бирга ушлаб аста сиқинг. Оёқ бармоқларидан товонга ўтинг. Товонни ҳам силаб, сўнг уқалашни бошланг.

Муштум суяклари билан уқаланг. Товонни икки қўл билан ушлаб, галма-гал, бир ўнг, бир чап қўл билан сиқинг. Бир неча бор бир қўл билан юқорига, иккинчиси билан пастга тортинг. Сўнг, аксинча бажаринг. Товонни аста силаш билан тўпиққа ўтинг. Тўпиқ бўғимларини уқаланг. Энди тўпиқни бўшаштириб, озроқ силкитинг. Бошқа қўл билан оёқ бармоқларини ушлаб бир неча бор тепага энгаштиринг. Товон қаттиқ ишқаланиб, массаж якунланади. Кейин болдирга ўтинг. Бунда оёғингизни стулга қўйиб ўтирсангиз қулайроқ бўлади. Болдирни пастдан тепага қараб силанг. Силаш 1-2 сония давом этиши керак. Бу қоннинг яхши айланишини таъминлаб, томир тиқилмалари ҳосил бўлиши ҳамда, веноз кенгайишининг олдини олади. Массаж қилиш соғлиқни мустаҳкамлаб умрга-умр қўшади. Ўз танангизга бефарқ бўлманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top