Ассалому алайкум қадрли тингловчи дўстлар. Бугунги сухбатимиз Иброхим пайғамбарнинг авлодлари хақида бўлади. Иброхимнинг мол-мулки Муқаддас Каломда камтарона тасвирланган. Ибтидо китобида тасвирланганига кўра Иброхимнинг ўз режаси бор эди. Ўзининг ўғли бўлмагани учун қулбошиси Элизарни ўзининг меросхўри қилмоқчи эди. Ўша давр одатига кўра фарзанд кўрмаган оилалар бола асраб олиб бор мол-мулкини унга қолдирарди. Асраб олинган фарзанднинг хам ота-онаси олдида мажбуриятлари бўлган. Уларни умриларининг охиригача боқиш, ўлганидан кейин кўмиш ва хокозолар. Ундан ташқари агар Хотин бепушт бўлса, чўрининг ўғли хам оиланинг вориси бўлиши мукин бўлган. Бу одатни Хожар билан Соро воқеасидан хам кўришимиз мумкин. Иброхимнинг рухий хаёти хам алохида эътиборга лойиқ. Худо уни баракалашга, исмини табаррук қилишга ваъда берган. Шундай хам бўлди. Мана неча минг йиллар ўтибдики, Иброхим пайғамбарнинг исми нафақат масихийлар, яхудийлар балки мусулмонлар орасида хам машхур.
Иброхим пайғамбар яхудийлар ва мусулмонларнинг отаси бўлди. Иброхимнинг хаётида Худо билан қилган ахди мухим рол ўйнайди. У Худонинг сўзларига қулоқ солди, ўз навбатида Худо хам ваъдасини кенгайтирди. Иброхимнинг Худо билан муносабатида билими ва тажрибаси ошди. Иброхимнинг эътиқоди патриарх даври учун хал қилувчи мавзу эди. У бир нечта худоларга сиғинадиган халқ орасида яшаб, ягона тирик Худо хақида билдирди. У ўз эътиқодидан из қолдирди. Канонга келганида Худовандга атаб қурбонгох қурди. Лутни қутқаргандан сўнг эса Эдўм шохига шундай деди: “Мен еру кўкни яратган Худованд, Тангри Таоло хақи онт ичиб қўл кўтараман.” Бу сўзлари билан у ягона Худованд хақида билдирди. Иброхим ўғилли бўлгач, бутун мол мулкини Исхоққа берди. Исмоилга хам совғалар берди. Исмоилдан кейинчалик мидиёнликлар ва Араб халқи келиб чиқди. Ўлимидан олдин эса ўғли Исхоқни Ривқога уйлантирди. Исхоқ отасидан жуда кўп мол-давлатга эга бўлган бўлса хам Ғарор яқинида ерга ишлов бериб, дехқончилик қилишни давом эттирди.
Баъзан Иброхим филистийларнинг худуди Ғарорда тўхтарди. Исхоқ ерга ишлов бериб, яхши хосил олишни бошлагач, атрофидагилар унга ёмон кўз билан қарай бошлашди. Шунинг учун хам Исхоқ Беър шевага кетди. Исхоқ икки ўғил кўрди. Бирининг исми Эсов иккинчисининг исми Ёқуб эди. Улар хали онасининг қорнидалигидаёқ, Худованд каттаси кичигига қул бўлади, деган эди. Бироқ Ёқуб хам онаси хам Худони кутмай ўзлари нотўғри йўл билан тўнғичликни қўлга киритди. У акасининг дуосини ўғирлаб, тоғаси Лобоннинг олдига кетди. У ерда хам тоғаси Лобон учун ишлади. Тоғаси билан ораларида келишмовчилик чиққач эса қулай вақтни пойлаб мол-мулкини йиғиштириб, жўнаш тараддудига тушди. Уч кундан сўнг эса Лобон Ёқубга етиб олди ва уйидаги илохлари йўқолиб қолганини айтиб, Ёқубни айблади. Ўша даврдаги қонунга кўра куёв қайнотаси уйидаги илохларни хам олишга хаққи бор эди. шунинг учун хам Рохила бутларни ўғирлаганда эримга тегишли бўлган нарсаларни олиб кетаяпман, деб ўйлаган. Лобон бир нечта худоларга ишонарди, Ёқуб бўлса ягона Худога ишонган.
Йўл йўлакай акаси билан ярашишнинг йўлларини қидирди. Бунинг учун Худога илтижо қилди. Худо уни қўллади. Ёқуб Рохиладан туғилган ўғли Юсуфни жуда яхши кўрарди. Унга бошқалардан ажралиб туриши учун рангли чопон олиб берди. Одатда эркакларнинг чопони оқ ёки сур матодан бўларди. Акалари Юсуфни ёмон кўришарди. Шунинг учун хам уни Исмоилийларнинг савдогарларига сотиб юборишди. Пўтифарнинг хонадонига келиб Худонинг мархамати билан хизматкорларнинг бошлиғи бўлди. Аста секин қийинчиликлардан ўтган Юсуфни, Фиръавн туш кўргач, саройга келтиришди. У хар қандай холатда хам қандай Худога хизмат қилишини ва ишонишини яширмади. Пўтифарнинг хотини уни васвасага солганида хам Худога қарши гунох қилишни истамади. Фиръавн тушини айтиб берганида хам: «Мен фақат Худо менга айтган нарсаларнигина айтаман. Бу тушнинг таъбирини фақат Худо билади”, — деган эди. Ўғлининг кўрганида “Худо қийинчиликларимни унуттирди” деб, ўғлининг исмини Манаше қўйди. Худо уни Миср юртида юксалтирди. Бу Исроил халқига Нажоткор юбориши хақидаги режасининг бир қисми эди.