3:57

Ангина 2

MP3

Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Биз ўтган сафар сизлар билан ангина ҳасталиги ҳақида суҳбатимизни бошлаган эдик. Бугун ҳам ангина ҳасталиги ҳақида сизлар билан чуқурроқ танишамиз. Агар ҳасталик ҳақида тўғри маълумотга эга бўлсак, уни енгиш ҳам осонроқ бўлади. Ёдингизда бўлса ўтган сафар ангинанинг бир неча турлари ҳақида маълумотга эга бўлдик. Булар катарал ангина, луканар ангина, фолликуляр ангина ва флегмоноз ангина эди. Флегмоноз ангинани даволашда ютишга қийналаётган беморга таблеткалар ўрнига эм дори кўринишидаги кучлироқ антибиотиклар тайинланади. Шунингдек, антигистамин препаратлар, томоққа иситувчи компресслар, илиқ эритма ёки дамламалар билан томоқ чайиш, иситма туширувчи ва оғриқ қолдирувчи воситалар тавсия этилади. Агар флегмоноз ангинанинг иккинчи кунданоқ даволаш муолажалари бошланмаган бўлса, 5-6 куни бодомсимон без олдидаги клетчаткада чегараланган йиринг халтаси ҳосил бўлиши мумкин.

Бу бодомсимон без олди абцесси дейилади. Бунда шошилинч жарроҳлик аралашуви зарур бўлади. Флегмоноз ангина ҳамда бодомсимон без олди абцессидан ташқари, ангиналарда ўткир ўрта отит, ўткир ларингит, ҳиқилдоқ шиши, бўйин флегмони каби маҳаллий асоратлар қолиши мумкин. Умумий асоратлардан – бўғим ва юракни зарарлайдиган ревматизм, буйрак коптокчаларининг яллиғланиши ривожланиши эҳтимоли бор. Ревматизм бўғимларда, аввалига бирида пайдо бўлиб, сўнг тезда бошқасини ҳам қамраб оладиган оғриқ билан кечади. Бундан ташқари, юрак фаолиятида қандайдир носозликлар сезилиши, озроқ жисмоний меҳнат қилинганда ҳансираш кузатилиши мумкин. Агар касаллик буйракларга ҳужум қилган бўлса, пешоб ранги қизаради, пешоб чиқариш камайиб, юзда шишлар пайдо бўлади, артериал қон босими кўтарилади. Бундай аломатлар кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат этиш зарур.

Ангина билан оғриганда нималар қилиш керак. Юқорида айтиб ўтганимиз катарал ангинада томоқни эритмалар, дамламалар билан чайиб, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш ва ўрин кўрпа қилиб ётиш етарли. Қандай эритмалар ва дамламалар фойдали. 0,5 чой қошиқ ош содасига, 1 стакан илиқ сув ёки сут қуйиб бу суюқлик билан томоқни чайиш мумкин. 1 ош қошиқ доривор ромашка ва шалфейга бир литр қайнаган сув қуйиб, бир оз тиндириб, шу дамлама билан томоқни чайиш керак. Томоқ чайишдан ташқари оёққа қайноқ ванначалар қилиш буюрилади. Бу холатда халқ табобатига мурожаат этиш ҳам ҳасталикни енгишга ёрдам беради. Масалан: 1 бош пўстлоғи артилган пиёзни гўштқиймалагичдан ўтказиб, суви сиқилади. Бу шарбат кунига 3-4 марта 1 чой қошиқдан ичилади. 2) Томоқни илиқ намакобга чайиш ҳам наф беради. Бунинг учун бир чой қошиқ туз бир стакан сувда эритилиб, ҳар 3 соатда уч мартада томоқ чайилади.

3) Икки кун давомида тозаланган оч керосин билан бодомсимон безлар артилади. 4) Бўйинга иситувчи компресс қўйилади. Бунинг учун ярим литр сув билан бир чой қошиқ уксус аралашмаси, иситилган ўсимлик ёғи, ароқ, тенг ярим сув билан аралаштирилган спирт, ёки шунчаки оддий иссиқ сувдан ҳам компресслар қилиш мумкин. Компресс қуйидагича қилинади: юқорида келтирилган суюқликларга шимдирилган мато томоққа қўйилади. Устидан хитой қоғози ёки мумланган қоғоз қўйилади. Сўнг пахта қўйиб, бинт билан боғланади. Ангина бошланаётганда лимонни, айниқса пўстлоғини аста чайнаш ҳам фойда беради. Шундан сўнг бир соат давомида ҳеч нарса емаслик лозим. Бу муолажа уч соатдан кейин яна такрорланади. Аввало ҳаммангизга соғлик ва саломатлик тилаймиз. Борди-ю, яқинларингиздан бирортаси бу ҳасталик билан оғриб қолса, маълумотларимиз сизларга асқотиб қолиши мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top