4:02

Танлаш, мархаматлаш, синдириш ва бериш

MP3

Азиз тингловчилар хар биримиз Исо Масихнинг 5 та нон ва иккита балиқ билан 5 минг кишини тўйдиргани хақида ўқиганмиз. Келинг Марк 6 боб 41 оятни яна бир ўқийлик: «Исо бешта нонни олди ва осмонга қараб шукрона дуосини ўқиди. Нонларни синдириб, халойиққа тарқатиш учун одамларга берди.” Бу оятда Исо Масихнинг нонни нима қилганини яхши билиб олдингизми? У нонни олди, баракалади, синдирди ва одамларга берди. Бизнинг хаётимиз хам худди шу нонларга ўхшайди. Худованд бизни танлади. У бизни танлагани учун хам ундан миннатдор бўлишимиз керак. Махалламиздан, оиламиз ва қариндошларимиз орасидан бизни танлади. У бизни Ўзининг Самовий оиласига қабул қилди. Бизлар танланганмиз. Кейин эса Исо нонни баракалаганидай, Худо хам бизни баракалайди. У бизни хар томондан баракалайди. Балки биз баъзида Унинг баракаларини кўролмасмиз, аммо Ундан ибодат қилиб сўрасак, У бизга хамма баракаларни кўрсатади. Раббимиз Исо Масих нонни баракалаганидан сўнг, нима қилди? Эсингиздами?

У нонни синдирди. Худди нонни синдирганидай, бизни хам синдиради. Баъзи бир кутилмаган ишлар, қийинчиликлар, синовлар орқали бизни синдиради. Синдиришининг хам сабаби бор. У бизни бекорга синдирмайди. Бошқаларга фойдали бўлишимиз, Худо йўлида ўсишимиз ва тобланишимиз учун синдиради. Синдирилганимиздан кейин бизни одамларга беради. Биз нафақат баракаланишимиз балки, синдирилиб бошқаларга берилишимиз хам керак. У бизни ишлатади. Унинг хаётимизда махсус режаси бор. Биз Худованднинг йўлида яшар эканмиз, бошқаларга фойдали бўлишимиз керак. Худованд бизни бошқаларга беради. Уларнинг мухтожликларини қондириш, рухан озиқлантириш учун бизларни беради. Шундай экан Худованднинг оиласига қабул қилиндим, энди менга хеч қандай ёмон нарса бўлмайди, деб ўйламанг. Хаётимизда турли хил қийинчиликлар, оғриқли дамлар бўлади, аммо Худованд хаётингда хеч хам қийинчилик бўлмайди демаган.

Аксинча У қийинчликда сенинг олдинда бўламан, деб ваъда берган. Худо сизни қачон танлаганини эслай оласизми? Худо хар биримизни танлаган. Сиз хали Исо Масихнинг ножотини қабул қилмасингиздан олдин, хали онангиз қорнида бунёд бўлмасингиздан олдин сизни танлаган. Бу хақида Хазрати Довуд нима деганини биласизми? Келинг Унинг Худовандга айтган сўзларини тинглайлик: «Бутун ичларимни Сен бунёд этдинг, онам қорнида мени ташкил қилдинг. Сенга шукрлар қиламан, мен хайбатли суратда яратилганман. Санъатинг ажойибдир Сенинг, буни жон деб тан оламан. Шаклим Сенга сир эмас эди; пинхона вужудга келганимни, ернинг жойларида тўқилганимни, хаммасини хам Сен биласан. Хамон пушт шаклида эканман, кўзларинг кўрарди мени. Хали бир кун хам яшамаганимда, Сен кунларимни тайин қилиб, хаммасини китобингга ёзган эдинг.” Жуда ажойиб сўзлар. Демак Худованд бизни танлаган экан, У Ўз танлаганларини мархаматлаган хам. Ха, У бизни мархаматлаган, хозиргача мархаматлаб келмоқда.

У бизни бошқаларга беришни истайди. Аммо бунинг учун бизни синдириши керак. Бу жуда оғир эшитилади, аммо бизнинг бошқаларга фойдали бўлишимиз учун синишимиз керак. Худо биздаги ёмон иллатларни олиб ташлаш учун бизни синдиради. Кимлардадир, мағрурлик бор, кимлардадир сохталик, ёки бўлмаса кимлардир ўзганинг дардини тушуна олмайди. Худди мана шуларни йўқотиш ва ўрнига Масихнинг сифатларини жойлаш учун бизларни синдиради. Шундан сўнггина бизларни бошқаларга беради. Биз бошқалар учун мархамат бўламиз. Азиз тингловчилар, сизнинг танланганингиз, мархаматланганингиз ва синдирилганингиз хақида хар бирингизнинг ўз хикояларингиз бор. Агар маъқул топсангиз уларни биз билан бўлишинг. Сизнинг гувохликларингиз орқали бошқалар хам далда олсин. Худованднинг Рухи хамиша сиз билан бирга. Омин!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top