4:23

Жамоат нима?

MP3

Қадрли биродарлар, дўстлар. Бу саволни жуда кўп бора эшитганмиз, ва бунга хам талайгина жавобларимиз бор деб ўйлаётган бўлсангиз ажаб эмас. Аммо хар сафар шу хақиқатлардан бир янги нарса ўрганиш хам мумкин. Шунинг учун бугунги сухбатимизга хам диққат билан қулоқ солсангиз хозиргина айтганларимиз қанчалик хақиқат эканини билиб оласиз. Жамоат нима деган саволга фақатгина Каломдан жавоб топиш мумкин. Шунинг учун Эфесликларга 4 боб 15 оятга қарайлик: “Биз аксинча, хақиқат ва мухаббатга содиқ қолиб, хар жихатдан баданнинг боши – Масих томон ўсиб борайлик. Унинг бошчилигида бутун бадан алохида-алохида хаётий паю бўғинлар ёрдамида ўзаро уланади ва бирикади. Хар бир бўлакнинг алохида ўз холича, мухаббат билан харакат қилиши натижасида бадан ўсиб улғаяди. ” ёки 25 оятни олиб қарасак, «Чунки биз бир-биримизга тананинг аъзоларидаймиз.” бу оятлардан кўриниб турибдики Жамоат бу тана. Биз жамоат хақида Муқаддас Каломдан жуда кўп нарса билиб олишимиз мумкин.

1 Тимўтий 3 боб 15 оятда Павлус унга шундай деб ёзган: “Борди-ю кечиксам, Худонинг хонадонида қандай харакат қилиш лозимлигини сен билишинг керак. Худонинг хонадони – бархаёт Худонинг уммати, хақиқат устуни ва пойдеворидир.” Энди бу оятга қарайдиган бўлсак, жамоат нима экан? Жамоат бу хонадон, яна хам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак бир оила. Чунки хонадон сўзида оила маъноси хам бор. Биз жамоатдагилар хаммамиз бир оиламиз. Бир жамоатда хаммамиз опа-сингил, ака-укадаймиз. Демак хаммамиз Худованднинг оиласи ва фарзандларимиз. Бундай оилада бир-бирини ёмон кўриш, ғийбат қилиш ва яна бошқа гунохлар бўлмаслиги керак. Худди Худонинг маъбадини муқаддас сақлашимиз керак бўлганидай, Унинг хонадонини хам муқаддас сақлашимиз лозим. Биз юқорида жамоатнинг иккита кўринишини келтирдик. Биринчиси Тана, иккинчиси оила. Биз бир оиламиз.

Хўш жамоат яна нима? 1 Бутрус 2 боб 4-5 оятлар шундай дейди: “Инсонлар кераксиз деб ташлаган, лекин Худо қимматбахо деб танлаган тирик тош — Раббимиз Исо Масихга яқинлашинглар. Ўзларингиз хам тирик тош бўлиб рухий бино барпо этинглар.” Бу оятга кўра бизларнинг хаммамиз рухий тошлармиз ва хаммамиз биргалашсак, рухий бино бунёд бўлади. Ха хар биримиз бир қимматбахо тошмиз, агар ўз ўрнимизни топсак, рухий бинонинг қурилишида катта хисса қўшган бўламиз. Бир тош ўзи хеч нарса бўлолмаганидай, бошқа биродарларсиз хам бир биродарнинг ўзи бир бино бўлолмайди. Шунинг учун хам биродарлар ўртасида бирлик, мухаббат хукмрон бўлиши керак бўлади. Биз жамоатнинг тана, оила, бино эканлигини кўриб чиқдик, энди эса охирги кўринишини кўриб чиқамиз. Охирги кўринишини сизларга айтишдан олдин, Муқаддас каломдан бир оят ўқисак, ўзларингиз хам буни билиб оласизлар:

“Аммо сизлар – танланган бир авлод, Шоханшох рухонийлари, муқаддас халқ, Худонинг азиз қавмисизлар. Худо сизларни қоронғиликдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, сизлар Унинг фазл-камолотидан хабар бериш учун танлангансизлар. Бир вақтлар халқ эмас эдингизлар, энди эса Худонинг халқисизлар. Бир вақтлар мархамат топмаган эдингизлар, энди эса Худонинг мархаматига ноил бўлдингизлар.” Бу оятларни ўқигач охирги ўхшатишимиз нима эканини билиб олган бўлсангиз керак. Ха, охирги ўхшатишимиз бу халқ. Биз жамоатдагилар хаммамиз бир халқмиз. Бир халқ бошқа бир халқдан фарқ қилганидай, бир жамоат хам бошқа бир жамоатдан фарқ қилади. Худо бир хилликни ёқтирмайди. У хар бир кишини бошқача қилиб яратганидай, жамоатларни хам хар хил қилиб яратган. Биз жамоатдагилар Худованднинг азиз қавми ва муқаддас халқимиз. Худованд бизни атайлаб дунё орасидан саралаб олган. У бизларга қараганида Ўзининг халқи деб билади. Уни улуғлайдиган, Унга шараф келтирадиган муқаддас халқи. Шундай танланган ва муқаддас халқ бўлиш ажойиб-ку, тўғрими?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top