3:13

Кимга хизмат қилайлик?

MP3

«Марфа эса тайёргарчилик ишлари билан жуда овора эди…Марям эса ўзи учун яхши улушни танлади ва бу ундан тортиб олинмайди» Лука 10:40,42

Хонадонингизга меҳмон келмоқда, яхши мезбон сифатида меҳмоннинг кўнглини олиш учун аввалдан тайёргарлик кўрасиз. Меҳмон келганидан кейин ҳам у учун елиб югурасиз. Меҳмондўстлик яхши ҳислат. Бироқ баъзан меҳмондўстликни, меҳмон учун елиб-югуриб ҳаракат қилишни ҳам ошириб юборамизми, дейман. Меҳмоннинг олдини егуликларга тўлдириб, ширин каломимизизга кўмиб ташлаймиз-у, у билан дилдан суҳбатлашишни кейинга қолдирамиз. Бу ҳам тўғри эмас, назаримда. Хонадонимизга меҳмон келгач, у учун қилинадиган хизматларга эътиборимизни қаратмай, унинг ўзига, ва қалбига қулоқ тутсак, у билан дилдан суҳбатлашиб, ширингина вақт ўтказсак, бўлмасми?

Шундай қилишни маъқул кўраман. Муқаддас Каломда ёзилишича Марта Исо Масиҳга тушлик тайёрлади. Масиҳ келганида Унга хизмат қилишга киришиб кетди. Ҳаркатлари ва хизматлари билан Унга маъқул келишни истади. Бу ҳаракатлари унинг хатоси эди. У Раббиси учун хизмат қилишга берилиб кетди, Мартанинг хизматлари Раббийнинг ўзидан кўра биринчи ўринда бўлиб қолди. Худди мана шу хатони бугунгача кўплаб масиҳийлар такрорлайди. Марта Исо Масиҳга хизмат қилаяпман деб ўйлади, бироқ унинг Раббий учун бошланган хизмати ўзи учун хизматга айланиб кетди. Яхшилаб ўйлаб кўрсак, Марта шу ишларнинг ҳаммасини Раббим учун қилаяпман деб ўйлади-ю, шу ишлари билан Масиҳнинг мақтовига эришмоқчи. Биз ҳам меҳмон келганида, нега бунча елиб югурамиз?

Меҳмон хафа бўлмай кетсин деб, дейсизми? Бунинг замирида яна қандай мақсад ётибди экан? Меҳмон бизни мақташини истаймиз-ку! Демак, меҳмондўстлик қилишдан асосий мақсадимиз, ўзимизга шараф келтириш экан-да?! Марта ҳам шундай деб ўйлаган, Исо Масиҳга хизмат қилишдай бошланган ишлар, Марта учун қилинаётган бўлиб қолди. У тайёрлаган тушлик, Мартага эмас Исо Масиҳга шараф келтириши кераклигини унутди. Афсуски баъзан Раббимиз учун хизматга шу қадар берилиб кетамизки, Унинг Ўзига эътибор қаратишни, Унинг бизга айтмоқчи бўлган гапларини эшитмаймиз. Худованд бизнинг хизматимизни эмас, қалбимизни хоҳлашини ёдимиздан чиқарамиз. Худо ўзига керакли бўлган хизматни бизсиз ҳам бажара олади.

У биздан энг аввало қалбимизни беришимизни истайди. Дастлаб Марта ва Марям ҳикоясини ўқиганимда, Марям дангасалик қилаяпти, деб ўйлаган эдим. Чунки одатларимизга кўра меҳмон келганда, катталарга ёрдам беришимиз ва меҳмоннинг кўнглини топишимиз керак-да. Бироқ вақт ўтиб нима учун Масиҳ: «Марям эса ўзи учун яхши улушни танлади ва бу ундан тортиб олинмайди » — деганини тушундим. Биз Худонинг иродасига кўра бир иш қилганимизда, бу ишлар беҳудага кетмайди. Бугун қилмоқчи бўлган қайси ишларимизда Худонинг иродаси бўлса, ўша ишларимизнинг натижаси аъло даражада бўлади. Ҳар тонг Худодан бугун қиладиган қайси ишларимда сенинг ироданг бор, деб сўранг. Ҳар куни ўзингизга эмас Раббимизга хизмат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top