«Агар сиз бошқаларнинг айб-гуноҳларини кечирсангизлар, самовий Отангиз ҳам сизни кечиради. Бироқ, агар сиз бошқаларнинг айб-гуноҳларини кечирмасангизлар, Отангиз ҳам сизни кечирмайди.» Матто 6:14-15
Ассалому алайкум. Суҳбатимиз аввалида сизларга фойдали бўлган бир сайтни келтириб ўтмоқчиман. Чиндан оила мавзусига қизиқсангиз бизнинг www.najot.com сайтимизга кириб кўринг. Энди бемалол суҳбатимизни бошласак ҳам бўлади. Аввалги суҳбатларимизда айтганимиздек кечирим бериш осон эмас, у юрак билан ақлнинг иши. Кечирим бериш учун онгимиз билан англаб, қалбимиз билан рози бўлишимиз керак. Ҳар бир оилада жанжал бўлиши табиий, кичик, арзимас жанжаллардан сўнг эр-хотин тезда ярашиб кетадилар. Бироқ жиддий, оиланинг мустаҳкамлигига раҳна соладиган, эр-хотин ўртасидаги муносабатни бузадиган жанжаллар ҳақида чуқур ўйлаб кўриш керак.
Бундай жанжаллардан сўнг, турмуш ўртоқларнинг ярашиб кетиши қийин бўлиб қолади. Айниқса турмуш ўртоқлардан бири ишончни йўқотганида. Никоҳ, ҳамманинг кўз ўнгида пок ва муқаддас бўлиши лозим. Никоҳ – бу ҳар икки томоннинг умрлари охиригача садоқатли бўлишга қилган аҳдидир. Турмуш ўртоқларнинг бир бирига бўлган муҳаббати ва садоқати билан никоҳ гуллаб-яшнайди. Бусиз никоҳ боғи қуриб қолади. Турмушда кимдир ишончни йўқотса, уни яна қайта қозониш мумкин. Бироқ бу жуда мушкул бўлади. Бунинг учун эр-хотинлардан ҳар иккиси ҳам оиласини ва ўртадаги муносабатни сақлаб қолишни исташи керак. Хато қилган одам чин дилдан кечирим сўраши ва хатосини бошқа такрорламаслиги, озор чеккан одам эса турмуш ўртоғини кечиришга тайёр бўлиши керак.
Никоҳларидаги мана шу жанжанл ёки муаммонинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш учун ҳар иккиси ҳам бир вақт белгилаб, бу ҳақида суҳбатлашиб олишлари зарур. Тумруш ўртоқлардан бири ўз хатоси билан иккинчисига озор етказган бўлса, иккинчи кишининг қалбида бу озор сақланиб қолади. Бу жароҳатни бир-икки ҳафта ичида йўқотишнинг иложи йўқ. Жароҳатни даволаш вақтнинг иши. Муҳими озор чеккан киши турмуш ўртоғини кечиришга қарор қилсин. Бу қарордан кейин ҳам қалбидаги жароҳат уни қийнайверади, бироқ энди кечирганидан кейин, бу жароҳатларга эътибор қаратмай, кечиргани ҳақидаги қарорини эслаши керак. Ҳар сафар қалбдаги оғриқлар ўзини билдирганда, ҳар сафар уларни рад этиб, қилган қарорига юз буриши лозим. Кечирим беришнинг мукофоти катта.
Биринчидан кечирим бериш Худонинг буйруғи, иккинчидан эса кечирим бериш билан оилангизни сақлаб қоласиз. Ҳар икки ҳолатда ҳам мукофотланасиз. Худонинг амрига итоат қилганларни Худованд баракалайди. Итоаткорликнинг мукофоти баракатдир. Иккинчи томондан эса кечирим беришингиз оилангизнинг келажак тақдирини белгилайди. Шундай оилалар борки, турмуш қурганига 15-20 йил бўлган, бироқ шунда ҳам кечирим беришга қийналишади. Тасаввур қилинг, агар турмуш ўртоқлардан бири иккинчисини кечиролмаса, шунча йиллик оиланинг барбод бўлиши ачинарли эмасми? Суҳбатимизни Муқаддас Каломдаги бир оят билан якунласак: «Бир бирингизга нисбатан чидамли ва кечиримли бўлинглар. Агар бир киши иккинчисидан хафа бўлса, Масиҳ сизларни кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар.»