3:09

Болани мустақилликка ўргатамиз

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Болаларимизни кўпинча ҳеч бир ишни мустақил бажара олмасликда айблаймиз, койиймиз. Бироқ «ҳой тегма, ҳой қоч» деб унинг ҳатти-ҳаракатини чеклаган ўзимиз-ку! Келинг, вазиятни ўзгартирамиз. Аввало, буни ўзимиздан бошлаймиз. Бугунги суҳбатимизда ота-оналар энг кўп йўл қўядиган хатолар ҳақида сўз юритамиз. Ота-оналар 3-4 ёшли фарзандларининг ҳамма эҳтиёжларини ўзлари қилиб беришга ҳаракат қилишади. Болакай тувакда ўтирганида ҳам, кийинганида ҳам, овқатланганида ҳам ҳаммаёқни ифлос қилиб ташламасин, деб ҳамма ишни у учун ўзлари қилишади. Шундай бўлгач, болакай мустақилликни қаердан ўргансин. Ота-оналар боғчага борадиган боласини кийинтириб-ечинтиради, мактабга кетаётганида портфелини тайёрлаб беради, ўсмир фарзанди учун эса керакли китоб-дафтарларни сотиб олади… Демак, боланинг ўзи учун ҳеч нима қила олмаслигига кўпинча ота-оналар айбдор бўлишади.

Narrator 2 Бола 2-3 ёшлигидаёқ ўз мустақиллигининг илк жазосини олади. Тасаввур қилинг, у катталарнинг ҳатти-ҳаракатларини такрорлашга уринаяпти. Ҳали супургига ёпишади, ҳали латтага… Шу пайт она койиб қолади: «Тегма, тушириб юборасан, кийиминг кир бўлади!» Аммо ўйлаб кўринг, болага уй ишларида сизга ёрдам бериши учун озгина изн берсангиз бўлади-ку! Ҳа, бироз қийин иш. Аммо натижа ўзингиз кутгандек бўлади: болангиз бир ишни эплолмайдиган ношуд ва дангаса эмас, эпчил, меҳнаткаш бўлиб ўсади.

Одатда, бола кичкиналигида ота-оналар учун ҳаммасини ўзлари бажарганлари қулайроқ. Масалан, «болам тугмасини қачон қадаб бўлади-ю, қачон сайрга чиқамиз. Ундан кўра ўзим тез-тез…» Лекин кичкинтой қўғирчоқ эмас-ку! У ўзини-ўзи парвариш қилишга ўрганиши керак.

Narrator 1 Болага мустақилликни ўргатиш учун унинг маъсулиятлари доирасини аниқлаб беринг. Тенгдошларига бир боқинг. Уларнинг қўлидан нималар келаяпти. Бироқ кўр-кўрона кўчириш ярамайди. Ҳар битта боланинг ўз ривожланиш шиддати, ҳар бир оиланинг ўзига ҳос анъаналари бор. Бола айрим мустақил амалларни тенгдошлари билан биргаликда бажаргани яхши. Масалан, тўгаракка бувиси билан эмас, ўртоқлари билан борсин. Энг асосийси, ҳар бир мустақил ҳатти-ҳаракат учун хавфсизлик йўриқномаси берилиши шарт. Масалан, идиш-товоқни синдирмай ювиш ёки йўлни яшил чироқда кесиб ўтиш керак.

Narrator 2 Мустақиллик — бу маъсулият. Фарзандларимизни аста-секин мустақилликка ўргата бориб, уларга маъсулият ҳиссини ҳам сингдирамиз. Айниқса, ўғил болаларда бу ҳисни бўлиши муҳим. Аммо айрим оналар ҳаддан ортиқ муҳаббат ва парвариш билан фарзандларини «иссиқхонада ўсган помидордек» қилиб қўйишади. Хўш, бундан ким зарар кўради? Аввало боланинг ўзи. Чунки у эртага ўртоқлари орасида ўз сўзи ва овозига эга бўла олмайди. Ҳар бир қарорини онаси ёки отасига тасдиқлатиб олиш одати илк ёшларда ёқимли туюлса-да, бола ўсиб боргани сари ёмон иллатга айланади. Энди у ҳар бир қарорини сизга қабул қилдиради ва маъсулиятини ҳам сизга юклайди. Тасаввур қилинг, фарзандингиз 20, 30 ёшга етганида ҳам унинг муаммоларини елкангизга ортиб юра оласизми? Менимча, бундай истиқбол ҳеч бир ота-онани қувонтирмаса керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top