3:17

Вақт ажратиш

MP3

Ассалому алайкум қадрли тингловчилар. Бугун оилада завқланиш ва эр-хотин кўнгилдагидек вақт ўтказиш учун нималар қилиш лозимлиги ва нималардан қочиш кераклиги ҳақида суҳбатлашамиз. Эр-хотин завқланиши учун алоҳида вақт ажратмаса бўлмайди. Турмуш ўртоқлар ҳар иккисини ҳам бирдай завқлантирадиган нарсаларни билиши ва шунга кўра маълум бир вақт ажратиб, бирга маза қилиши керак. Нега керак деётганимизни биласизми? Турмуш қуриб, фарзандлар дунёга келгач, эр-хотинларнинг ўз мажбуриятлари ва вазифалари кўпайиб қолади. Хотин ишга бориши, рўзғорга қараши, болаларининг тарбияси билан шуғулланиб уларга ғамхўрлик қилиши керак. Эр эса эрталабдан кун ботгунга қадар ишда бўлади.

У ҳам рисоладагидек эр бўлиб оиласини боқишни, ҳеч нарсадан кам қилмаслик учун ҳаракат қилади. Бу вазифалар осон эмас. Айнан шунинг учун ҳам эр-хотинлар жуда кўп ишлашади, бошқа бирор нарса билан шуғулланишга вақтлари бўлмайди. Бироқ бундай ҳаётда эр-хотиннинг муносабатлари узоққа бормайди. Агар эр-хотин ўзлари учун ҳам вақт ажратмасалар, бундай ҳаётдан тезда чарчаб қоладилар. Албатта бундай ҳаёт, жуда зерикарли. Ҳеч қандай завқланиш ва хурсандчилик бўлмаган ҳаётда эр-хотин муносабатлари совиб қолади. Айнан шунинг учун ҳам эр-хотин биргаликда бирор нарса билан шуғулланиб завқланишлари керак деяпмиз. Масалан, телевизорда сизга ҳам турмуш ўртоғингизга ҳам ёқадиган бир фильмни кўрсатишаяпти. Ҳар иккалангиз ҳам бу фильмни маза қилиб томоша қилдингиз.

Агар фильмни бир ўзингиз томоша қилсангиз, 50 фоиз роҳат оласиз, бироқ турмуш ўртоғингиз билан биргаликда томоша қилсангиз 100 фоиз роҳатланасиз. Бу нарса иккингизнинг муносабатларингизга ҳам яхши таъсир қилади. Бироқ завқланиш орқали муносабатларни мазмунли қилиш учун биргина фильм кўришнинг ўзи етарли эмас. Турмуш ўртоғингиз билан бирга маслаҳатлашиб, завқланиш учун нима қилиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Баъзилар турмуш ўртоқлари билан ойда бир марта бирорта сокин кафега ёки ресторанга бориб тушлик ёки кечлик қилишни ёқтиришади. Тушлик қилиш асносида, ширингина суҳбатлашишади, келажак учун орзулар қилишади, бирор нарсаларни режалаштиришади. Бошқалар эса биргаликда парк ёки табиат қўйнига бориб, пикник қилишни маъқул кўришади.

Бу ҳолатда ҳам эр-хотин маза қилиб суҳбатлашиши мумкин. Имконият бўлса, тез-тез театр ва кинотеатрларга бориб туриш керак. Фарзандли бўлсангиз, фарзандларингизга қараб турадиган одам топиб, бир кунни турмуш ўртоғингиз билан ёлғиз ўтказишни режалаштиринг. Эр-хотин фарзандлари ишончли кишининг қўлида эканини ҳис қилган ҳолда бемалол вақт ўтказишади. Ҳеч қаерга чиқишнинг имкони бўлмаган тақдирда ҳам завқланиш учун имкон топса бўлади. Масалан, турмуш ўртоқлардан бири кечки овқатни тайёрласа, оила даврасида мазза қилиб кечки таом истеъмол қилинади. Кейин эса турмуш ўртоқлар биргаликда, кечки сайрга чиқишлари мумкин. Биргаликда вақт ўтказишга вақт ва имкон топсангиз, уни мазмунли қилиш ўз қўлингизда қолади. Муҳими турмуш ўртоқлар бир-бири билан мароқли вақт ўтказишга вақт ажратишсин. Бу уларнинг ҳозирги ва келажакдаги муносабатларига ижобий таъсир кўрсатади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top