3:18

Худонинг фарзандлари

MP3

«Чунки сизлар яна қўрқувда яшаш учун қуллик руҳини олмадингизлар, балки ўғиллик Руҳини олдингизлар. Бу Руҳдан руҳланиб биз Худони азиз Ота деб чақирамиз.» Рим 8:15

Ассалому алайкум Худонинг танланганлари. Гарчи биз бугун ҳам руҳонийлик ҳақида сўз юритсак ҳам, аслида суҳбатимизнинг туб мазмуни биз – Худонинг фарзандлари ҳақида кетади. Аввалги суҳбатларимизда Ибронийлар китобидан бир нечта оятларни ўрганган эдик. Худованд Хорун ва унинг ўғилларини маъбадга руҳонийлик қилиш учун танлаганида, улар киядиган кийимлар ҳақида ҳам кўрсатмалар берган эди. Руҳонийлар тоза шойидан кийим кийишган.

Ваҳий китобида «…кийиниш учун келинга оппоқ шойи берилди», деб ёзилган. Оппоқ шойи азиз-муқаддасларнинг солиҳлиги рамзидир. Эски Аҳдда маъбадда хизмат қилган Хорунни Исо Масиҳнинг рамзи деб хисобласак, унинг ўғиллари эса биз имонлиларнинг рамзи ҳисобланади. Бизнинг Олийруҳониймиз ҳозир, Осмон шоҳлигида Худонинг Ўзи бунёд этган маъбадда хизмат қилмоқда. Биз эса бу ерда Худонинг жамоатида, Унинг йўлида Отамизнинг хизматини қилмоқдамиз. 1Бутрус 2 бобда ажойиб бир оят бор: «Аммо сизлар – танланган бир авлод, Шоҳаншоҳ руҳонийлари, муқаддас халқ, Худонинг азиз қавмисизлар, Худо сизларни қоронғиликдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, сизлар Унинг фазл-камолотидан хабар бериш учун танлангансизлар.» Бу оятга кўра биз Шоҳаншоҳ руҳонийларимиз.

Бизларнинг ишимиз Худонинг фазл-камолотидан бошқаларни боҳабар қилишдир. Отамиз бизларни айнан шунинг учун танлаган. Ҳамда бизлар Малкисидқ мартабаси бўйича руҳонийлармиз. Исо Масиҳ бизни кўп севди. У Ўз қонини тўкиб, бизни гуноҳларимиздан озод қилди. У бизни шоҳлар қилди, Отаси Худо учун руҳонийлар ҳам қилди. Худованд бизни севгани, танлагани учун шундай вазифага эришганмиз. Бир эр-хотин 4-5 ёшли болани асраб олишди. Болакай янги оиласи борлигидан хурсанд, бироқ унинг ҳам ўзига яраша феъли бор. Янги оиладаги опа- укалари билан чиқишолмай юрди. У шу оиладаги ҳамма яхши нарсаларга шерик бўлишни истарди-ю, болаларнинг характерига чидай олмасди. Бир оила бўлганидан кейин, уларнинг яхшиликлари билан бирга ёмонликларини ҳам кўтариш керак бўлади.

Асраб олинган болакай буни тушунмасди. Шунинг учун ҳам янги ота-онасини кўп синарди. «Улар мени яхши кўрармикан? Агар яхши кўрса ўз фарзандларни уришиб қўяди», деган ҳаёлда кўпинча бемаъни қилиқлар қиларди. Ота-она эса унинг қилган ишига яраша жавоб қайтаришарди. Бошида асраб олинган болакай, оиланинг бундай бўлишини тушунмади, бироқ 2-3 йилдан сўнг тушуниб олди. Биз билан ҳам шундай бўлади. Биз Худонинг бизни қанчалар севишини синаб кўрмоқчи бўламиз. Ўзимизни ёмон тутамиз. Бироқ энди Худонинг оиласига кўникиш вақти келди. Бу оилада хар бир фарзанд ўзини қандай тутиш кераклигини ва ўз жавобгарлиги-ю, вазифаларини яхши билиши, бажариши керак. Суҳбатимизни Муқаддас Каломдаги бир оят билан тугатсак: «Қаранглар, Отамиз бизни болаларим деб, қандай буюк бир муҳаббат кўрсатди! Ҳақиқатдан ҳам биз Унинг болаларимиз. Дунё Отамизни танимагани учун, бизни ҳам танимаяпти.»

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top