«Менинг шодлигим сизларга ўтсин ва кўнглингиз қувончга тўлсин деб, Мен бу сўзларни сизларга айтдим» Юҳанно 15:11
Ассалому алайкум. Қадрли тингловчилар суҳбатимизни бошлашдан олдин, агар аввалги суҳбатларимизни ўтказиб юборган бўлсангиз, бу маълумотларни бизнинг www.najot.com сайтимиздан топишингиз мумкинлигини эслатиб ўтмоқчиман. Қадрдонлар бир неча сафардан буён сизлар билан Муқаддас Чодир ичидага жиҳозларнинг руҳий маъноси ҳақида фикр юритмоқдамиз. Ахд сандиғи нималардан ясалгани ёдингиздами? У акас ёғочи ва олтиндан ясалган эди. Ахд сандиғининг тўрт бурчида тўртта олтиндан ясалган халқа ва халқаларга ўтказилган иккита ходалар бор эди. Ахд сандиғини фақатгина Левий қабиласи кишилари елкаларида кўтариб кетишлари лозим эди. Бундан кўриниб турибдики, Худонинг улуғворлигини биз ўзимизда кўтариб юришимиз керак.
Ахд сандиғининг қопқоғи эса «гуноҳлардан покланиш жойи» деб аталган ва у ҳам олтиндан ясалган. Ахд сандиғи қопқоғининг икки четига бир-бирига қараб турган икки каруб жойлаштирилган эди. Улар қанотларини ёзиб, гуноҳлардан покланиш жойини ўраб турарди. Карубларнинг нигоҳлари гуноҳлардан покланиш жойига қаратилган эди. Гуноҳлардан покланиш жойида Худованд Ўз халқи билан учрашади. Биз аҳд сандиғи ҳақида кўп гаплашдик, бироқ унинг ичида нималар бор эди? «Бу ерда хушбўй тутатқи тутатиладиган қурбонгоҳ, шунингдек ҳар томони олтин билан қопланган аҳд сандиғи бор эди. Ахд сандиғи ичида манна солинган олтин идиш. Хоруннинг гуллаган ҳассаси ва аҳд лавҳалари бор эди.»
Муқаддас Калом маннанинг иккита мақсади ҳақида гапиради: «…Эртага эрталаб мўл қилиб нон беради. Эгамизнинг буюк қудратини шунда кўрасизлар. Сизларни Мисрдан олиб чиққан Эгамиз эканини билиб оласизлар». Қонунлар китоби бу ҳақида шундай дейди: «У сизларн оч қолдириб, камтар қилди, кейин эса манна билан боқди. Буни сиз ҳам оталарингиз ҳам инсон биргина нон билан эмас Эгамизнинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан яшашини билиб қўйишингиз учун қилди.» Исо Масиҳ Ўзи ҳақида шундай деган эди: «Мен ҳаёт нониман. Менинг олдимга келган одам сира оч қолмас.» Худованд бизнинг оч қолган қалбларимизни тўйдириш учун самодан манна юборди. Юҳанно 15 бобда Исо Масиҳ шогирдларига боғни мисол келтириб таълим берди. Боғбоннинг асосий иши нимадан иборат? Ўсаётган ниҳолларнинг атрофини чопиқ қилиб, унинг ўсишига ва яхши ҳосил беришига шароит яратиб бериш.
Юҳанно 15 бобда ёзилишича Худованд боғбон, Масиҳ ток биз эса унинг новдаларимиз. Ҳосил пайдо бўлиши учун икки нарса шарт: 1) новдалар озуқа олиши учун токка уланган бўлиши шарт. 2) Яхшироқ ҳосил олиниши учун новдалар ҳомток қилиниши шарт. Гул ўстирадиган аёл гуллари яхши ўсиши учун гулини чуқурроқ қилиб экади. Гули барг чиқариб ўса бошлаган пайтда, ўзи истаган шаклни олиши учун атрофидаги кераксиз барглар ва новдачаларини кесиб ташлайди. Новдадаги ортиқча- гулнинг чиройли ўсишига ҳалал берадиган жойларини олиб ташлайди. Чунки бу ортиқча новдачалар ўсимликнинг озуқасини олиб қўяди. Боғбоннинг ёки гулчининг ўткир қайчиси эса новдаларни ҳомток қилиб ортиқча нарсалардан тозалайди. Худонинг боғбон сифатидаги иши, бизни Ўзи истаган шаклга келтириш. Қадрли биродарлар. Бу мавзудаги суҳбатимиз ҳали ниҳоясига етгани йўқ. Бу ҳақида кейинги суҳбатимизда батафсил маълумотга эга бўласиз.