3:46

Еремия китоби

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Муқаддас Каломда номлари тилга олинган пайғамбарлар ҳақида ўқир эканмиз, уларнинг ҳаётда қандай одам бўлганига қизиқамиз. Улар ҳақида ўқий туриб, ҳаётларини кўз олдимизда гавдалантирамиз. Бугун мана шундай пайғамбарлардан бири Еремиё китоби ва унинг ҳаёти ҳақида тўлиқ маълумотни эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул топдик. Еремиё пайғамбар китоби пайғамбар томонидан эрамиздан аввалги еттинчи асрнинг охири, олтинчи асрнинг бошида ёзилган. “Еремиё” исмининг маъноси маълум эмас, у тахминларга кўра “Яҳвех топади”, “Яхвеҳ юксалади” деган маъноларни бериши мумкин. Еремиё пайғамбар уруш даврида яшаган. Вужудга келган янги кучли шоҳликлар атрофидагиларини забт этарди. Кичкинагина Яҳудо шоҳлиги жанг қилаётган иккита кучли шоҳликнинг орасида қолиб кетган эди. Орадан кўп вақт ўтмай Бобил шоҳлиги Яҳудони забт этди.

Narrator 2 Яҳудо халқи озодликни қўлдан бериб, Бобил шоҳлигининг мустамлакасига айланди. Еремиё пайғамбар бу воқеаларнинг гувоҳи эди. Еремиё йигирма ёшга тўлар–тўлмас, Яҳудо халқига Худонинг сўзини етказа бошлади. Унинг фаолияти милоддан аввалги 586 йилгача, яъни Бобил Яҳудо юртини забт этгунча давом этди. Сўнг эса Мисрга қочиб кетаётган одамлар Еремиёни мажбуран ўзлари билан олиб кетишди. Аммо Еремиё Мисрда ҳам одамларга Худонинг сўзини етказишда давом этди. Еремиёнинг кўп башоратларида ёзилган санаси кўрсатилган. Аммо бу башоратлар хронологик тарзда жойлашмай, мавзулар бўйича жойлаштирилган. Кўпинча Еремиё Худонинг сўзини одамларга аниқ ва тўғри етказиб бериш учун ўз башоратларини нафақат оғзаки, балки ҳаракатлар орқали ҳам тасвирлаб берган, “Эгамиз менга шундай деди: “Бор, ўзинг учун зиғир қийиқча сотиб ол. Уни белингга боғла, аммо сувга теккизма.”

Narrator 1 Эгамизнинг амрига биноан мен қийиқча сотиб олиб, белимга боғлаб олдим. Кейин Эгамиз менга шу сўзини аён қилди: “Сотиб олган белингдаги қийиқчани қўлингга олгину Поро анҳорининг бўйига туш. Қийқчани қоянинг ёриқ жойига яшириб қўй.” Мен Эгамиз буюрганидек қилдим. Қийиқчани Поро анҳорининг бўйига яшириб қўйдим.” (13:1). Яҳудо халқини Худо жазоламоқчи эканлигини Еремиё одамларга айтади. Уларни Бобилликларга таслим бўлишга чақиради. Шу сабабдан ичи қора одамлар Еремиёни хоинга чиқаради. Улар Еремиёни зиндонга ташлашади, ҳатто унинг жонига суиқасд уюштирмоқчи бўлишади. Шунда пайғамбар Еремиё Худога ёлвориб, ичидаги ҳамма дардини айтади. Китобнинг бу қисмлари одамлар орасида “Муножот” деб ном олган . “Эгамиз менга душманларимнинг фитнасини аён қилди. Эгамиз уларнинг ёвуз қилмишларини кўрсатгани учун мен бу ҳақда хабар топдим”(11:18 ).

Narrator 2 Еремиё пайғамбар Яҳудо халқига: “Сизлар Эгамиз билан тузган аҳдни буздингиз, ёлғиз Унга хизмат қилмай, бутпарастликка берилиб кетдингиз”, дея уларга кўп танбеҳ беради. Шу қилмишлари учун Яҳудо халқи Худонинг қаҳрига учраб, Бобилликларга таслим бўлишларини, сўнг эса Бобилга сургун қилинишларини башорат қилади. Аммо бир кунмас — бир кун Худо сийлаган халқини ўз юртига қайтариб олиб келишини, улар билан янги аҳд тузишини айтади: “Мен келажакда Исроил халқи билан тузадиган аҳд шундай бўлади: Мен қонунимни одамларнинг ичига солиб қўяман, қонунни одамларнинг юракларига ёзаман. Мен уларнинг Худоси бўламан, улар эса Менинг халқим бўладилар. Шундан кейин одамлар бир–бирига “Эгамизни таниб–билинг”, деб айтмайдиган бўлишади. Чунки уларнинг ҳаммаси — каттасидан тортиб кичигигача Мени биладиган бўлади. Мен уларнинг айбларини кечираман, гуноҳларини ҳеч қачон эсга олмайман.” Эгамизнинг каломи шудир.” (31:33–34)

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top