Бир қанча назариячилар Худонинг сифатларини ўрганиб чиқишди. Биринчи гурухдаги назариячилар Худонинг олийлиги ва инсонларга ўхшамаслигини борасидаги ҳақиқатларни биринчи ўринга қўяди. Яъниким Худо мустақил. У ўз-ўзидан бор бўлган, у ўзгармас, вақт, ва ҳолатлар қўйинги ҳеч нарса унга тўсиқ бўлолмайди. Бир вақтнинг ўзида ҳамма жойда бўлиши мумкин. У инсонлар каби иш кўрмайди. Унинг ҳаёллари ҳар нарсага бўлинган эмас. Инсон эса бундай эмас, у оддий инсон холос. Худодаги сифатлар унда йўқ. Иккинчи гурух назариячилари эса Худонинг ҳамма сифатлари – яхшилиги, ҳақиқати, муқаддаслиги, солиҳлиги ва бошқа сифатларини бир жойга жамлайди. Бу сифатларни келтиришдан мақсад нима? Мақсад шуки, Худо илк инсонни яратганида унга мана шундай сифатларни берган.
Ибтидо китобида ёзилишича Худо инсонни ўзининг суратида яратди – яъни инсонни руҳан эркин, ўзидаги танлов ва ҳаракат қилиш кучига жавобгар, ҳақгўй, муқаддас, солиҳ қилиб яратди. Бироқ Худога ўхшаш сифатларни инсон илк гуноҳ қилганидаёқ йўқотди. Унинг солиҳлиги ўрнини гуноҳкорлик эгаллади. Бироқ Худо ҳаракатда, У нажот орқали инсонларни яна аввалги ҳолга келтириш учун ишлаяпти. Каломда шундай ёзилган: «Биз ҳаммамиз очиқ юзимиз билан кўзгуга қарагандай, Раббимизнинг улуғворлигига қараб турибмиз. Улуғворликдан улуғволикка ўтганимиз сари, Раббимизнинг суратига томон ўзгармоқдамиз; бу эса Раббимизнинг Руҳи орқали содир бўлмоқда.» Юқорида санаб ўтган сифатларимизга назариячилар доноликни ҳам қўшади. Худо бетакрор донишманд бўлгани ҳолда Ўзининг суратида яратилганларга ҳам донолигидан улашади.
Муқаддас каломда ҳам илоҳий доноликнинг инъом экани ҳақида гапирилган. Маталлар китобида: «Донолик энг аълосидир шунинг учун доноликни олинглар», дейди. Донолик ҳамма соддаларни чақиради. Бу оятлар Худонинг инсонларга донолик улашишга тайёр эканини кўрсатади. Эфесликларга 5:15-17 оятда ҳам шундай ёзилган: «Нодонлар каби эмас, доно кишилар каби кун кечиринглар… Шунинг учун беақл бўлманглар, балки Раббингизнинг иродаси қандай эканини англаб олинглар». Хўш қандай қилиб доноликка эришишимиз мумкин? Бу инъомга эришиш учун инсон нима қилиши керак? Муқаддас Каломга кўра бунинг учун икки талаб бор. Биринчиси Худони ҳурмат қилишни ўрганишимиз керак. Забур китобида шундай оят бор: «Доноликнинг боши – Худодан қўрқмоқликдир».
Худонинг ҳокимияти ва муқаддаслиги олдида илоҳий титроқда камтар ва ўрганишга тайёр бўлмас эканмиз доно бўлолмаймиз. Биз ўзимизнинг нақадар кичиклигимизни, ўйларимизнинг арзимаслигини, Худосиз ҳеч ким эмаслигимизни тан олмас эканмиз, доноликка яқинлашолмаймиз. Иккинчиси эса Биз Худонинг Каломини қабул қилишимиз керак. Доноликка ўзини Худонинг очиқлигига бағишлаганлар эришади. Забур китобида шундай оят бор: «Қонунингни мен қанчалик севаман. Кун бўйи у фикр-ҳаёлимда менинг. Ёвларимдан ортиқ доно қилди мени амринг, то абад меники деб биламан фармонинг». Ҳаворий Павлус ҳам бу ҳақида шундай деган эди: «Масиҳнинг каломи сизда чуқур ўрнашиб, яшнайверсин. Бутун донолик билан бир бирингизга таълим беринг…» Хўш қандай қилиб доноликка эга бўламиз? Бу саволга ҳар бирингиз аллақачон жавоб топгансиз. Худо Каломини ўрганиш ва У билан мулоқотда бўлиш орқали.