3:26

Неча ёшда турмуш қурган афзал?

MP3

Дунёни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди, деганди файласуфлардан бири. Ҳамма ўз тажрибасидан келиб чиқиб ўз фикрини асослашга ҳаракат қилади. Бу борада сиз нима деб ўйлайсиз? Сизнингча неча ёшда турмуш қурган афзал? Оила бахтли бўлиши учун жуфтларнинг ёши аҳамиятлими? Келинг, биз ҳам шу мавзуда суҳбатлашамиз. Бу кўпчиликнинг кўнглидаги, гаплар. Кўпгина давлатларда қиз болани 20 ёшгача узатиш шарт деб ҳисоблашади. Бу фикр кўпроқ шарқий давлатларда кенг тарқалган. Бироқ Европа, Америка, Канада ва бошқа давлатларда эса қиз бола то турмуш қуришга тайёр бўлмагунча турмуш қуриш керак эмас, деб ҳисоблайдилар. Улар қайси ёшда ўзларини турмушга тайёр ҳисобласалар ва ўзларига мос инсонни учратсалар ўшандагина оила қуришга қарор қиладилар.

Баъзан ота-оналар қизларининг раъйига қарамай, ўзлари танлаган йигитга узатадилар. Агар йигит ва қиз бир-бирига маъқул келса оиласи мустаҳкам бўлади, бироқ маъқул келмаса-чи? Бундай ҳолатда ё йигит ё қиз оиласи бузилмаслиги учун, ўртада фарзанд бўлса, фарзанди етим бўлмаслиги учун бир умр ота-онаси танлаган турмуш ўртоғи билан яшашга мажбур бўлади. Бугунги кунга келиб кўпчилик ота-оналар: «Ëшлар оилани қадрлай оладиган, ҳаётни тушунадиган бўлгандагина турмуш қуришлари керак. Ëшидан қатъий назар, маъсулиятни ҳис қила олса, муайян фикри, аниқ мақсади бўлса, демак у йигит-қиз оила синовларига бардош бера олади. Ҳеч иккиланмай уни уйлантириш ёки узатиш мумкин», — деб ҳисоблашади. Бу жуда тўғри ва яхши фикр. Қиз ёки йигит 18-19 ёшда бўлса ҳам, оила қадрини билса, ҳаётни тушуниб, аниқ бир фикрга эга бўлса турмуш қуришлари мумкин.

Ëшлар турмуш қурганидан кейин эса ота-оналар «мен ота, мен онаман» деб ҳадеб ёшларнинг турмушларига аралашавермасликлари керак. Ëшлар бир-бирларини ёқтириб турмуш қуришган бўлса ҳам, ҳаётлари давомида бир-бирининг характерини аниқлаштириб, олгунча кўп марталаб «сен — менга» боришади. Бундай пайтда ота-оналар фарзандларининг жанжалига аралашмаслиги керак. Аразлашган ёшлар ўзлари муросага келишлари керак. Бу борада катталарнинг аралашуви кўпинча жанжалнинг катталашиб кетишига сабаб бўлади. Чунки икки томон ўзиникини маъқуллаб, оилага суқилаверса, ёшларнинг онги заҳарланади. Шунинг учун ҳам, йигит оилани тушуниб, рўзғор тебратишга қодир бўлганида, қиз эса бирор ҳунарни ёки касбни эгаллаб, оиланинг қадрига етадиган бўлганда турмуш қуришгани яхши.

Ота-оналар ўғилларини уйлантиришдан олдин, ўзи ишлаб пул топишга ўргатишлари, яхши-ёмонни кўришига имкон беришлари керак. Йигит атрофидагиларни кўриб, уларнинг ҳаётидан тўғри хулосага келиши, пул топиб, оилани боқишнинг машаққатини ўз бошидан ўтказиб кўриши керак. Қизлар эса оилада ҳамма ишларни қилишни, атрофдагилар билан яхши муносабатда бўлишни, қалб гўзаллиги билан бирга саранжом саришталикни ҳам ўрганишлари лозим бўлади. Йигитнинг ҳам қизнинг ҳам турмуши яхши бўлиши учун ота-она катта роль ўйнайди. Ота-она фарзандларини яхши тарбияласа, уларнинг келажакдаги ҳаётининг яхши бўлишини ҳам таъминлаган бўлади. Хуллас, қайси ёшда бўлмасин, фарзандлар ҳаёт синовларига бардош бера оладиган пайтда турмуш қуришлари керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top