3:14

Ҳаётда мақсадингиз нима?

MP3

Ассалому алайкум. Ҳаётдаги шиорингиз қанақа? Сиз оптимист ёки пессимистлигингизни билмоқчимисиз? Феъл-атворнинг саломатликка таъсири билан ҳеч қизиққанмисиз? Киши ҳаётидаги муваффақият ёки омадсизликлар унинг дунёқарашига боғлиқ эканлигини руҳшунос олимлар аллақачон исботлашган. Сиз қайси сўзни кўпроқ ишлатасиз «доим» ними ёки «баъзан»ними? Агар одамлар бирон бир муаммо, омадсизликка дуч келганда ўз аҳволини «доим шундай вазиятларга тушаман, ҳеч ишим юришмайди-я», деган гаплар билан изоҳласа, у тушкун кайфият эгаси, яъни пессимистдир. Оптимистнинг бу борадаги нуқтаи назари мутлақо бошқача. Бошига тушган ташвишларга жавобан: «Баъзан шундай кунлар ҳам бўлиб туради, начора буни бир дарс деб биламан. Аммо ишонаманки, эртанги куним бугунгидан албатта омадлироқ бўлади» деб ҳисоблайди.

Пессимистнинг оёғига юқоридан ғишт тушиб кетса, «Нуқул шундай вазиятларга тушаман, ўзи ҳамма бало мени қидириб топади», дейди. Оптимист эса «Бошимга тушмаганига шукр», деб йўлини давом эттиради.

Тушкун кайфият эгалари бирон-бир соҳадаги вақтинчалик омадсизликни умумлаштириб, умрларини заҳарлайдилар. Гўёки бутун ҳаётлари фақатгина нохушликлардан иборат. Оптимистлар эса ҳар бирлаҳзадан баҳра олишга ҳаракат қиладилар, ўзларига бўлган ишонч уларнинг дадил ва уддабурон бўлишларига етаклайди. Эътибор берган бўлсангиз, бундай одамлар ҳаммага маъқул келади, оилада ҳурмати бор, ишда уларнинг қўли баланд, иши бароридан келади. Бирон бир муаммога дуч келганда оптимист билан пессимист қандай фикрлайди?

Бу саволга икки тоифа вакилларининг жавоблари ҳам атрофлича бўлади. Пессимист ҳар бир муаммодан ўзининг «шўр пешонасини» айблайди, руҳан бўшашади, тушкунликка тушади. Бўлиб ўтган воқеани ҳадеб ичида такрорлайверади, эслагани сари ич-эти эзилади. Бундай одам ўз имкониятларини жуда паст баҳолайди. Оптимист эса бўлиб ўтган воқеаларни кўнглига яқин олмасликка тиришади. У бўлиб ўтган воқеаларга албатта сабаб топади. Ҳаммасида ўзим айбдорман дейишнинг ўрнига, «бугун бир оз шошилдим, аммо бошқа ишларим жойида, ҳали юришиб кетади, фақат бир оз эҳтиёткор, ақлли бўлишим керак», деб ўзини ишонтиради. Бундай инсонлар ҳар қандай нохуш вазиятда ҳам ўзларига ишонч, ҳурматни сақлаб қоладилар. Ҳатто ўзларини жуда ҳам яхши кўрадилар. Инсоннинг келажакда ким бўлиши ундаги умид ва ишончнинг бор йўқлигига қараб баҳоланади.

Инсоннинг ўзига ишонч ҳисси умид ва ишончга боғлиқ. Ўз-ўзига ишонч, ҳаётга умид билан боқиш ҳам санъат ҳисобланади. Унинг моҳияти омадсизликнинг асл сабабини аниқлаш, вазиятга тўғри баҳо беришдан иборат. Тушкунликка тушган одам ўзини ожиз деб билади ва бу ожизликни келажакка ҳам йўяди. Албатта бундай инсонларнинг катта муваффақиятларга эришишлари қийин. Ортиқча эҳтиёткорлик уларни янги ишга қўл уришдан қайтаради. Инсоннинг оптимист ёки пессимист бўлишига оиладаги муҳит, тарбия ҳам таъсир қилади. Фарзанди ўзиданда ақллироқ, омадлироқ бўлишини истаган киши ўз-феъл атворини ўзгартириши шарт. Шунинг учун ҳам пессимист эмас, имкон қадар оптимист бўлишга ҳаракат қилиш лозим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top