MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Ҳанна ҳикоясини билмайдиган биродар топилмаса керак. Бироқ бугун ҳикоянинг ўзига эмас, Ҳанна шахсига тўхталган ҳолда унинг янги қирраларини топишга ҳаракат қиламиз. Ҳанна ҳақида қисқача қилиб айтадиган бўлсак, у Эфрайим қирларида жойлашган Рама шаҳрида яшовчи Элқана деган кишининг хотини эди. Элқана эса Эфрайим қабиласидан эди. Агар чуқурроқ суриштириб кўрадиган бўлсак, Юсуф ва Иброҳим наслидан эди. ЭФрайим Юсуфнинг иккинчи ўғли бўлиб, улардан ҳам қабилалар бунёдга келган. Ҳаннанинг эри Элқана эса шу қабиладан эди. Ҳаннанинг кундоши ҳам бўлиб, унинг исми Панина эди. Панинанинг Элқанадан болалари бор, Ҳаннада эса йўқ. Элқана Ҳаннага жуда меҳрибон ва уни чин кўнгилдан севарди.

Ҳеч қачон фарзандсизлигини юзига солиб, камситмасди. Бироқ кундоши Ҳаннани ҳафа қилар, у эса йиғлаб ҳеч нарса емасди. Улар ҳар йили Шилўга қурбонлик келтириш учун боришар, қурбонликдан сўнг ўтириб, зиёфат қилишарди. Ҳаннанинг ҳолатини тасаввур қилинг. У неча йиллардан буён кундошининг турткилашларидан безор бўлган, ундан ташқари ўша қишлоқдагилар ҳам Ҳаннани Худонинг қарғишига учраган бир аёл, деб билган. Хўш бундай аёлларга қандай муносабат қилишади. Бундай аёллардан бошқалар ўзини олиб қочади. Ҳаннанинг ҳолати сиз тасаввур қилгандан ҳам ёмон эди. У ҳар сафар Худонинг уйига бориб фарзандсизлиги учун куйиниб, Худодан фарзанд сўраб илтижо қилган. Бу аниқ. Чунки фарзандсизлик катта шармандалик ҳисобланган. Ҳозирги ҳаётимизга ҳам бир қарайлик.

Бугун ҳам фарзандсиз аёлга бошқача кўз билан қарашади. Уни қайнонаси ёки эри томонидаги қариндошлари фарзандсизлиги учун турткилашмайдими? Фарзанд кўрмаяпсан, деб икки ёшни ажратиб юборишгача боришмайдими? Ëки бошқа бир камситишларни олиб қарайлик. Янги келин тушган хонадонга фарзандсиз аёлни киритишмайди. Ҳиндистонда ҳам тўйларда фарзандсиз ва бева аёлларни тўйларга аралаштиришмас экан. Бу каби ҳақоратлар ва хўрланишлар Ҳаннанинг ҳам бошида бор эди. Бу ҳақиқат. Бугун ҳам худди Ҳанна давридагидек, фарзандсиз аёлга паст назар билан қарашади. Ҳанна бу сафарги қурбонлик келтириш маросимида еб-ичиб бўлишгандан кейин Маъбадга кириб қаттиқ йиғлади. Бутун қайғусини Худовандга айтиб шундай деди:

«Эй Сарвари Олам! Шу чўрингнинг қайғусига назар солиб ёдга олсанг, чўрингни унутмай, унга бир ўғил ато этсанг, ўша ўғлимни умрбод Сенга назр қилардим, унинг бошига устара ҳам тегмасди.» Ҳанна бу гапларни овоз чиқариб эмас, ичида пичирлаб айтган. Акс ҳолда руҳоний Элаҳ уни шароб ичиб маст бўлиб қолибди, деб ўйламас эди. Элаҳ унинг ичиб олиб эмас, қайғудан шундай қилганини билгач, «Эсон-омон бор. Исроил халқининг Худоси тилагингни бажо келтирсин, деди.» Ҳанна бу сафар уйига ҳотиржам кетди. Кейинги йили Шилўга бориш пайти келганида Ханна ўғли билан уйида қолди. У Худовандга берган ваъдасини бажарди. Сиз ҳам Худовандга берган ваъдангизни бажарганмисиз? Ҳаннанинг юраги авваллари қандай Худога муҳтож бўлса, кейинчалик ҳам Худо уни фарзандлар билан баракалаганида ҳам шундай садоқатлилигича қолди. Бугун ҳам ҳар бир ота-она ўз фарзандини руҳий маънода Худога топшириши керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top