MP3

Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимиз ҳам Муқаддас Каломда Худо алоҳида эътибор қаратган шахс Довуд ҳақида бўлади. Чунки унинг ҳаёти орқали кўп нарсани ўрганамиз. Довуд шоҳ қилиб тайинланди. Ўша пайтдан бошлаб то тахтни эгаллашигача орадан таҳминан 15-16 йил вақт ўтди. Нега? Нега шоҳ бўлиб танланган бола шунча кутиши керак? Ахир у Худога маъқул келди-ку? Ҳа, Довуд Худога маъқул келди. У айнан Худонинг кўнглидаги одам эди. Худо Довудни Исроил халқининг келажакдаги шоҳи қилиб тайинлар экан, Унда чексиз донолик билан, фақат яқин келажакка эмас, узоқ келажакка асримиз бошига қадар ва бизнинг кунимизга қадар давом этадиган режани ўйлаган эди. Биринчидан Довуднинг қалби Худога маъқул келди.

У пок, самимий, камтар, жон дили билан Худога ишонадиган ва Уни севадиган ўсмир йигитча эди. Айнан шу сифатлари билан у баҳайбат Гўллиёт билан жанг қилишдан қўрқмади. Иккинчидан эса, Худо унда чиндан ҳам Исроил халқига бошчилик қила оладиган сифатларни кўрган. Чўпоннинг қўйларга муносабатини кўрганмисиз? Чўпон қўйларини авайлайди, уларнинг қорнини тўйдиради, уларга нима кераклигини билади. Улар учун мустаҳкам, хавфсиз жой, кенг ва ям-яшил ўтлоқлар керак. Довуд отасининг қўйларини боқиб юрар экан, уларга меҳр билан қаради. Ҳеч бирининг шер ёки бўриларга ем бўлишига йўл қўймади. Ҳужумга келган ёввойи ҳайвонлар билан олишди. Уларни енгди. Қўйларига астойдил ғамхўрлик қилди. Уларни тўғри яйловларга бошлаб борди. Халққа бошчилик қиладиган киши ҳам шундай бўлиши керак эди.

У халқига ғамхўр бўлиши, тўғри бошқара олиши ва душманлардан ҳимоя қила олиши зарур эди. Худо уни шоҳ қилиб танлагининг иккинчи сабаби ҳам мана шунда. Аммо энг муҳим сабаби бор. Бу сабаб Худонинг режасини узоқ келажаккача давом этишини ва ер юзидаги одамларнинг Худога яқинлашишига имкон беришини таъминларди. Муқаддас Каломда бир ҳақиқат бор, яъни Масиҳ айнан Довуд авлодидан келиб чиқиши керак эди. Шу ерда яна бир ҳақиқатга диққатимизни қаратсак. Ëдингиздами, бир сафар биз Рут ҳақида гаплашган эдик. У жуда художўй, камтар, солиҳа аёл бўлган. Унинг турмуш ўртоғи Бозда ҳам худди шундай сифатлар бор эди. У ҳам ғамхўр, меҳрибон ва айни пайтда кучли шахс бўлган. Боз билан Рут Довуднинг катта бобо ва бувиси бўлган. Бу яхши сифатлар балки улардан ўтгандир.

Нима бўлганда ҳам, Довуднинг ҳаётида бўлаётган воқеалардан хулоса чиқариб, Худонинг кўнглидагидай инсон бўлишга ҳаракат қилишимиз, ҳаётимизда бўлаётган яхши ва ёмон воқеаларга хурсандчилик билан қаноат қилишни ўрганишимиз лозим. Чунки Худо ҳеч бир нарсанинг бекор ўтиб кетишига йўл қўймайди. Ҳаётингизда қандайдир қийинчиликни бошингиздан кечираяпсизми, асло тушкунликка тушманг. Худо мана шу қийинчилик орқали эзгу бир режани амалга оширмоқчи эканлиги аниқ. Муқаддас Каломда ёзилганидек, Худо бизнинг ҳаётимиздаги ҳамма нарсани яхшиликка айлантиради. Довуд оилада энг кичиги бўлгани сабаб унга қўй боқиш маъсулияти юкланди. Худо бизга ҳам баъзида ўзимиз истамайдиган бир ишни беради. Бироқ ўша биз истамайдиган ва кичик бўлиб туюлган ишни астойдил, садоқат билан бажарсак, У бизга бундан ҳам шарафли ва каттароқ ишларга лойиқ кўради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top