3:16

Тарбиянинг японча усули

MP3

Ассалому алайкум ота-оналар. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, боланинг қобилият ва қизиқишларига кичкиналигидаёқ туртки берилса, қўллаб қувватланса, улар кейинчалик геомеҳрик прогрессия асосида ривожланиб бораверар экан. Япониялик машҳур педагог ва тадбиркор Масару Ибука мана шу тезисни ҳақиқатга айлантира олган инсонлардан бири ҳисобланади.

Sony фирмасининг асосчиси, «Иқтидорларни ўқитиш» ташкилотининг директори, уч фарзанднинг меҳрибон ва ғамхўр отаси Масару Ибука ўз мамлакатининг ватанпарвар инсонларидан бири эди. Шу боис у Японияни урушдан кейинги иқтисодий қийинчиликдан олиб чиқишни орзу қиларди, шу йўлда тинмай изланарди.

Масару Ибука ўтган асрнинг ўрталарида мамлакат таълими ва тарбия тизимини диққат билан ўрганиб чиққач, жамиятда мавжуд муаммоларнинг туб илдизи ҳатто мактабда ҳам эмас, балки болаларни мактабгача ёшда тарбиялашга бориб тақалади, деган хулосага келди.

Бола ҳам жисмоний, ҳам ақлий жиҳатдан жуда тез ўсади ва катта бўлади. Шу боис ҳар бир босқичда унинг ўсишини тўғри йўналтириб бориш ўта муҳим ҳисобланади. Масару Ибуканинг бу борадаги янги услуби ўзининг фарзандлари тарбиясидаги тажрибалари ҳамда педагогика соҳасининг буюк билимдонлари Мария Монтессори, Глен Доман ва Шиничи Сузукиларнинг хулосалари асосида яратилган эди. Тез орада унинг мазкур услуби нафақат Японияда, балки хорижда ҳам машҳур бўлиб кетди.

Масару Ибука «Уч ёшдан кейин кеч бўлади» деб номланган китобини нашр эттирди. Мазкур асарда бола туғилганидан уч ёшгача бўлган даврда унинг келажагининг асоси – пойдевори қўйилишини, шу оралиқда олинган билим ва кўникмалар эса бир умрга сақланиб қолишини таъкидлайди. Шу боис ота-оналарнинг асосий вазифаси боланинг қобилияти сўниб қолишига йўл қўймай, уни ривожлантиришга туртки беришдан иборат бўлиш лозим.

Ота-оналар англаб етиши керак бўлган муҳим қоида шуки, боланинг эрта ривожланишини қўллаб-қувватлаш даҳоларни тарбиялаб вояга етказишни мақсад қилиб қўймайди. У бахтли, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлган шахсни шакллантиришга йўналтирилган бўлади.

Аслида бирорта бола даҳо бўлиб ҳам, шунингдек, ривожланишдан орқада қолиб ҳам туғилмайди. Ҳар бир бола яхши ўқиши мумкин, ҳаммаси уни ўқитишнинг услубига боғлиқ. Бу нарса шифокорлар томонидан ривожланиши орқада қолган, деб топилган болаларга ҳам тааллуқлидир. Айнан шулар ҳақида Масару Ибука алоҳида тўхталади ва шундай ёзади: «Эрта ривожланиш уларни четлаб ўтмаслиги лозим, аксинча уларнинг оғир ҳолатидан келиб чиқиб, мана шу камчиикларни имкон қадар эртароқ аниқлаш ва эрта ривожланиш техникаси воситасида уни иложи борича йўқотишга уриниш керак». Ҳар бир бола, агар унга зарур нарса керак пайтда берилса, тиришқоқ ва мустаҳкам иродали бўлиб ўсади. Энг асосийси – кичкинтой маълумотларни тўлиғлигича қабул қилишга тайёр пайтни эътиборсиз ўтказиб юбормаслик керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top