3:16

Бола нега ёлғон сўзлайди?

MP3

Болалар ҳар нарсага, турли муҳитга тез мослашувчан бўлишади. Шу сабабли уларга нима тўғри-ю нима ҳато, нима яхшию нима ёмонлигини илк ёшлариданоқ уқтириб бориш керак. Аксарият ота-оналар фарзандларининг тарбиясига етарли даражада эътибор бермайдилар. Бундай эътиборсизлик оқибатида турли ножўя ҳаракатларнинг одат бўлиб қолаётганлиги афсусланарли албатта.

Масалан, кўп болаларда ёлғон гапириш одат тусига айланиб боради. Ота-онасининг «бола-да» деб унинг ёлғонини эътиборга олмаганлари кейинги гал ҳам бу ҳолатнинг такрорланишига сабаб бўлади. Фарзандларимизнинг ёлғон сўзлаши қандай оқибатларга олиб келади? Бу ҳаракатларнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўриш мумкин?

Аслида болалар 5-6 ёшгача нима рост ва нима ёлғонлигини англамасдан туриб, ҳамма гапларни аралаштириб гапирадилар, хаёлларини ҳақиқатдек тушунадилар. Бироқ баъзи болалар 7-8 ёшга киргандан кейин ҳам ёлғон сўзлашда давом этаверадилар. Айнан шу даврда бола айтаётган ҳар бир сўзга эътибор бериш зарур. Айтаётган рост ва ёлғонларини назардан четда қолдирмаслик керак. Болаларнинг ёлғон гапиришларига нималар сабаб бўлади? Биринчидан, уни ўраб турган оила аъзолари, қариндош-уруғлари. Бола ёлғон гапришни авваламбор атрофидаги одамлардан ўрганади. Айниқса у ўрнак оладиган, тақлид қиладиган инсонларининг ҳар бир сўзи – хоҳ у ёлғон бўлсин, хоҳ рост ўз таъсирига иш жойидан қўнғироқ бўлганда уйда бўла туриб «Мен уйда йўқман» деб айтиши, болада ёлғон гапириш мумкин деган таассурот уйғотади.

Ëки бўлмаса онасининг яширинча бирор ишни қилиб боласига «Отангга айта кўрма!» деб ундашлари шулар жумласидандир. Иккинчидан, боланинг ўзига бўлган ишончининг пастлиги. Фарзандингизнинг ёлғон сўзлаши ўзига бўлган ишончнинг пастлиги ва кучсизлиги натижасидир. Қилган ишига жавобгарлик ҳиссини сезмаслик, ўртоқлари томонидан тан олиниши, эътибор қаратиш учун ёлғон гапириш ўзига бўлган ишончнинг пастлигидан далолат. Бундай ҳолларда ота-она болага янада кўпроқ эътибор қаратиб, маъсулиятли вазифаларни топшириб, унинг амалга оширилишини назорат қилиб туришлари, вақти-вақти билан бажарган иши учун ширин сўз ва совғалар билан тақдирлаб туришлари лозим. Учинчидан, ота-онанинг қаттиққўллиги. Ҳаддан зиёд қаттиққўллик ёҳуд доимий равишда танбеҳ бериладиган оилаларда бола ёлғонни вазиятдан чиқа оладиган ечим деб билади.

Фарзандининг қилган энг кичик хатосига чидай олмаган, бундай қилиш нотўғри эканини тушунтиришни ҳам истамаган ота-оналар эса ягона ечим бу – жазолаш деб ҳисоблайдилар. Бу ҳолат болани шубҳасиз ёлғон гапиришга мажбур қилади. Жазоми ё ёлғон? Фарзандингиз қай бирини танлашини ўйлаб кўринг ва ўзингиз уни хато қилишга туртки бермасликка ҳаракат қилинг. Тўртинчидан, боладан ҳаддан зиёд нарсаларни талаб қилиш. Баъзи оилаларда фарзандини яхши даргоҳларда ўқитиш, уни бир нечта машғулотларга қатнашишига мажбур қилиш, ҳар доим «аъло» баҳоларни талаб қилиш болани толиқтириб қўяди. Ёшига тўғри келадиган ўйинг-кулгуни қила олмаган бола, ота-онаси айтган амалларни ҳам бажармаслик учун ҳар нарсага тайёр бўлади. Бундай пайтда ёлғон биринчи бўлиб ёрдамга келади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top