3:18

Бажонудил жон берамиз

MP3

«Баъзи имонлилар Исо Масиҳ учун жон бериш бериш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаганлар, сабаби улар чиндан Масиҳ учун яшамайдилар.»

Бугунги гувоҳлик хитойлик қизлар Чу-Чин Сию ва Хо-Сию-Зу лар ҳақидадир. Уларнинг ҳаётидаги шарафли бу воқеа 1966-69 йилларда бўлиб ўтган. Агар ёдингизда бўлса биз аввалги дастурларимизда ҳам Хитойлик имонлиларнинг имонлари учун қанчалик қийналганлари ҳақида айтиб ўтганмиз. Бироқ бу қизлар ёш бўлишига қарамай, Худонинг иродасини, Унинг режасини чиндан билган ва қабул қилган қизлар эди. Улар билан бирга бир камерада бўлган кишининг сўзларига қулоқ тутайлик:

«Икки Масиҳий қиз Хитой қамоқхонасида ўз ҳукмларини кутишарди. Улар қамоқхона дарчасидан ҳовлига қараб, ўзларининг қатл қилиниши ҳақидаги ҳукмни ҳотиржамлик билан тинглашарди. Уларнинг рангпар юзларидан имон нури ёғилиб, иккисини янада гўзал кўрсатарди. Уларнинг юзида аллақандай ширин бир ғамгинлик бор эди. Бундай ҳолатда қўрқмаётган эдилар деб айтиш нотўғри бўлади. Ҳар қандай кучли одам ҳам жисмоний оғриқдан, ва ўлимдан бир оз бўлса-да қўрқади. Уларда ҳам бироз қўрқув бор эди. Шунга қарамай Чу-Чин-Сию ва Хо-Сию-Зу имонларидан воз кечмай, ўлим ҳукмига бўйсунишга қарор қилишди. Ҳукмни бажариш учун икки ёнида икки соқчи билан қотил ҳам кириб келди. Унинг қўлида револьвер бор эди. Бу киши икки ёш қизнинг чўпони эди.

Уни ҳам икки қиз билан бирга ўлим жазосига ҳукм қилишганди. Аммо қамоқхонадагилар уни йўлдан қайтаришга муваффақ бўлишган. Агар икки қизни ўз қўли билан қатл қилса, уни озод этишга ваъда беришган. У эса бу таклифни қабул қилган. Икки қиз бир-бири билан пичирлашгач, чўпонлари олдида ҳурмат билан таъзим қилишди. Улардан бири унга қараб шундай деди: «Бизни отишингиздан аввал бизга қилган ҳамма яхшиликларингиз учун сизга раҳмат айтмоқчимиз. Сиз бизни сувга чўмдирдингиз, бизга абадий ҳаёт йўли ҳақида ўргатдингиз, ҳозир қурол ушлаб турган қўлингиз билан бизни муқаддас жамоатга етаклаб бордингиз. Бизга Масиҳийлар ҳам баъзида заиф бўлиб қоладилар ва гуноҳ қиладилар. Аммо чин дилдан тавба қилсалар Худо уларни яна кечиради, дегандингиз. Шунинг учун биз ҳам сизга шундай деймиз.

Агар бизни отгандан сўнг қилган ишингизга пушаймон бўлсангиз, Яҳуда каби қочиб кетмай, Бутрус каби чин дилдан тавба қилинг. Ҳамма энг қийин дамларни бошидан кечиради. Худо биз учун қилган ҳамма яхши ишларингизни муносиб тақдирласин. Биз бажонудил жон берамиз.» Улар яна бир марта таъзим қилдилар. Чўпоннинг юраги тош экан. У қуролни тўғрилаб икки қизни ҳам отди. Коммунистлар агар шу ишни бажарса унга озодлик ваъда қилишган эди. Аммо қизларнинг ўлимидан сўнг чўпонни ҳам отиб ташлашди». Жамоат тарихида таъқибчилар кўп марталаб, имонлиларни, жамоат бошлиқларини ўз биродарларини сотишга ундаб келишган. Бунга рози бўлишлари учун кўп нарсалар таклиф қилишган. Қизларнинг чўпони ҳам мана шу тузоққа тушиб, Яҳуда каби ўз биродарига ҳиёнат қилди. Масиҳнинг шаҳиди ўзига яқин бўлган кишидан озор чекса нима қилади? Унга Худонинг муҳаббатини кўрсатади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top