3:24

Ваъз 142

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Азизлар, яна сизлар билан радоимз орқали дийдор учрашиб турганимиздан бениҳоят миннатдормиз. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Раббимиз Исо Масиҳ солиҳ ва бенуқсон бўлганлигини ҳамда ер юзида гуноҳкор инсонлар орасида ўттиз уч йил ҳаёт кечирган бўлсада мутлақо гуноҳ қилмаганини бутун инсоният тан олади.

Шундай экан, У улимга муносибмиди? Агар ушбу саволга асло йўқ деб жавоб берадиган бўлсак, иккинчи савол ўз-ўзидан пайдо бўлади. Нима учун Уни тириклайин хочга михладилар-да деган савол. Жавоб ҳам худди оддий бўлиб кўринсада, кимгадир жавобни ҳамда ўлимининг сабабини тўлиқ тушунтириб бериш учун сўзлар ожизлик қилади. Агар ҳар бир инсон Раббимиз шахсан менинг гуноҳларим учун азоб чекиб хочда ўлди деб айтиши тўғрироқ бўлар эди.

У Худонинг Сўзи «Каломуллоҳ” эди. Эски Аҳд китобларида башорат қилиниб айтилганидай, Раббимиз Исо Масиҳ ўлимидан сўнг учинчи куни ўлимдан қайта тирилди. Унинг тирилиши Худога мақбул бўлган қурбонлик эканлиги исботланди. Айнан шу тирилиш орқали У ўлимни енгди. Энди Унга ишонган ҳар бир инсон абадий У билан ҳаёт кечиради. “Мен Худодан қабул қилганимни дастлаб сизларга топширган эдим, яъни Муқаддас Битикларга мувофиқ Масиҳ гуноҳларимиз учун ўлди, яна Муқаддас Битикларга мувофиқ У кўмилди ва учинчи куни тирилди.

Аввал У Кифага, сўнгра ўн икки шогирдига кўринди. Ундан кейин бир вақтнинг ўзида беш юздан кўпроқ биродарга кўринди. Улардан аксарияти ҳозирга қадар тирик, баъзилари эса дунёдан кўз юмиб кетганлар.”- деб ёзилган 1Коринфликларга мактубининг 15 боби 3 ва 6 оятларида. Раббимиз Исо Масиҳ ҳақиқий қурбон бўлди. Бутун дунёда Ҳазрати Исога ишонганлар, яъни масиҳийлар Фисиҳ байрамини, Исо Масиҳнинг олий жазоси хочга михланиши ва қайта тирилишини катта шодиёна билан нишонлашади.

Демак бу Фисиҳ байрами ҳақиқатга айланди. Исо Масиҳнинг ўлими Яҳудийлар Фисиҳ байрамини қилаётган кунларга тўғри келган эди. Шунинг учун рус тилидаги Пасха байрами нафақат Яҳудийларнинг Фисиҳ байрамини, балки Исо Масиҳнинг ўлими ва тирилишининг ҳам маъносини беради. Ҳақиқий Фисиҳ – Исо Масиҳнинг ўлими ва тирилишидир. Дунёдаги инсонлар Парвардигорнинг ҳақиқий тўлов-тўлашини тушуниши учун бу илк воқеалар орқали Худованд мисол келтириб, Ўз яратганларига ўргатмоқда.

Муқаддас Китобда ёзилишича, буқа ва қўйнинг қони гуноҳларни юволмайди ва бизнинг барча яхши ишларимиз Худонинг солиҳлигига солиштирганимизда бир оддий кераксиз буюумдекдир. Ҳеч кимса йўқдирки, Худонинг қонунларига ва буйруқларига қарши қилган гуноҳлари учун тўлов тўлай олса. Худованд Раббимиз Исо Масиҳни дунёнинг гуноҳларини олувчи Худонинг Қўзиси қилиб дунёга юборди. Исо Масиҳ бизнинг ҳақиқий Қурбонлигимиздир. Азиз радио тингловчи биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top