3:18

Руҳий ғалаба 36

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна ҳаво мавжларида сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон қаршисида эса мен Ғолиббек. Ҳар бир Масиҳга эргашувчи киши ибодатчи бўлмоғи зарур. Айтайлик, Раббимиз Исо Масиҳга Нажоткорим деб ишондингиз. Барча гуноҳларингиз учун тавба қилдинги. Азизлар, бунинг ўзи етарли эмас.

Агар ҳар биримиз эришган янги ҳаётимиз даврида ибодатда бўлмасак, шайтон яна ўз домига тортиб кетиши ҳеч гап эмас. Чунки қилинган ибодатларимизда ўзимиз учун, қолаверса яқин биродарларимиз учун Худованддан ҳимоя сўраймиз. Бизнинг танамиз дуо қилинадиган уй бўлиши керак, чунки танамиз Муқаддас Руҳнинг маъбади ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз ўз танамизни турли гуноҳлардан сақлашимиз лозим.

Ҳаёт учун муҳим ҳисобланган дуодан бизни чалғитадиган ҳар қандай нарса Худо бермоқчи бўлган марҳаматни биздан ўғирламоқчи бўлган ўғридир. Ҳар биримизни Худо билан ажойиб тарзда янада кучлироқ боғлайдиган ҳақиқий дуо қилиш санъатини биз яхшилаб ўрганишимиз зарур. Агар Худо дуони эшитса ва унга жавоб берса, у ҳолда мен биринчи ўринда Худовандга миннадорчилик билдиришим керак. Дуо қилишни билмаслик бу гуноҳ ҳисобланади.

Лекин дуо қилиш бошқаларнинг айтганларини ёддан қайтариш дегани эмас. Ҳар биримиз дуо қилганимизда худди энг яқин инсонимизга дардимизни ёки хурсандчилигимизни айтаётгандай Худованд билан гаплашишимиз зарур. Чиройли сўзлар атрофимиздаги бошқа инсонларга билдириш учун эмас, балки Осмондаги Отамиз учун қаратилиши лозим. Худо Каломи шундай дейди: «Энди менга келсак, албатта Эгамизга сизлар учун дуо қиламан.

Акс ҳолда Унга қарши гуноҳ қилган бўламан. Бундан Худо сақласин! Сизларга фақат тўғри ва яхши йўлни кўрсатаман» 1 Шоҳлар китоби 12 боб 23 оят. Ҳазрати Шомуил Исроил фарзандларига нимани ўргатиши керак эди? Ҳазрати Исочи, У дуо қилиш борасида Ўз шогирдларини нимага ўргатган? Маттодан Хушхабар китобининг 6 боби 9 ва 13 оятларида Раббимиз бизга дуо қилиб яшашимиз учун фойдали бўлган баъзи бир асосларни кўрсатиб беради.

Баъзи биродарлар кўпчиликнинг олдида дуо қилишга уяладилар. Азиз биродар, Худовандга дуо қилишдан уялманг. Агар ёдингизда бўлса, Раббимиз Исо Масиҳ хочга ўлимга боришга ҳеч кимдан уялмади. Ана шу хочдаги Раббимизнинг тўкилган қони ҳар биримизни гуноҳларимиздан фориғ қилди. Наҳотки Худовандга раҳмат деб айтишга уяламиз. Бу уялишни шайтондан бошқа ҳеч ким бермайди.

Чунки у ҳеч қачон бизларни Худованддан миннатдор бўлишимизни истамайди. Унинг биринчи мақсади инсонлар билан Худованднинг орасидаги мулоқотни, яъни алоқани узишдир. Азиз радио тингловчи, ўйлаймизки унинг ушбу ёвуз ниятини амалга ошишига асло йўл қўймаймиз. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, соғ-омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top