2:58

Ваъз 150

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сизлар учун тайёрлаган эшиттиришларимиздан бири. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Азизлар, бугунги эшиттиришимиз орқали биз Худованднинг Каломидан сизлар билан бўлишмоқчимиз.

Ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Келинг бугунги эшитиришимиз орқали бир саволни ўртага ташласак, яъни Худо нима учун инсонни яратди деган савол? Худо нима учун бизни яратди ва биз нима учун яшаяпмиз? Худо авваломбор бизни яратишидан биринчи мақсади — Уни севишимиз ва улуғлашимизни жуда хоҳлаган эди.

У биздан миннатдорчиликни кутади ҳамда улуғ ва раҳмдил Худомиз бор, деб қувонишимизни истайди. Бундан ташқари, Худо Ўзининг бизга бўлган буюк севгиси ҳақида ҳам чуқур ўйлашимизни хоҳлайди. У бу дунёга ягона Ўғли ― Ҳазрати Исо Масиҳни бизнинг гуноҳларимиз учун жазо олишга юбориб, Ўзининг буюк севгисини кўрсатди.

Биз Худонинг фарзандлари бўла олганлигимиз учун Унга чин юракдан миннатдор бўлишимиз керак. Шунингдек, У биздан ўз яқинларимизни севишимизни ҳам кутади. Худо бизни севди ва бу севги бошқаларни севишда бизга куч бағишлайди. Худо нима учун инсонни яратганлигини энди тушунаяпсизми, азиз тингловчи? У биз учун ҳамма нарса қилди.

Энди биз Унинг номини улуғлай олишимиз, Уни севишимиз ва Унинг иродасини бажаришимиз мумкин. Азизлар, ҳар бир инсон ўзига мен Худони севаманми? — деган саволни бериб кўрса яхши бўлар эди.У бизларга ҳар биримизга ҳаёт бергани учун ҳам Уни севишимиз керак. Менга Худони жудаям севган бир одам ҳақида ҳикоя қилиб беришганди.

Бу одам қўшиқлари Худога ёқишини билган ҳолда, ҳар доим У ҳақда куйларкан. Унинг овози ёқимсиз бўлганлиги учун, баъзи одамлар унга ашула айтганингдан кўра, айтмаганинг яхшироқ, дейишаркан. Бунга жавобан у киши шундай дебди: «Мен қарғадан ҳам ёқимсиз куйлаган тақдиримда ҳам Осмондаги Отам менинг қўшиғимга қувонаверади».

Агар биз Худони севсак, севгимиз кўринарли ва эшитиларли бўлиши зарур. Бундан Худо жуда қувонади. Нима деб ўйлайсиз, азиз биродар, қўшиқ айтиш қўлимиздан келмаса ҳам, Худо бизнинг куйлашимизни эшитишни истайдими? Ҳа, албатта. Худованд ҳар бир солиҳ инсоннинг ибодатини ва мақтовларини доимо эшитади. Забур китобининг 146 саносида шундай ёзилган:

“Ҳамдлар бўлсин! Худойимизни тараннум этмоқ қандай яхши, қандай лаззатлидир! Мана, У кўп мақтовга муносибдир!” Азиз биродар, Худованд ҳар биримизни марҳаматласин. У кўрсатган йўлдан адашмайлик. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top