3:03

Ваҳийлар

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз тингловчилар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлсада учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман.

Ҳурматли радио тингловчи бирдарлар, ҳозирги кунда жамоатларда кўплаб ваҳий ҳақида гапирилади. Ҳаттоки кўплаб биродарларимиз айрим ваҳийлар ҳақида гувоҳлик ҳам беришади. Бу мавзуда сизларнинг фикрингиз қандай? Бугун шу масалага бироз тўхталсак.

Ҳар қандай ҳақиқат инсонларга Худованд томонидан берилади. Худованд ушбу ваҳийларни ёки ҳақиқатларни очиб берсагина биз шу ҳақида билишимиз мумкин. Аксинча биз, инсонлар, ўзимизча ҳеч нарсани билишга қодир эмасмиз. Худованд ҳақиқатларни икки турдаги одамларга очиб берган деб айтишимиз мумкин.

Биринчиси, бу пайғамбарлар. Худованд пайғамбарлар билан тўғридан-тўғри гаплашган. Масалан, Мусо, Ишаё, Дониёр пайғамбарлар шулар жумласидандир. Масалан, Худованд Мусога дунёни қандай яратганлиги ҳақида очиқлик берди. Агар Худованд бу ҳақида Мусога очиб бермаганида Мусо, балки, яратилиш ҳақида умуман билмас эди.

Иккинчи турдаги очиқлик олганлар бу — ҳаворийлардир. Худованд Янги Аҳд даврида Павлус, Бутрус, Матто каби ҳаворийларга кўп очиқликлар берди. Худованд Павлусга имон билан оқланиш ҳақидаги ҳақиқатни очиб беради. Акс ҳолда Павлус имон билан оқланиш ҳақида билмаган бўлар эди.

Биз, инсонлар, нима учун Худованд Ўз ҳақиқатларини айнан шу икки турдаги инсонларга очиб берганлигини билмаймиз. Лекин шуни аниқ биламизки, Худованд уларга шу ҳақиқатларни очиб берди. Масалан, Римликларга мактуби 1 боб 17 ва 18 оятлар, 1 Коринфияликларга мактубининг 15 боби 3 ояти ва Галатияликларга мактубининг 1 боби 11 ва 12 оятларида шулар ҳақида ўқиб кўришингиз мумкин.

Худованд шу юқорида номларини зикр этган инсонларга керакли ҳақиқатларни очиб бермаганида, биз нафақат улар ҳақида, балки уларга очиб берилган муҳим ҳақиқатлар ҳақида ҳам билмаган бўлардик. Шунинг учун ҳам келажак авлодга Худованд ҳақида ва Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида кўп айтиб беришимиз керак бўлади. Келажак авлод эса ўз фаразандларимиздир. Худованд биз юқорида номларини тилга олган инсонларга ҳақиқатларни очиб берди.

Шу билан бирга уларни бошқарди ва шу ҳақиқатларни ёзиб олишлари учун уларни руҳлантирди. Чунки одамларгача бу ҳақиқатлар фақат оғзаки эмас, балки ёзма равишда ҳам етиб келиши керак эди, токи келажакдаги инсонлар шу ҳақиқатларга ишонсин ва амал қилсинлар. Азизлар, барча одамзод Худованднинг ҳақиқатларига амал қиляптими? Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top