2:55

Ваъз 154

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сизлар учун тайёрлаган эшиттиришларимиздан бири. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Азизлар, бугунги эшиттиришимиз орқали биз Худованднинг каломидан сизлар билан бўлишмоқчимиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, келинг, бугун сизлар билан мўъжизалар ҳақида суҳбат олиб борсак.

Мўъжиза нима ўзи? Ушбу саволимизга шундай жавоб бериш мумкин. Инсон нимани мўъжиза деб ҳисоблайди — ҳаммаси шунга боғлиқ. Худованд томонидан бажариладиган кўп нарсаларни биз мўъжиза деб қабул қилишга ўрганганмиз. Мўъжиза деган сўзни айниқса масиҳийлар жуда кўп ишлатишга ўрганиб қолишгани сир эмас.

Аслида мўъжиза деб қуёшнинг ботиб, эртаси куни яна кўтарилишини ёки чақалоқнинг йўқ жойдан туғилишини айтишимиз мумкин. Шу келтирган икки мисолимизда ҳам биз Худованднинг ажойиб ишларини кўришимиз мумкин. Тўғрисини айтамиз, бу ҳам аслида мўъжиза эмас. Буларнинг барчасини инсонлар оддий ҳол деб тушунади.

Агар боланинг онаси ҳали турмушга чиқмаган қиз бола бўлганида эди ва у фарзанд кўрганида эди, буни мўъжиза деб айтишимиз мумкин бўларди. Эсингизда бўлса, Раббимизнинг онаси Марям ҳали Юсуфга турмушга чиқмай туриб, Раббимиз Исо Масиҳни дунёга келтирди. Бу ҳақиқий мўъжиза деб айтилади. Албатта атрофдагилар ҳаммаси ҳайрон бўлишган эди.

Ҳатто Юсуфнинг ўзи ҳам иккиланиб қолган эди. Лекин ҳеч ким Худованд шундай мўъжизани қила олади деб ўйламаган эди. Албатта инсонларнинг дунёга келишини Худованд режалаштирган эди ва шу ўрнатилган тартиб ҳозирги кунга қадар давом этиб келмоқда.

Раббимиз Исо Масиҳ кўплаб мўъжизаларни қилганлигини биз Муқаддас Китобдан ўқишимиз мумкин. Унинг ҳатто ўликларни тирилтиргани ҳам барчамизга маълум. Албатта Худованд ҳозир ҳам турли жойларда турли мўъжизаларни амалга оширяпти. Лекин кимдир ўз кучи билан ҳам мўъжиза яратишга ҳаракат қиляпти.

Кимдир касалларни даволамоқчи бўлади, яна кимдир эса ўликларни ҳам тирилтира оламан деб, кўплаб инсонларни алдаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Азизлар, ҳар қандай ишни қилишдан олдин Худованд томонидан сизга берилганига амин бўлинг. Шундагина Худованд сиз орқали ҳам кўплаб мўъжизалар қила олади. Муқаддас Китобда касаллар учун ибодат қилиш кераклиги ва улар шифо топиши ҳақида ёзилган.

Лекин менимча, бу гапларни жамоат оқсоқолларига айтганини яхши тушунишимиз керак. Чунки кўп маротаба эшитганмиз: мен учун фалончи ибодат қилди, лекин шифо топмадим деб. Аслида шифо топиш беморнинг ўзига ҳам боғлиқ. Лекин сизга қандай иъном берилган бўлса, Худованд учун шу иъном орқали хизмат қилсак, янада яхшироқ бўлар эди. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top