2:53

Ваъз 155

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сизлар учун тайёрлаган эшиттиришларимиздан бири. Мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман. Азизлар, бугунги эшиттиришимиз орқали биз Худованднинг каломидан сизлар билан бўлишмоқчимиз.

Масиҳийлар ҳам Раббимиз Исо Масиҳ билан бирга ҳақоратланишди. Чунки биз Масиҳга ишонувчи кишилар ҳам Унинг ўлими орқали чўмдирилганмиз. Ҳаворий Павлус 2 Тимўтийга мактубининг 2 боби 11 ва 12 оятларида шундай деб айтади: “Бу сўз барқарордир: Агар У билан бирга ўлган бўлсак, У билан бирга ҳам яшаймиз.

Агар сабр-тоқат қилсак, У билан бирга давр сурамиз. Агар биз Уни инкор этсак, У ҳам бизни инкор этади”. Ҳаворий Павлус ўзининг азоблари жамоатнинг фойдаси учун бўлганлиги билан хурсанд бўлади. Жамоат эса Раббимиз Исо Масиҳга ўхшаш бўлиш учун ҳаракат қилади.

Ўша жамоат Масиҳнинг азобли хоч йўлини босиб ўтишга чақирилган эди. Бизга қанчалик маълумки, жамоат Масиҳнинг танаси деб эътироф этилган. Бу албатта ердаги эътироф этишдир. Масиҳ Ўзини жамоат билан шунчалик боғлайдики, ҳатто Павлусга Дамашқ йўлида биринчи маротаба мурожаат этганида шундай деб айтган эди:

“Павлус, Павлус! Нима учун сен Мени қувғин қиляпсан?” Павлус Исо Масиҳнинг изидан юрмаётган эди. Чунки Павлус Масиҳга ишонувчи кишиларни қувғин қилаётган эди. Худованд шундай қудратли-ки, кимда-ким Раббимизнинг танасини, яъни жамоатни қувғин қилса, уни ўзини қувғин қилаолади. Чунки жамоат Масиҳнинки.

Ҳамма эса ўз мулкини бор кучи билан ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Масиҳ ҳар бир жамоатни Ўзининг муқаддас қони эвазига сотиб олгандир. Шунинг учун ҳам юқорида барчамиз Масиҳнинг азобларига шерикмиз деб айтган эдик. Масиҳнинг азобларига жамоатлар ҳам шерикдир. Ҳозирги кунда ҳам кўплаб жамоатлар ўзига яраша азоб чекмоқда.

Лекин юқорида келтириб ўтган оятимиз эсингиздами? Энг муҳими, Уни исмини инкор этмайлик. Шунда У ҳам бизни инкор этмайди. Биз ҳар биримиз Масиҳнинг издошларимиз, биз Унинг ортидан Голгофа чўққисигача боришга тайёр бўлишимиз керак. Биз унинг ортидан суд залигача бирга боришга тайёр бўлишимиз керак.

Ҳатто Худованд учун азоб чекишга ва ўлимга боришгача тайёр бўлишимиз керак. Исо Масиҳ бор экан, биз чекаётган азоб-уқубатлар қачонлардир якун топади. Шунда ҳар ким ўзига яраша мукофотга сазовор бўлади. Худованд Ўзининг ягона ворисини ер юзига юбориб, шунча азоб чекишига йўл қўйди. Бунинг эвазига эса бутун дунёни ўлимдан қутқариб қолди. Азизлар, барчангизга сабр-тоқат тилаган ҳолда бугунги эшиттиришимизга якун ясамоқчимиз. Яна радио тўлқинларида кўришгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top