Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз азиз мухлисларимиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Ҳурматли радио тингловчилар, Раббимиз Исо Масиҳ нима учун қон тўкканлигини ҳар биримиз яхши билсак керак.
Энг аввало, Худованд олдида биз инсонлар оқланишимиз учун ва гуноҳларимиз кечирилиши учун Раббимиз Ўзининг муқаддас қонини тўкди. Албатта, биз инсонлар кўп маротаба гуноҳ қиламиз.
Лекин Худованд: майли шу сафар ҳам уни кечирворай демайди. Бунинг ҳам маълум чегараси мавжуд. У инсонларга кечирим беришининг биринчи сабабларидан бири — Раббимизнинг тўккан қонини Худованд доимо кўриб туради. Шунинг учун ҳам У инсонларга кечирим беришни жуда-жуда истайди.
Ушбу кечиримни олиш учун эса биз инсонлар ҳам маълум қадамларни ташлашимиз керак. Худованд Раббимизнинг тўккан қонини кўриб, биз инсонларга кечирим берар экан, демак, биринчи галда Раббимизнинг қони Худо учун тўкилган деб айтишимиз мумкин экан.
Масиҳнинг тўккан қонининг қадр-қимматини билмоқчи бўлсак, ушбу қон Худованднинг кўз ўнгида қандай аҳамиятга эга эканлигини кўра билишимиз зарур. Агар биз инсонлар ушбу қоннинг Худо олдида қандай қадр-қимматга эгалигини билмасак, бизлар учун ҳам бу муқаддас қон аҳамиятсиз бўлиб қолаверади.
Биз кўп марта ибодатхоналарда айтиладиган воизликлар орқали эшитганмиз. Масиҳ биз учун Ўз қонини тўкди деган гапларни. Балки шунинг учун бўлса керак, ҳозирги кунда кўпчилик биродарларимиз учун ушбу муқаддас қон оддий бўлиб кўринади. Аслида эса ундай эмас.
Ушбу тўкилган қон ҳар бир инсон учун қадр-қимматга эгадир. Азиз биродар, шунингдек сиз учун ҳам ушбу қон катта аҳамиятга эгадир. Азиз биродар, агар сиз танлаган масиҳий ҳаётда униб ўсишни ва доимо олдинга қараб интилишни истасангиз, Раббимиз Исо Масиҳнинг тўккан қонининг қанчалик таъсирли эканини яхши билиб олишимиз керак.
Раббимизнинг хочда азоб чекиб ўлганлиги қанчалик факт бўлса, Унинг муқаддас қони гуноҳларимизни ювиши ҳам шунчалик аниқдир. Аввалом бор, гуноҳ қилмасликка ҳаракат қилиш лозим. Инсонинг ичидаги Муқаддас Руҳ доимо нима қилиш кераклиги тўғрисида инсонларга гапириб туради.
Шу овозга қулоқ тутсак, албатта гуноҳсиз ҳаёт кечиришга одатланамиз. Гуноҳ қилиб Худодан кечирим сўрамаслик эса инсонни Худодан узоқлаштиради. Бунинг оқибати эса янада ачинарли бўлиши мумкин. Римликларга мактубида айтилганидек, “гуноҳнинг эвази ўлимдир”. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз поёнига етиб бормоқда. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинг.