3:02

Худонинг сўзи 02

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз тингловчилар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Бугун мен Ғолиббек микрофон қаршисидаман.

Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, тарихда масиҳий биродарларимизнинг чеккан азоблари ҳақида кўп бора воизликлар эшитганмиз. Бундан ташқари, кўплаб китобларда ҳам ўқиганмиз. Агар биз ўзимиз ҳам Масиҳ учун азоб чекишни хоҳламасак, барча эшитган воизликларимиз, орадан вақт ўтиб, ёдимиздан чиқиб кетиши мумкин.

Ҳар бир масиҳий киши ҳаётида учраши мумкин бўлган қийинчиликларга ва азобларга тайёр бўлмоғи керак. Эски Аҳд китобида ҳам, ҳатто Янги Аҳд китобида ҳам муқаддас масиҳий биродарларимизнинг чеккан азоблари ҳақида кўплаб гапирилади. Матто китобининг 10 боби 34 оятида ёзилган шундай оят бор: “Мени ер юзига тинчлик келтириш учун келган, деб ўйламанглар.

Мен тинчлик эмас, балки қилич келтиргани келганман”. Ҳозирги кунда кўпчилик биродарларимиз ана шу Раббимиз келтирган қилични ўз танасига қабул қила олмайди. Сабаби эса — оддий ҳаётимиздаги учраб туриши мумкин бўлган муаммоларга олдиндан тайёр бўлмасликдир.

Раббимиз биз, гуноҳкор инсонлар, учун азоб чекишга Ўз хоҳиши билан борди. Уни хочга михлаб қўйганда эса Худованд Уни вақтинчалик ташлаб қўйди. Раббимиз шу пайтда, яъни азоб чеккан пайтида ёлғиз Ўзи қолган эди. Азиз биродар, доимо ёдингизда тутинг, Раббимиз дунёнинг бошидан то охиригача биз билан бирга бўлишга ваъда берган.

Шундай экан, У доимо бизнинг хурсандчилик пайтларимизда ҳам, муаммолар вақтида ҳам бирга бўлади. Истаган пайтимизда ўз юрагимиздаги гапларимизни Раббимиз билан бўлишишимиз мумкин. Бунда Худованд фақатгина хурсанд бўлади, холос.

Агарда Хушхабар китобида Раббимиз чеккан азоблари ва елкасида Голгофа тепалигигача кўтариб борган хоч ҳақида ёзилмаганида эди, бундай Хушхабарга ишона олмасдик. Худованд эса барчасини Ўзи хоҳлагандек амалга оширди. Ҳурматли биродарлар, Худованд вақти келганда, ҳар бир фарзанди учун турли синовлар бериши мумкин.

Лекин Бутрус китобида ёзилганидек, барча синовлар вақтинчаликдир. Кимда ким шу синовлардан ўта олса, Худованд янада марҳаматлайди. Ҳурматли биродарлар, ўз жамоатларингиз ва биродарлар орасида содир бўлиб турган айрим қийинчиликлар ҳақида бизларга ёзиб юборасиз деган умиддамиз. Биргаликда қилинган ибодат янада катта кучга эгадир. Бизнинг электрон манзилимизни яна бир бор сиз, азизларга, эслатиб ўтмоқчимиз: dilkash@najot.com Мактубларингизни кутамиз. Хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top