MP3

Ассалому алайкум. Бугун сизлар билан худди ўзимизга ўхшаб кетадиган бир инсон Тимўтий ҳақида гаплашамиз. Тимўтий ҳаворий Павлуснинг шогирди бўлганини биласиз. Тимўтий исми «Худони улуғловчи» деган маънони англатади. У Листра шаҳрида масиҳий оилада туғилган. Маълумотларга кўра унинг отаси юнон онаси иброний бўлган. Листра ҳозирги Туркиянинг ҳудуди ичида бўлган. Ўша пайтда Туркия ерлари бошқа ном билан аталган ва Рим ҳукмдорлиги остида эди. Павел у билан Листрага борганида танишган эди. Агар тахмин қиладиган бўлсак, ўша пайтда у ўсмир йигит бўлган бўлиши мумкин. Унинг отаси нафақат Листрада балки ён қўшни бўлган шаҳар Икониядадаги имонлилар орасида яхши ном қозонган масиҳий эди.

Уларнинг оиласи масиҳий бўлгани учун, табиийки у ёшлигидан Муқаддас Каломни яхши ўрганган ва Исо Масиҳ ҳақида эшитиб, улғайган. У онаси ва бувисидан имонли бўлиш қандайлигини ўрганган. Отаси эса унга энг яхши ўрнак бўлган. Павел уларнинг оиласи билан танишгач, Тимўтийни ўзи билан олиб кетишни истаб қолди. Павел нима учун уни ўзи билан олиб кетишни истаган. Павелнинг қандай одам бўлганини биласиз. У қаттиққўл, қатъиятли, Эски Ахд билимларидан бохабар, билимли ва доно киши бўлган. Фикримча Тимўтийни ўзига шогирд қилиб олишга лойиқ кўрган. Шунинг учун ҳам уни суннат қилдириб, ўзи билан олиб кетди. Тимўтий Павел билан бирга шаҳарма-шаҳар юриб, хушхабар айтган. Бу саёҳатлар, доимо Павлус билан бирга бўлиш, унинг учун ҳам оғир ҳам мароқли бўлган.

Чунки уйидан ҳеч қаерга чиқмаган, Тимўтий учун бирданига шунча жойларни кезиш, қийин бўлгани аниқ. Мароқли томони у Павлусдан кўп нарсани ўрганган. У билан бирга юриб, Худога хизмат қилишни ўрганган, унинг қийинчиликлари ва ҳузурини у билан бирга ҳис қилган. Қисқа қилиб айтганда, Павлус уни ўзи билан олиб юрар экан, кейинчалик алоҳида хизмат қилишга тайёрлаган. У Павлуснинг иккинчи миссионерлик сафарида ҳамроҳлик қилди. Масиҳий оилада улғайган бўлса ҳам, чиндан масиҳий бўлиш қандайлигини Павлус билан бирга юриб билди. У Павлуснинг Исо Масиҳ учун бир неча марта қамалганининг ҳам гувоҳи бўлган. Павлус Салоникани тарк этганидан кейин Тимўтий Салоникада таъқиб қилинаётган масиҳийларга ёрдам бериш учун қайтиб борди. Буни у кимнингдир буйруғи билан эмас, ўз хоҳиши билан қилгани аниқ.

Муқаддас Каломдан у ҳақида ўқир экансиз, унинг оқкўнгил, меҳрибон, бироз қатъиятли, садоқатли бўлганини кўрасиз. У сиз-у бизга ўхшаб тез-тез тушкунликка тушиб турган бўлса керак. У кўпинча ўзига бўлган ишончни йўқотиб қўярди. Шундай пайтларда Павлус унга далда бериб мактублар ёзиб турган. Унинг энди мустақил ишлашига кўзи етган Павлус Тимўтийни Эфесдан Коринфга жамоатдаги масиҳийларга таълим бериш ва йўл-йўриқ кўрсатиш учун юборади. Бу худди устознинг шогирдини мустақил ишлашига рухсат берганидай, ёқимли ва ҳаяжонли бўлган. Тимўтий Павлус билан бирга бўлганида, Павлус уни мустақил хизматга тайёрлаш учун баъзи баъзида бошқа шаҳардаги масиҳийларнинг аҳволидан хабар олиш учун юбориб турган. Кейинчалик эса у Эфесдаги жамоатга раҳнамолик қилди. Павлус уни шогирдим ҳам ўғлим деб атаган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top