3:21

Қиз тарбияси ҳақида

MP3

Ассалому алайкум ота-оналар. Қиз ўстириш мураккаб жараён эканни ҳамма яхши билади. Бир қизни вояга етказиб, оқ ювиб-оқ тараб эгасига топширгунча ота-онанинг сочига оқ оралайди. Камолга етган қиз мукаммал бадиий асардир. Гўзал асардир. У- бойчечак. У – баҳор. У энди ёмғир ювиб ўтган, оқи оқ, қизили қизил бўлиб яшнаб турган чаманзор! Устидаги кўйлак эмас, бодом гулларини кийиб олган, йўқса, ёнлаб ўтсангиз шунча сархуш қилармиди! Овозида қумриси бор – оҳанги юрагингизни ўғирлайди. Бутун дунёнинг армони шу камолга етган қиз.

Шу фаслда унга чанг юқмасин. Шайтон ораламасин бу гулзорга. Худди шу фаслда унинг ақлини ҳам ўзидан чиройли қилсин, Худойим.

Ота-оналар, айниқса оналар қизларнинг тарбиясида жуда эҳтиёткор ва эътиборли бўлиши лозим.

Қизингиз чиройли бўлганидан эмас, мағрур ва одобли бўлганидан қувонинг. Чунки чиройлиларнинг эмас, мағрур қизларнинг совчиси кўп бўлади. Қизларингизга ёшлигидан муҳаббат ва ёқтиришнинг фарқини тушунтиринг. Бундан асло уялманг, акс ҳолда кейинчалик афсус чекиб қолишдан Худо асрасин. Қиз улғая бориши билан она унга дугонадек бўлиши шарт. Она аёллар организмида қандай ўзгаришлар рўй бериши, ҳиссиётлар, илк муҳаббат ҳақида ўргатиши керак. Илк ёқтиришни ҳақиқий муҳаббат деб ўйламаслик, бундай пайтларда қийин бўлса ҳам, ҳаёлини жамлаб, яхши ўқиб, яхши одам бўлишга интилиши кераклигини уқтириш ва шунга ўргатиши керак. Қиз бола ота-онасини ҳурмат қилишни билиши керак. Вақти келиб ёқтирганига турмушга чиқмоқчи бўлганида ҳам, ота-онасининг розилигини олиши керак.

Энг аввало қиз болани ақлли ва меҳрибон қилиб ўстирмоқ лозим.

Қиз бола вояга етгач эмас, ёшлигидан турмуш қийинчиликларига тайёрлаб бориш зарур. Аниқроғи, қиз болани ёшлигидан сабр-тоқатли, қаноатли, садоқатли, бир сўзли, ширинсуҳан қилиб тарбиялаш лозим. Чунки бу сифатлар келажакда турмуш қийинчиликлари олдида асқотиши аниқ. Қиз бола вояга етиб, турмушга чиқадиган ёшга етганда эса, йигитларнинг чиройига қараб эмас, сифатига қараб танлашни ўргатиш лозим. Ҳар қандай йигит ҳам турмуш ўртоқ бўлишга ярайвермайди.

Яна бир нарса. Қиз бола аёл киши бажариши мумкин бўлган ҳамма ишларни уддалай билиши шарт. Яхши эслайман, ёшлигимда онам бизнинг йиртилган пайпоқларимизни ямаб ўтирарди. Унинг ишини кузатар эканман, қанчалик пухта ва чиройли қилаётганига ҳайрон бўлардим.

Энди эсласам, ўшанда моддий аҳволимиз ёмон бўлмаган. Онам йиртилган пайпоқларни ташлаб юборса ҳам бўларди. Лекин у отамнинг топганларини қадрлаганини энди тушунаман. Шундай экан қиз болани ҳар қандай ишни қила оладиган қилиб тарбиялаш биз ота-оналарнинг бурчи.

Муҳими бу ҳам эмас. Муҳими қиз бола ўғил бола каби оилада чексиз муҳаббат олиб ўссин. Ота-онанинг муҳаббати қиз болани яшнатади. У ўзига ишонадиган, ўз фикрига эга бўлган, ота-онасига меҳрибон ва яхши хулқли қиз бўлиб вояга етади.

Қиз бола уй тутишни онасидан ўрганади. Шунинг учун ҳам оналар биринчи навбатда ўрнак бўлишлари керак. Нима қилсалар ҳам қизлари шуни қайтаришини ёддан чиқармаслик лозим. Чунки халқимизда: «Онасига қараб – қизини ол», деган нақл бор.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top