3:12

Ҳаётимдаги нур

MP3

Бу воқеа яқин кунларда ўз замонамизда яшаётган йигитнинг ҳикояси. Бугунги кунда кишилар борган сари Худога ишончини йўқотган. Ҳамма ўз ишлари, ташвишлари билан, муаммолари билан овора, ҳеч ким бировнинг маслаҳатига зор эмас. Ҳамма ўз билганича иш тутади. Айниқса ёшлар. Шундай ёшлардан бири ўзи ҳақида шундай дейди: «Менинг ота-онам Худога эмас, бутга ишонишади. Мен ҳам бутга ишонадиган оилада ўсиб улғайдим. Ëшлигимдан маза қилиб яшаш қандай бўлишини билмаганман. Оиламиз қўл учида кун кўрарди. Бошқа тенгдошларим каби, янги кийимлар, турли хил кўнгил очар ўйинлар нималигини билмасдим. Ўн ёшимдан бошлаб, сартарошхонада ёрдамчи бўлиб ишлай бошладим. Отамнинг топгани етмасди, ойим оддий уй бекаси эди. Қўлидан бундан бошқа иш келмасди.

Дарсдан кейин сартарошхонага бориб, кечгача ишлаб, тинмай меҳнат қилардим. Мактабдошларим эса, ташвиш нималигини билишмасди. Бу нарса менинг ғазабимни келтирарди. Нега мен шундай яшашим керак. Бу ҳаётда роҳат кўраманми йўқми. Ëш бошим билан отамга рўзғор тебратишга ёрдамлашсам, шунда ҳам ўзим истагандай, ўйнаб кулолмайман. Бу нарса менга алам қиларди. Бошқа яхши яшайдиган тенгдошларимга нисбатан юрагимда хасад кучаярди. Доимо ичимда кураш кетарди. Ëш бола эканман бу қийинчликлардан ўзимни чалғитиш учун бўш пайтларимда хонамга кириб олиб, дарсларимни қилардим. Қилиб бўлган бўлсам ҳам ичимдаги курашларни эсимдан чиқариш учун яна ва яна китобга шўнғирдим. Улар бойликлари ва яхши ҳаётлари билан синфнинг олди бўлсалар, мен билимим билан синфнинг олди бўламан, деган фикр мени тинмай ўқишга ундарди.

Чиндан ҳам мен билим борасида синфнинг олди ўқувчиларидан эдим. Ҳамма ўқитувчиларимиз мени бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатганларида, бир қадар ичимдаги курашларни ва бошқаларга бўлган нафратимни унутгандай бўлардим. Ўша кунлари уйга учиб келгандек бўлардим ўзиям. Аммо бу ўқишим билан ота-онамнинг иши йўқ эди. Мендан ташқари яна иккита кичик укам бор эди. Бахтга қарши ота-онам мен ҳали 16 га тўлмасимдан ўлиб кетишди. Укаларимни ҳам ўзим боқишимга тўғри келарди. Ëш бошимга тушган қийинчиликларни кўтара олмай, барларга бориб ичадиган одат чиқардим. Бир куни барда истаралик бир йигит билан танишиб қолдим. У мени уйимга кузатиб қўйди. Унга мастликда ҳаётимдаги қийинчиликларни сўзлаб бердим. У ҳар куни мен билан суҳбатлашиш учун ёнимга келиб турди.

Истасам ўзи ишлайдиган заводга тунги иш кунига жойлашишимга ёрдам беришини айтди. Биз у билан қалин бўлиб қолдик. У менга Ҳақиқий ва Бархаёт Худо ҳақида сўзларди. Исо Масиҳ ва унинг ҳаётим учун қилган қурбонлиги ҳақида жўшиб сўзлардики, унинг сўзларини бўлолмасдим. Бу сўзлар қийналган, эзилган қалбим учун шифодек ҳуш ёқарди. Мен ҳам Худога астойдил ишонишга қарор қилдим. Тунлари ишлаб, укаларимни боқиб, кундузлари институтга кириш учун қаттиқ тайёрландим. Кириш имтиҳонларини топширдим. Имтихон жавобини кўриш учун борганимда эса исм фамилиям тўғрисида «Стипендиат» деган ёзувни кўриб, хурсандлигимдан бошим осмонга етди. Ростдан ҳам Худо менга нима кераклигини билади. У мен ҳаёлимга сиғдира олмайдиган шодликни берди менга.»

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top