3:23

Худони тан олиш

MP3

Ассалому алайкум қадрдон биродарлар. Сизлар билан дийдорлашиш нақадар ёқимли. Биродарлар ҳақида сўз борар экан Муқаддас Каломдан бир оят ёдимга тушади: «Биродарларнинг иноқ бўлиб яшаши, мана қандай яхши ва қандай соз! Бошга суртилган хушбўй ёғ кабидир бу, Ҳа, Хоруннинг соқолигача оқиб тушган, тўни ёқасигача оқиб тушган мойдекдир.» Гарчи эфир орқали бўлса ҳам сизлар билан дийдорлашиш хушбўй мой каби ёқимлидир.

Бугун сизларга бизни ҳаяжонлантирган бир гувоҳлик ҳақида айтиб бермоқчимиз. Латофат. У ёшлигидан жуда босиқ, ювош ва меҳнаткаш бўлиб ўсди. У 12 ёшлигида холаси унга Муқаддас Калом ва Исо Масиҳ ҳақида айтиб берган эди. Ўшандан буён у Исо Масиҳга ишонар, гарчи, йиғилишларга боролмаса ҳам бир-иккида борган пайтдаги эшитганлари унинг қулоқлари остида жарангларди.

У турмушга чиқди. Уч-тўртта болали бўлди. Турмуш ўртоғи жуда яхши одам эди-ю, бироқ Худога ишонмасди. У яхши ойлик тўланадиган ишга ўтгач, ишхонадагилари билан тез-тез ичадиган бўлиб қолди. Баъзи пайтлари ҳар куни ичиб келарди. Латофат бунинг қанчалик ёмонлигини эрига уқтира олмади. Ўзларига яқин бўлган жойдаги жамоатга ҳам боролмади. Бир куни нотаниш кишилар келиб, эрини касалхонага олиб кетишганини маълум қилишди. Ишдан қайтаётиб трамвай уриб кетибди. Маст экан. Бу хабарни эшитиб Латофатнинг юраги уришдан тўхтаб қолай деди. Гарчи жамоатга ўзи ҳам эрини ҳам олиб боролмаган бўлса ҳам доимо, Худодан «Марҳаматинг доимо бизнинг устимизда бўлсин», деб ибодат қиларди. Шошиб касалхонага борди. Доктор яшашдан умид йўқ, жуда ёмон жароҳатланган, ички аъзолари қаттиқ лат еган, деди.

Эрини реанимация хонасидан топди. Унинг ҳамма жойи ўраб ташланган, биргина оғзи ва кўзлари очиқ эди ҳолос. Хушида эмас эди. Уч кун эрининг хушига келишини кутиб, ибодат қилиб турди. Болаларини синглисига ташлади. Худо уни шундай ташлаб қўйиши мумкин эмас. Тўрт боласи билан ёлғиз қолиши мумин эмас! У тинмай Худога илтижо қиларди. Учинчи куни эри кўзларини очди. Латофат эрига Худонинг марҳамати бизнинг устимизда, у бизни ташлаб қўймайди, сиз ўлмайсиз, деди. Худонинг марҳамати билан эри аста-секин тузала бошлади. Мутлақо соғайиб кетгач, бир куни эри Латофатга: «Биласанми, ўшанда беҳуш ётганимда, ўлим ёқасида турганимда Худонинг борлигини ҳис қилдим. Унинг қудратини, марҳаматини, муҳаббатини ҳис қилдим. Менимча мени мана шу марҳамат ва муҳаббат омон сақлади.»

Бу сўзлар Латофатни қалбини титратди. Унинг кўзларидан севинч ёшлари тўкилди. Энди эри ҳам Худога ишонади. Энди у Латофатнинг жамоатга боришига қаршилик қилмайди.

Бу бахтсиз ҳодиса туфайли Латофатнинг эри соғлиғидан ажраган бўлса ҳам Худо унинг имконига яраша иш топиб берди. У яна тўрт болани боқа оладиган бўлди. Бу бахтсиз ходисадан сўнг Латофатнинг эри анча яшади. Болаларининг улғайганини кўрди. Иккиси биргаликда Муқаддас Калом ўқийдиган, бирга жамоат йиғинларига борадиган бўлди. Бу йиллар давомида Латофат ҳам эри ҳам имонда анча улғайишди. Ўлими олдидан Латофатнинг эри унга: «Мен аввалроқ имонга келмаганимдан афсудаман. Шундай бўлганида ичмасдим. Ўша бахтсиз ходиса ҳам бўлмасди. Ва сен билан узоқроқ бирга бўлардим. Бироқ ҳозир ҳам Худога шукр қиламан.» деди. Бу унинг охирги сўзлари эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top