MP3

Ассалому алайкум. Биз суҳбатларимиз давомида Муқаддас Каломдан жой олган художўй, буюк шахслар билан бирга энг ярамас ва қабиҳликлар қилган шахслар ҳақида ҳам суҳбатлар олиб борамиз. Бир яхшини кўриб сабоқ ол бир ёмонни деганларидек, Муқаддас Каломда ўрнак олишимиз учун ёмон кишилар ҳақида ҳам ёзилган. Шулардан бири Исроил шоҳи Ахабдир. Ахаб эрамиздан аввалги 875 йилдан 854 йилгача Исроил давлатида ҳукмдорлик қилган. У Самарияда туриб, йигирма икки йил давомида Исроилни бошқарди. У жуда қабиҳ шоҳлардан бири бўлган. Унинг бу қабиҳликлари Худонинг халқига жуда ёмон ўрнак бўлди.

Келинг Ахаб ҳақида тўлиқ маълумот беришдан олдин, унинг отаси Омри ҳақида ҳам бироз айтиб ўтсак. Омри Самария шаҳрининг асосчиси дейиш мумкин. Шунга қарамай, у ҳам кўп қабиҳликлар қилган. У халқни бутпарастликка бошлади. Бу ишлари Эгамиз Худони ғазаблантирди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, шундай отадан фарзанд нимани ўрганиши мумкин, албатта бутпарастлик ва қабиҳликни-да. Уларнинг бу ишларидан фарзандларимиз олдида эҳтиёт бўлишимиз кераклигини, улар келажакда яхши одамлар бўлишларини истасак, ўзимиз ҳам фарзандларимизга ўрнак бўлишимиз кераклигини англаймиз.

Сиз бироз мавзудан четга чиқиб кетдингиз. Асосий мавзумиз бу Ахаб. Муқаддас Каломдан Ахабнинг қабиҳ инсонлигига қарамай, ожиз ва нотавон эканини ҳам билишимиз мумкин. Арзимаган нарса унинг таъбини хира қилиши мумкин эди. Масалан, у бирор нарсага эришмаса, тушкунликка тушиб қоларди. Навўт деган кишининг узумзорини олишни исган Ахаб истаганига эришолмади. Натижада уйига бориб, тушкунликка тушди. Изабел эса, ҳукмронликни ўз қўлига олиб, Навўтни ўлдиртирди. Бундан унинг осонгина аёлининг измига тушиб кетадиган эркак эканини билишимиз мумкин.

Бу билан унинг сифатлари тугагани йўқ. У қўрқоқ ҳам эди. Орам шоҳи Бенҳадад Самарияни қамал қилиб, Аҳабга чопар орқали шундай мазмунда хабар юборди: «Сенинг олтин-кумушларинг, энг сара хотинларинг, ўғилларинг меники бўлади». Нима деб ўйлайсиз, Ахаб қандай жавоб берди? У Бенҳададга: «Сиз айтгандай бўла қолсин, шоҳ ҳазратлари», — деб жавоб берди. Бундай қўрқоқ, оиласини ҳимоя қила олмайдиган одам қандай қилиб Исроилга шоҳ бўлди?

Унинг шундай қабиҳ, қўрқоқ эканига қарамай, Худо Исроил халқининг Орамга асир бўлишини истамади. Шунинг учун ҳам бир пайғамбар орқали шундай деди: «Эй, Ахаб, анави катта қўшинни кўряпсанми? Бугун ўшаларни сенинг қўлингга бераман. Ана ўшанда Мен Эгангиз эканлигимни биласан». У Худо айтганидай қилди.

Бизнинг орамизда ҳам бугун Ахабга ўхшаганлар топилади. Қийин дамларда Худога юз буриб, ҳаёти яна ўз измига тушиб кетгач, Ундан юз ўгиришади. Фақат қийналганларидагина Худони ёдга олишади. Бошқа пайтларда худди Ахабга ўхшаб, бутларга сиғинишдан қолмайди. Ўйлаб кўринг-чи, сизнинг ҳаётингизда ҳам бутлар бормикан? Бу ҳар қандай нарса бўлиши мумкин. Телевизор, кино, газета, ишингиз ва ҳокозо. Худодан сизни четлаштирадиган нарса борки, у бут бўлиши мумкин. Улардан

Эҳтиёт бўлинг!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top