3:12

Худо ростдан ҳам бизга ғамхўрлик қилади

MP3

Саломатмисиз азилар. Ҳар бир имонли ҳаёти давомида бир неча бор руҳан тушиб кўтарилади. Сизда ҳам шундай бўлгандир, ёки бўлаётгандир?! Худодан хафа бўлган пайтларингиз бўлганми? Менда бўлган. Мен бир неча ойлар олдин, ибодатларимга жавоб олмаётганим учун Худодан хафа бўлдим. Қаттиқ хафа бўлдим. У билан гаплашишни истамадим, калом ўқишни истамадим. Бироқ Худога ишонмасам, кимга ишонаман, барибир юрагимда Худодан бошқасини демасдим. Ундан бошқа кимим бор ахир. Муҳтожликларда, қийналганимда, бирор бир муаммога дуч келганимда, қалбимга озор етказишганида ҳар сафар унга мурожат қилардим. Бироқ барибир қалбимдаги оғриқ ва хафачилик кетмади. Бир куни Худога қалбимни очдим.

У ҳақида нима ўйлаётган бўлсам, нималарни ҳис қилаётган бўлсам ҳаммасини тўкиб солдим. Ҳатто ўшанда ҳам хафачилигим кетмаган, баттар хафа бўлиб, кўзларимдан ёш қуйиларди. Худо менга адолатсизлик қилаётгандек эди. Аммо шу ибодатдан кейин юрагимни ёқимли бир тинчлик эгаллади. Худди Худо мени тинчлантиргандек. Менга тасалли бергандек эди. Мен бу ибодатдан кейин яна аввалгидек юравердим, бироқ энди қалбимдаги ҳафалик камайганди. Кейин эса бир танишимдан Худонинг ибодатларимизга бефарқ қолмаслигини, бироқ ўз вақтида ва ўзи истаганидек йўл билан жавоб беришини эшитдим. Худодан нимани сўраганимни айтолмайман-у, аммо 13 йилдан буён сўраётганимни биламан. Бу кам муддат эмас.

Уч тўрт ҳафта ўтиб, бутунлай нотаниш бир аёлдан, Худонинг ибодатларимизга биз кутгандай эмас, бошқача йўл билан жавоб беришини эшитдим. Бу ҳам мен учун бир эслатмадек бўлди. Худди Худо менга: «Кут, Мен ўзим истагандек, ажойиб тарзда ибодатингга жавоб бераман», — деяётгандек эди. Бошқа бир куни эса Худога: «Агар чиндан ҳам менга ғамхўрлик қилсанг, буни ҳаётимда кўрсат», — дедим. Ўша куни тонгданоқ, унинг ғамхўрлигини ҳис қилдим ва кўрдим. У Яратувчимиз — бизнинг инсоний ожизликларимизни, хатоларимизни билади. Биз ундан юз ўгирганимиза ҳам У бизни ташлаб кетмайди. Биз ундан хафа бўлсак ҳам У бизга содиқ қолади. Уни хафа қилсак ҳам ўз марҳаматини биздан дариғ тутмайди. Унга бир қадам яқинлашсак, у бизга югуриб келади.

Бу ҳисларни ҳаётингизда туйишни истайсизми? Унга қалбингизни очинг. У сизни Муқаддас Руҳига тўлдиради. Худонинг хоҳишига кўра бир нима тиласак у бажо келтиради.

Каломда шундай ёзилган: Бу айнан мен сизларга айтишни истаган оят. «Биз Худо ҳузурига дадиллик билан кирамиз, чунки биламизки, Худонинг иродасига кўра бир нима тиласак, У бизга қулоқ солади. Агар Худо тилакларимизни тинглаётганини билсак, тилакларимиз бажо бўлганини ҳам биламиз» (1Юҳ 5:14). Мен Худо ибодатимга албатта жавоб беришига ишонч ҳосил қилдим. Мен кутган ва мен истаган вақтда бўлмаса-да Ўзи истаган вақтда жавоб беради. Чунки мен Унинг иродасига кўра илтимос қилаяпман. Сиз ҳам жавоб олмаётган бўлсангиз, асло тушкунликка тушманг, Худо ўз вақтида ажойиб тарзда жавоб беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top