3:30

Соғлиқ учун сабзавотлар 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Соғлиқ бўлса бас, бошқа ҳамма нарса ўз-ўзидан бўлаверади, деган гапни кундалик ҳаётимизда тез-тез эшитамиз. Кайфиятнинг яхшилиги, режалаштирилган ишларнинг амалга ошиши, мақсадлар томон актив тарзда интилиш – барчаси жуда катта маънода жисмоний ва руҳий саломатлигимизга боғлиқлиги рост. Саломатлигимизнинг давомийлиги эса асосан ўз қўлимизда! Аслини олганда, ўзбек дастурхони турли хил соғлик учун фойдали бўлган неъматларга тўла. Аммо биз эътибордан четда қолдирадиган баъзи табиат инъомлари ҳам борки, уларни мунтазам равишда истеъмол қилиш қанчалик фойдали эканлигини қуйида биз билан ўрганасиз. Шолғом. Болаликда кўпчилигимиз таъмини ёқтирмаган бўлсак ҳам, меёрига етказиб пиширилган шолғом таомимизга ўзгача маза қўша олади. Айниқса, сузма лағмон шолғомсиз бўлар эканми!? Турли витаминларга, темир моддаси, ёд, фосфор, рух, марганетс ва калций каби минералларга бой бўлган бу сабзавот организмдаги қонни тозалашга, жигар ва ошқозон фаолиятини яхшилашга ёрдам беради. Юрак уришини нормаллаштириб, астма ва бронхиал касалликларни даволашда катта рол ўйнайди. Қизиғи шундаки, шолғом танадан чиқадиган турли хил нохуш ҳидларни ҳам бартараф этади.

Маълумот: Жигар ёки буйрак касалликларида шолғомни хомлигича ейиш, ёки уни жуда кўп миқдорда истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Марказий нерв системаси муаммолари билан қийналадиганлар учун ҳам шолғомли овқатлар тавсия этилмайди; ёш болаларга 2 ёшга тўлишдан аввал едирилмаслиги зарур.

Булғор қалампири. Витамин Ц га жудаям бой бўлган бу ранг-баранг сабзавот организмдаги иммунитетни ошириб, тери, милк ва кўзлар соғломлигини таъминлайди. Қондаги қанд миқдорини балансга солади; кексалик билан боғлиқ бўлган касалликлар, астма, юрак ва саратон касалликларига қарши курашади.

Булғор қалампирини доимий равишда истеъмол қилиб турган бўлсангиз, келажакда кексалик билан боғлиқ касалликларнинг ҳам бирмунчасини кўрдим демаслигингиз аниқ! Айниқса, ҳомиладор аёлларимизга бу сабзавотни тез-тез тановул қилиш кучли тавсия этилади. Ошқовоқли сомсани яхши кўрасизми? Умуман, тез-тез ошқовоқ истеъмол қилиб турасизми? Ундай бўлса, саломатлигим ҳақида яхши қайғурганман деб ҳисоблайверинг. Енгил диета таом бўлишига қарамай, одамни узоқ тўқ тута оладиган бу сабзавот простата раки, ўпка ва кўкрак ракининг олдини оладиган хусусиятга эга. Ошқовоқ юрак касалликлари хавфини камайтиради, организмдаги ҳужайралар мустаҳкамлигини оширади ва қон таркибидаги қанд миқдорини нормаллаштиради. Бундан ташқари, истеъмол қилингач, ошқовоқ таркибидаги триптофан моддаси танада серотонинга айланиб, чарчоқни чиқарадиган ва кайфиятни кўтарадиган хусусиятларга ҳам эга. Энг қизиғи, ошқовоқни севувчилар ҳаётда узоқроқ муддат ёш кўрина оладилар! „Кўпроқ сабзи е – бўйинг ўсади“, деб уқтиришга ҳаракат қилишар эди болалигимизда бизга катталар. Қизиғи шундаки, бу сабзавотимиз фақатгина бўй ўстириш билан чекланиб қолмай, соч, тери ва кўз учун ҳам муҳим бўлган озуқаларга бой ҳисобланади. Бундан ташқари, сабзи таркибидаги витаминлар жиғилдон қайнаши, юрак ва турли хил саратон касалликларининг олдини олишда катта ёрдам беради. Юқоридаги маълумотларнинг сизга озгина бўлсада фойдаси текканидан хурсандмиз. Сиз яна қандай фойдали ўсимликлар ва сабзавотларни маслаҳат берган бўлар эдингиз? Фикрларингизни ёзиб қолдиришни унутманг! Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top