Ассалому алайкум. Бу воқеа Шарқ мамлакатларидан бирида яшайдиган бир қиз ҳақида сўзлайди. У сўзлар экан, кўзларида нур порларди. Келинг унинг гувоҳлигини ўзим сўзлаб бераман.
У ҳам масиҳий оиланинг фарзанди. У ёшлигидан ота-онаси билан бирга жамоатларга борган бўлса ҳам, юрагида бунга қизиқиш йўқ эди. У энди мактабга борадиган бўлганида, ота-онаси иш билан Малайзияга борадиган бўлишди. У мактабни Малайзияда битирди. Бироқ Университетга кириш учун ўз юртига кетиши керак эди.
Юртига боргач, ўзини худди бегонадай ҳис қилди. Университетга ҳам кирди. Бироқ ўзи тенги қизлар билан чиқишиб кетиши қийин бўлди. У ўзини бу ерда бегонадай ҳис қиларди. Ўқишлари яхши бўлса-да, курсдошлари билан мулоқот қилиш қийин эди.
Тенгдошлари билан яхши муносабат ўрната олмагач, қийнала бошлади. Юрагида оғриқ пайдо бўлди. У нима учун бу ерга келди? Асли шу ерлик бўла туриб, нега ўзини бунчалик бегона ҳис қилаяпти? Бирорта дўст топиши ҳам қийин бўлди. Бу уни жуда қийнарди. Бу сиқилишлари ўқишига ҳам таъсир қила бошлади. У ўзининг кимлигини билишни истарди.
Бир куни оиласи ва қариндош уруғлари билан тоғ ён бағрига дам олишга чиқишди. Бир ҳафта ичида нималар қилишни, қаерларни томоша қилишни, қайси тепаликка чиқишни режалаштиришди. Дам олиш унга ёққан бўлса ҳам, юрагидаги оғриқ ва савол ҳали ҳам уни тинч қўймасди. Дам олишнинг учинчи куни кечқурун олов ёқиб, хурсандчилик қилишди. Қиз ҳам уларнинг хурсандчиликларини қалбида оғриқ билан кузатиб турди.
Оловнинг ёнишига қарар экан, олов ичида илоҳий бир Зотнинг тасвирини кўрди. У шундай аниқ кўрдики, кўрганидан шошиб ҳам қолди. У олов ичидан унга жилмайиб, муҳаббат ва самимиятга тўла кўзлари билан қараб турарди. Унинг кўзларига қараб туриб, ўзининг кимлигини ва нима учун яратилганини англади.
Айтишича, улар узоқ вақт бир-бирига тикилиб туришган. Ўшандаёқ у қиз юрагини Унга топширишга қарор қилди. Ота-онаси олдига бориб, ҳақиқий имонли бўлмоқчи эканини билдирди. Ўша кундан бошлаб ҳаёти, характери бутунлай ўзгарди.
Энди курсдошлари билан яхши чиқишадиган, бошқалар билан тез тил топишиб кетадиган қизга айланди. Чунки у ҳаётда ўзлигини топганди. У Худода кимлигини, мақсадини топганди. Аста-секин дўстлари кўпайди. Ўзи тенги ёшлар билан бирга кечаларга, туғилган кунларга борадиган бўлди. Курсдошлари ҳам унинг бунчалик ўзгарганидан ҳам ҳайрон ва ҳам хурсанд эдилар.
Нега унинг бунчалик ўзгарганини биласизми? У ҳаётда ўзининг ўрнини ва кимлигини топганди. Агар ҳар биримиз Худонинг режасига кўра ҳаётда ўрнимизни ва кимлигимини топа олсак, ҳаётимиз яхши томонга ўзгаради.